Иқтисодиёт | 17:10 / 26.05.2022
55448
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда рубл курси сезиларли пасайди

Ўзбекистонда долларнинг расмий курси қаторасига тўртинчи кун пастлади.

Фото: Getty Images

Марказий банк хорижий валюталарнинг ўзбек сўмига нисбатан 27 майда амалда бўладиган қийматини белгилади.

Унга кўра, долларнинг расмий курси 17,76 сўмга пастлаб, 11 045, 25 сўмни ташкил қилди. Евро 23,02 сўмга кўтарилиб, 11 832,78 сўм бўлди.

25 май куни доллар курси кетма-кет учинчи кун пастлаб, 11 063, 01 сўмни ташкил қилганди.

Ўз навбатида рубль 20,82 сўмга тушиб, 176,65 сўм бўлди. Ўзбекистонда рубл курси сўнгги ҳафталар давомида муттасил мустаҳкамланиб келаётганди. Охирги марта жиддий қулаш 9 март куни кузатилган (-19,21), бундан кўпроқ қулаш 1 мартга тўғри келади (-21,46).

Бу пасайиш Россия Марказий банки бир ойдан кўпроқ вақт ичида учинчи марта фоиз ставкасини пасайтириши ортидан рўй берди - 26 май куни асосий ставка 14 фоиздан 11 фоизга туширилди. Регулятор бу қарор инфляцион босим кучсизланиб бораётгани ва аҳоли ва бизнеснинг инфляцион кутилмалари сезиларли пасайгани каби омиллар билан боғлиқ эканини маълум қилган. Шунингдек, рублдаги депозитларга кирим оқими давом этаётгани, лекин кредит фаоллиги ўта пастлиги қайд этилган.

Асосий ставка пасайиши тўғрисидаги қарордан кейин Россияда рубл долларга нисбатан 7,7 фоизгача заифлашди.

Мавзуга оид