26 май куни Тошкентда “Сув таъминоти соҳасида кадрлар сиёсати: муаммо ва ечимлар” мавзусида халқаро матбуот анжумани бўлиб ўтди. “Ўзсувтаъминот” АЖ томонидан ташкил этилган тадбирда жамият раҳбарияти ва мутасаддилари, халқаро молия институтлари вакиллари, маҳаллий олийгоҳлар ректорлари ва ОАВ ходимлари иштирок этди.

Маълум қилинишича, “Ўзсувтаъминот” АЖ ва унинг тизим ташкилотларида жами 22 617 нафар ишчи-ходим меҳнат қилмоқда. Уларнинг касбий малакасини ошириш учун ўқитиш ва қайта тайёрлаш дастурларини амалга ошириш, юқори салоҳиятга эга кадрлар захирасини шакллантириш, кадрлар қўнимсизлигининг олдини олиш чораларини кўриш, меҳнат бозорини ўрганиш ва таҳлил қилиш соҳадаги жиддий муаммолардан бири ҳисобланади.

“Ўзсувтаъминот” АЖ бошқарув раиси ўринбосари Хуршид Раҳматуллаевнинг сўзларига кўра, тизимда кадрлар қўнимсизлиги ва танқислиги кузатиляпти.

“Соҳамиз жуда қадимий бўлса-да, унда ишлайдиган ходимларни сақлаб туриш, янгиларини жалб қилиш муаммо бўлмоқда. Кадрлар қўнимсизлиги, танқислиги кузатиляпти. Бизда фақат 14 фоиз олий маълумотлилар ишлайди. Ишимизнинг ўзига хослигини ҳисобга олсак, бу кўпми, камми? Ёки гендер тенглигига қарайдиган бўлсак, уч йил олдин олдин бизда аёл-қизлар ҳиссаси 16 фоиз эди. Ҳозир бу кўрсаткич 13 фоиз. 9 та институтдан фақат 2 киши бизга ишлаш учун келган. Сўнгги уч йилда соҳага оид фақат битта илмий иш қилинган. Биз ўз ғоялари билан келган ёшларга имкониятимиз доирасидаги барча шароитларни яратиб беришга тайёрмиз”, – деди у.

“Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” институти профессори Холмурод Назаров бу масала юзасидан ўз фикрларини билдирди:

“Биз бу йил сув таъминоти муҳандислик тизимлари йўналишидан дастлабки кадрларни тайёрладик. Уларнинг барчаси “Ўзсувтаъминот” АЖ тармоқларига ишга жўнатилиши режалаштирилган. Бизнинг кафедрамизда ичимлик суви ва экология муаммолари бўйича тўрт нафар профессор тадқиқот олиб бормоқда ва таълим бермоқда”.

“Ўзсувтаъминот” АЖ ходимлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Кенжабек Жўраев айрим рақамларни қайд этиб ўтди:

“АЖ тизимида 18 та МЧЖ бор. Жами 23 минг нафарга яқин ходим ишлайди. Бугунги кунда 2 мингдан ортиқ ишчига эҳтиёжимиз бор. Ўтган йили 4 мингдан ортиқ ходимимиз турли тарзда таълим олишди. 115 ходимимиз ОТМларга квота асосида қабул қилинди. Жамиятимиз 7 та ОТМ билан ҳамкорлик ўрнатган. Куни кеча Термизда талабалар билан гаплашиб келдим. 116 нафар муҳандис метролог-технологлар бизда ишлаш истагини билдиришди”.

Kun.uz мухбирининг