Жамият | 19:23 / 30.05.2022
16575
2 дақиқада ўқилади

Онколог Жамила Пўлатова: “Жароҳатли операциялар ўтмишда қолмоқда”

Пойтахтимизда “Кўкрак безининг онкопластик жарроҳлиги” мавзусида уч кунлик маҳорат дарси бўлиб ўтди. Мисрнинг тўртта йирик онкологик марказлари раҳбарлари ва етакчи мутахассислари ўз тажрибалари билан ўртоқлашдилар ва бир қатор органларни сақлаб қолиш бўйича операцияларни амалга оширдилар.

Кўпгина ривожланган мамлакатларда кўкрак бези саратони аёлларда энг кенг тарқалган саратон бўлиб қолмоқда. Бу бир қатор объектив ва субъектив омиллар, жумладан, носоғлом турмуш тарзи, аёлларнинг репродуктив хулқ-атвори ва атроф-муҳитнинг бузилиши билан боғлиқ. Бироқ замонавий илм-фаннинг ривожланиши билан бу ташхис энди муқаррар ҳукмга ўхшамайди.

Ўзбекистон ва Мисрда касалликни даволашга ёндашувлар ҳар хил. Кўкрак бези саратонига қарши кураш бўйича билимларни чуқурлаштириш ва амалиётни кенгайтириш учун икки мактаб вакиллари ўртасида тажриба алмашиш жуда фойдали. Мисрлик мутахассис Айман Али Абу Шмейланинг айтишича, Жамила Пўлатова номидаги онкология мактаби фаолияти туфайли бундай ҳамкорлик бир йилдан ортиқ давом этмоқда.

“Бизнинг ишимиз пандемия даврида бошланган. Биз онлайн тарзда бир қанча учрашувлар ўтказдик, энди ҳамкасбларимиз билан Ўзбекистонга учиб келдик. Бу биз учун ҳам, талабалар ва тиббиёт ходимлари учун ҳам турли иш тажрибасига эга бўлган инсонлардан янги билим олиш учун ажойиб имкониятдир”, — деди мисрлик онколог.

Айман Али Абу Шмейланинг ишончи комилки, бундай учрашувлар давомида ёш мутахассислар ўз кўзлари билан профессионал онкологлар ишининг намунасини кўриб, жараёнга чуқурроқ кириб бориш имкониятига эга бўладилар:

“Бу тажриба муҳим ва мен Саратон мактаби туфайли бунга имконият пайдо бўлганидан хурсандман. Жамила Пўлатова ўз соҳасининг ҳақиқий профессионали, шунингдек, жуда меҳрибон ва эътиборли инсон. Биз Тошкентга ташриф буюрганимиздан хурсандмиз ва Мисрда ўзбекистонлик ҳамкасбларимизни кутиб қоламиз”, — дея хулоса қилди у.

Жамила Пўлатованинг сўзига кўра, ўтган тадбир беморларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш учун зарур. Бундан ташқари, онкопластика нафақат сут безлари, балки мушак-скелет тизимининг ўсмаларини даволаш йўналишида ривожланмоқда. 

Мавзуга оид