Болалигида қўй боқаётиб вақтини китоб ўқиш билан ўтказган вазир, ёшлигида Ислом Каримовга хат ёзган иқтисодчи, “Ўткан кунлар”ни беш марта ўқиган блогер, гимназия директорининг яп-янги “Москвич”и ғилдирагини тешган фонд раиси, Бўзсув каналида шиша идишда балиқ тутган журналист.

Биз 1 июн – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан давлат ва жамоат фаолларидан айримларининг болалик хотиралари билан қизиқдик.

“Эрталаб иккита нонни белга боғлаб кетардик, кечқурун қўйни ҳайдаб қайтиб келардик”

Иброҳим Абдураҳмонов, Инновацион ривожланиш вазири, академик:

— Туман марказидан узоқдаги тоғли қишлоқда катта бўлганман. Бошланғич синфларда асосий ишим қўй боқиш бўлган. Эрталаб иккита нонни белга боғлаб кетардик, кечқурун қўйни ҳайдаб қайтиб келардик. Қариндош-уруғларимизнинг аксарияти ўқимишли бўлгани боис доимо қўлимизга китоб ҳам бериб юборишарди. Вақт кўп, атрофимиз тоғ, шу китобларни мутолаа қилиб, кунни кеч қилардик.

Оилада тўнғич фарзанд бўлганим учун рўзғор юмушлари билан кўпроқ шуғулланишимга тўғри келган. Ўсмирлик чоғим томорқадаги ишларни қилардим – экин экиш, уларни парваришлаш илмини олганмиз... Меҳнат қилишдан қочмасдим, лекин сув муаммо бўларди – деҳқончиликнинг энг катта машаққати бу суғориш эди.

7-8-синфдан фан олимпиадаларида иштирок эта бошладим. Биринчи марта математика бўйича туман олимпиадасига қатнашганман. Туман босқичида ҳеч ким бир-бирини танимайди, бўйим бошқа болаларникидан баландроқ бўлгани учун 8-синфлар ўтирган синфга киритиб юборишибди. Табиийки, масала-мисолларни ечолмадим, уйга хомуш қайтиб келиб, дадамга «мен математикани билмас эканман», деганман. Дадам мактабимизда биологиядан дарс берардилар, адашганимни суриштириб билибдилар. Шундан кейин биология олимпиадасида қатнашгин, деб маслаҳат бердилар.

Кейинги йилдан биология бўйича тайёрлана бошладим. Аввал туман, кейин вилоят ва республика босқичига чиқишга муваффақ бўлдим. Ўша пайтлари академик Абдусаттор Абдукаримов олимпиаданинг республика босқичида раислик қилганлар. Эшитишимизча, у киши имтиҳон бўладиган куни эрталаб саволларни алмаштирган эканлар. Негаки, айрим болаларга аввалдан саволларни бериб қўйиш ҳолатлари бўлиб тураркан-да. Ўша йили опам иккимиз қатнашиб, олимпиадада ғолиб бўлдик. Опам республика олимпиадаси ғолиби сифатида университетга имтиҳонсиз ўқишга кирди. Ана ўшанда одам ҳаракат қилса, ўқиса, натижага эришишига амин бўлганман.