Ўзбекистон | 23:28 / 31.05.2022
22915
5 дақиқада ўқилади

“Энергия нархи ошиши ҳеч кимга ёқмайди, лекин бу – аччиқ дори” — Умид Обидхўжаев

“Бирорта инсонга электр энергия нархининг ошиши ёқмайди. Бу – энергетика тизимини соғломлаштириш учун керак бўладиган аччиқ бир дори. Шу нарсадан ўтишимиз керак. Якунда таъминот ҳозирги ҳолатга нисбатан яхшиланади”, – дея энергетика ислоҳотига изоҳ берди Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти директори Умид Обидхўжаев. У бадавлат инсонлар ҳам давлатдан ёрдам олиши адолатдан эмаслигини таъкидлади.

Ўзбекистонда аҳолига газ ва электр энергияси истеъмоли учун “ижтимоий норма” киритилмоқда. Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти директори Умид Обидхўжаев давлатнинг ҳаммага субсидия тўлашда давом этиши нормал ҳолат эмаслиги, бу маблағларни муҳимроқ бўлган бошқа соҳаларга йўналтириш кераклиги ҳақида гапирди.

“Биринчи навбатда тариф ислоҳотининг моҳиятини тушуниб олишимиз керак. Бунинг тагида адолат ва манзиллилик ётибди. Бу аудиторияда давлатдан субсидия олмаган бирорта инсон йўқ. Ўтирган вазир ўринбосарлари ҳам, модератор ҳам, умуман ҳаммасимиз электр энергияни истеъмол қилаётганимизда ёрдам оламиз. Шу нарса тўғрими ёки нотўғрими деган саволни ўзимизга бериб кўрайлик.

Иккинчидан, давлат томонидан кўрсатилаётган ёрдам манзилли бўлиши керакми ёки ёппасига ҳаммамизга берилиши керакми? Бу нарса манзилли бўлиши керак. Масалан, менинг олдимга бир инсон келиб, ёрдам сўрамоқда. Балким ундан-да ёрдамга муҳтож бўлган одамлар ҳам бордир. Шунинг учун ижтимоий норма тушунчаси киритилмоқда ва бу миқдор 250 кВт соат этиб белгиланмоқда. Шу миқдоргача истеъмол қиладиган аҳоли камроқ тўлайди, ундан юқори ҳажмда истеъмол қилганлар, хусусан уч қаватли уйида иссиқ поли, элликталаб кондиционери бўлганлар эса кўпроқ тўлайди.

Иккинчи масала. Кейинги беш йилда учта: таълим, тадбиркорлик ва ижтимоий ҳимоя йўналишларида ишлаб, камбағалликни икки баробарга қисқартириш режалаштирилмоқда. Аммо ҳамма нарсани ижтимоий ҳимояга боғлаб қўя олмаймиз, янги иш ўринларини яратишимиз керак.

Трансформатор ҳақида савол берилди. Бизнинг ҳисоб-китобларимизга кўра, трансформаторларнинг юкланганлик даражаси баъзи бир вилоятларда 80 фоиздан юқори, техник нормаси 80 фоиз. Ишлаб чиқариш қувватлари 2017 йилда 61 млрд кВт соатни ташкил этган бўлса, ҳозирда бу 72 млрд кВт соатга етди. Энди ишлаб чиқарилган нарса бор, аммо уни аҳолига етказиб бериш керак. Бунинг учун трансформаторлар керак ва уларнинг юкланганлик даражаси ошиб бормоқда.

2021-2023 йилларда амалга оширилиши керак бўлган 284 трлн сўмлик инвестиция лойиҳалари бор. Андижон шаҳри бўйича 16 мингта, Чирчиқ шаҳри бўйича 1,7 мингта иш ўрни яратишимиз керак. Ҳозирги кунда бирорта бизнес борми электр энергиясиз ишлайдиган? Биз кафолатли тарзда уларга электр энергия етказиб беришимиз керак. Йилдан йилга аҳоли сони ошяпти.

Бирорта инсонга электр энергия нархининг ошиши ёқмайди. Бу – энергетика тизимини соғломлаштириш учун керак бўладиган аччиқ бир дори. Шу нарсадан ўтишимиз керак. Натижада таъминот ҳозирги ҳолатга нисбатан яхшиланади. Кирим бўлмаса, чиқим ҳам бўлмайди-ку. Тизимни яхшилаш учун қаердандир оқим керак. Одамларга тарифларни нисбатан енгилроқ қилайлик, солиқларни оширмайлик деб, хорижий инвесторларни жалб қилмоқчи бўлсак ҳам, ҳамма нарса бориб ҳозирга тарифларга тақалади. Даромад йўқ бўлса, ҳеч қайси инвестор бу соҳага кирмайди.

Ижтимоий ҳимояни ўйлаб ҳам табиий газга, ҳам электрга ижтимоий норма киритиляпти, ундан юқори миқдорда истеъмол қиладиганлар эса маҳсулот таннархига яқинроқ суммада пул тўласин. Ҳамманинг субсидия олиши нормал ҳолат эмас, чунки биздан ҳам кўра қийналганроқ одамлар бор. Давлат томонидан субсидия учун ажратилаётган пулларни эса бошқа муҳим соҳаларга йўналтиришимиз керак.

Макро даражада тушунтирадиган бўлсак, тасаввур қилинг, битта от бор. Доимий тарзда унга қараб туришингиз керак, бўлмаса қоқилади. Январда бўлиб ўтган блэкаутдан ҳаммамизнинг хабаримиз бор, бу биринчи сигнал. Бу нарса такрорланмайди, ҳамма нарса яхши бўлади дейишимиз учун тизимда ислоҳотлар ўтказилиши керак. Ҳозир ҳаммамиз нисбатан кичикроқ оғриқни енгиб ўтамиз. Бу қийин ислоҳот”, деди Обидхўжаев 31 май кунги матбуот анжуманида.

Аввалроқ, электр ва газ тарифларини ошириш бўйича қарор лойиҳаси муҳокамага қўйилгани хабар қилинганди. Кутилганидек, ойлик базавий нормани киритиш орқали тарифлар табақалаштирилади: электр учун 250 кВт соат, газ учун иситиш мавсумида 700 куб, иситилмайдиган мавсумда 200 куб метргача арзонлаштирилган нархлар амал қилади, ундан ортиғи бозор нархига яқин суммада ҳисобланади. 

Мавзуга оид