Жамият | 11:00 / 12.12.2024
4034
3 дақиқада ўқилади

“Одамлар тўртбурчак, думалоқ ва меҳрибон” – дунёни бошқача “кўрадиган” болалар

Тошкент шаҳридаги 77-сонли “Нурли маскан” ихтисослаштирилган мактаб-интернатида кўришга қийналадиган болалар таҳсил олади. Уларнинг орзулари кўп. 10 ёшли Азамат президент бўлишни истаса, Муниса кўз шифокори, Азизбек эса учувчи бўлишни орзу қилади.

3 декабр Халқаро ногиронлиги бор шахслар куни Тошкент шаҳридаги 77-сонли “Нурли маскан” ихтисослаштирилган мактаб-интернати ўқувчилари учун алоҳида нишонланади. Мактабда таҳсил оладиган 350 га яқин ўқувчининг ҳар бири дунёни турлича тасаввур қилади. Уларнинг ўзига хос иқтидор ва келажак билан боғлиқ режалари бор. Масалан, 10 ёшли Азамат улғайиб президент бўлишни истайди. Бу билан у одамларга ёрдам беришга кўпроқ имкони бўлишини айтади. “Одамларга уйлар қуриб бераман. Камбағалларга шароит яратиб бераман. Одамларнинг яшаш шароити яхши бўлиши керак. Бунинг учун яхши ишлаш керак”, – дейди Азамат.

3-синф ўқувчиси Муслима эса кўз шифокори бўлишни орзу қилишини айтади.

Саидкамол эса учувчи бўлиб, самолётида ота-онасини саёҳатга олиб боришни хаёл қилишини айтади.

Мен дизайнер бўлишни истайман. Табиат ва турли гулларни чизишни хоҳлайман”, – деди 10 ёшли Муниса.

Яна бир 3-синф ўқувчиси Мубина бошланғич синф ўқитувчиси бўлишни исташини айтди. “Чунки устозлар билим беради. Бошқалар катта бўлганда мусобақаларга борганда, касбларни эгалласа, устоз юзи ярқираб туради. Шу ўқувчини устоз ўқитган деб айтиб юришади”, – деди у.

10-синф ўқувчиси Шаҳриёр бастакор бўлиш истагида турли тўгаракларга қатнашаётганини айтди.

Ўқувчиларнинг табиат ва одамлар ҳақидаги тасаввурлари ҳам турлича. Азамат одамларни думалоқ юзли, танаси тўртбурчак деб тасаввур қилади. “Одамлар худди ўзимга ўхшайди. Ҳар хил юзли, баъзиларининг юзи учбурчакка ўхшайди. Баъзиларининг юзи думалоқ. Менинг юзим ҳам думалоқ. Танам тўртбурчакка ўхшайди”, – деди у.

Муслима эса буни тасаввур қилиб кўрмаганини айтди. Шаҳриёр одамларни бир-бирига меҳрибон, оқибатли деб ҳисоблайди.

Болаларнинг табиат ҳақидаги тасаввурлари эса бир-бирига ўхшайди. Улар табиатни барг, дарахт ва гуллар шаклида кўз олдиларида гавдалантиришади.

Дарахтлар бор. Ёзда ям-яшил, гуллар бор. Шуларни кўз олдимга келтирсам, кайфиятим кўтарилади. Баҳорда гуллар очилганда, ёмғир тагида айланиб юришни яхши кўраман”, – дейди Шаҳриёр. 

Зуҳра Абдуҳалимова
Муаллиф Зуҳра Абдуҳалимова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид