Тутқич бермаётган йиртқичлар. Хонқизда номаълум махлуқлар чорваларни бўғизлаб кетмоқда
Фарғона вилояти Фарғона тумани Хонқиз қишлоғида пайдо бўлган номаълум махлуқ аҳолининг чорваси, хусусан қўй-эчкиларини бўғизлаб кетмоқда. Масъуллар аҳолига ёрдам беришга шошилишмаяпти.
Аввалроқ Kun.uz сайтида Асака туманида номаълум махлуқ юздан ортиқ қўйни бўғизлаб кетгани, йиртқич одамларга ҳам ҳужум қилгани ҳақида мақола эълон қилинган эди. Худди шундай ҳолат сабаб, мана неча кундирки хонқизликларнинг ҳаловати йўқолган. Тунда хонадонлардаги қўраларга ўралаган номаълум йиртқичлар қўй ва паррандаларни бўғизлаб кетмоқда. Қишлоқ аҳли саросимада. Асосий даромади чорвачилик бўлган хонқизликлар ҳолатдан ваҳимага тушиб қолган. Чорванинг чалажон қилиб кетилиши билан боғлиқ илк ҳолат шу йил 23 май санасида қайд қилингани айтилди.
Қишлоқнинг Сойбўйи кўчасида истиқомат қилувчи Мелиқўзи ака Эшонхонов асраб-авайлашига қарамай, йиртқичлар 6 бош қўйини бир кечада бўғизлаб кетган.
«Пайшанбадан жумага ўтар кечаси шунча авайлашимга қарамасдан махлуқ келиб 6 та қўйимни шу ерда бўғизлади. Биттасини олиб чиқиб бир чеккага олиб бориб еган.
Қурбонлик қилиб, эл-у халққа егизаман, деган мақсадим бор эди. Қўйлардан бирини набирамнинг тўйи учун боқаётгандим. Яхши ният билан боқаётган жониворларимни бир кечада “пачоқ” қилиб чиқиб кетди.
Ўша воқеадан кейин неча кун ўтган бўлса номаълум йиртқич ҳали у ёқда ҳали бу ёқда одамларнинг қўйини нобуд қилиб кетяпти.
Маҳалла оқсоқолиман. Хонадонларда мана шундай ҳолат деярли ҳар куни такрорланяпти. Учрамаган раҳбарим қолмади. Вазиятни тушунтирай десам “катталар” телефонимни кўтармайди. Тадбиркорликни эндигина бошлаган Абдуҳалил исмли маҳалладошимнинг куни кеча товуқхонасини пачоқлаб бузиб, паррандаларни ўлдириб еб кетди. Нима қилишни ҳам билмай қолдик. Одамларнинг тинчини бузаётган йиртқични ушласа бўлади-ку. Ҳолат шундай такрорланаверса биз қолиб, қўшни маҳалла хонадонларини ҳам хонавайрон қилади-ку, бу йиртқичлар.
Шундай бир устомон йиртқич эканки, одамларни чалғитиб туриб ҳайвонларнинг қонини сўриб кетяпти. Думбасини еб кетяпти. Маҳалламизнинг ўзидан 7 та хонадонга ҳужум бўлди. Бошқа маҳаллаларга ҳам ҳужумлар қилганини эшитяпмиз. Номаълум махлуқ шу атрофга қаергадир ўрнашиб олган. Мелиса бордир, прокуратура бордир, ҳокимият бордир, “столда” ўтирганлар нималар содир бўлгани билан қизиқиб ҳолимиздан хабар олгани йўқ.
Қўшнимизнинг сутини ичаман деб дориликка атаб сотиб олган эчкиларини ҳам ўлдириб кетди. Эчкилардан кейин менинг 6 қўйимни “олди”. Ундан кейин нариги маҳаллада инсулт касали билан оғриб, бир жойда ётган домланинг 5 қўйини бўғизлаб кетди. Касаллиги сабаб унга билдирмадик. Кейин эса яна бир қўшнимнинг ақиқага атаб боқаётган икки катта қўчқорини еб кетди. Хонадонлардан бирида бузоқчага ҳам ҳужум қилди.
Халқнинг дуоси кўл дейишади. Халқ учун йиртқични ушлаб берадиган мард топилмаяпти. Овчини чақиртирсак, ўқ йўқ, ўқ олиб беринглардан бошқасига ўтмайди», – дейди у.
Масирхўжа Искандаров набирасининг ақиқасига атаб икки қўчқор боқаётган эди. Ярим тунда жониворлардан хабар олгани чиққан хонадон соҳиби қўйларини йиртқич ўлдириб бўлиб еяётганини кўради ва дарҳол қўлига паншаха олиб махлуққа ташланади. Йиртқич эса девордан ошиб қочиб кетган.
«Қандайдир йиртқич ҳайвонлар қишлоғимизда изғиб юрибди. 130 та хўжаликдан бўлмаганда 25 бош қўйни ўлдирди. Уйимизга кириб икки боқувдаги қўчқорни нобуд қилди. Оилада 12 жонмиз. Яқинда ҳам келин олиб невара тўйи қиладиган эдим. Икки қўчқоримни ёриб, ёнидаги 4 бош қуённи ҳам нобуд қилиб кетди. Қўчқорлардан бирининг жигар ва ўпкасини еб кетди.
00:15 ларда чиқиб қараганимда қўчқорлар жойида ётган эди. 01:45 лар атрофида чиқсам не кўз билан кўрайки, қўчқоримни охурнинг тагидан судраб ташқарига олиб чиқиб қўйибди. Йиртқични ит деб ҳисобламайман. Йиртқичларнинг қорни тўймаган экан. Ўлдириб кетгандан кейин яна бир соат ўтар-ўтмас молга илҳақ бўлиб ҳовлига чиқдим. Шунда йиртқич шарпани сезиб, хашакнинг устида ётган қуён ўлигини олиб қочиб кетди.
Йиртқич одамдан ҳам ҳушёр экан. Иккинчи йиртқич охур тагида ётган қўйни еяётган экан. Тўсатдан менга ташланиб қолди. Қўлимдаги паншахани йиртқичга қараб санчдим. Лекин у девордан сакраб қочиб кетди. Кўзим билан кўрган йиртқич итлардан анча узун эди.
Мутасаддилар ҳолимиздан хабар олишгани йўқ. Йиртқичлар одамларни ҳам нобуд қилмаслигига ким кафолат беради?!
Қўрққанимиздан эҳтиётимизни қилиб яшаяпмиз. Товуқ ҳам, мол ҳам олдимизда ётибди “қулфланиб”. Бу кетишда қандай қилиб оилавий тадбиркор бўламиз. Ҳар қўра ёнидан ўтаётганимда қўчқорларим кўз олдимдан ўтади. Бўлмаганда 10 миллион сўмлик катта қўчқорлар эди. Раҳбарларимиздан илтимос қилардикки, йиртқичларни қишлоғимиздан ҳайдаб чиқаришса», – дейди М. Искандаров.
Жигари фаолиятида муаммо бўлгани сабаб уйида парваришлаб сутидан ичиб келаётган Ҳошимжон Аъзамовнинг 4 бош эчкиси ҳам йиртқич ҳужумига учраган.
«Жигарим иш фаолиятида муаммо борлиги учун сутига деб неча йиллардан бери эчки боқаман. Сутидан сўраганларга ҳам берардик. Йиртқич ҳужум қилиб, эчкиларимни нобуд қилиб кетди. Битта эчкига жароҳат етказган. У тирик қолди. 4 бош эчкини ўлдириб, жигарини еб кетди. Нобуд бўлган эчкилар ўрнига яна бошқа эчки олиб келдим.
Қўрққанимдан қўрани сетка билан ўраб ташладим. Атрофига катта чироқлар ўрнатиб қўйдик. Тунда ҳаловатимиз йўқолган. Ҳар соатда келиб хабар олиб кетаман. Одамлар йиртқич чангалидан қўрққанидан гаражлар ичига қўйиб боқишга ўтишди ҳайвонларини. Одамлар шок ҳолатга тушиб қолди. Йиртқични ушлаб бўлмаяпти. Улар отиб йўқ қилинмагунча оддий халқ уни ушлай олмайди. Шунчалик чаққон эканки, 4-5 метрли деворлардан ҳам сакраб ўтиб кетяпти», – дейди у.
Ҳалима ая Норхўжаева тонг саҳарда ҳовлига чиққанида икки йиртқич унга ҳужум қилган. У махлуқ чангалидан қочиб қутулишга муваффақ бўлган.
«Ариқ бўйига сув олиш учун кетаётган эдим. Узумнинг ёнига борганимни биламан икки йиртқич тўсатдан ташланиб қолди. Агар дод демаганимда, неварам чиқиб ёнимга югурмаганида еб қўярди. Қўрққанимдан кечгача безгак тутди. Ўшандан бери қўрқиб ҳовлига ҳам икки кишилашиб чиқяпмиз. Йиртқичлар менга ташланган кун қўшнимнинг қўйларини бўғизлаб кетган экан», – дейди Ҳалима Норхўжаева.
Хонқизликлар аҳолини ваҳимага солиб қўйган йиртқич ҳужумини бартараф қилиш йўлида мутасадди ташкилотлардан ёрдам сўраб қолишди. «Йиртқичлар қачонки ушланса, уйимизда тинч ухлаймиз, тунда ташқарига чиқишга ҳам қўрқиб қолдик», дейди шу қишлоқда истиқомат қилаётганлардан яна бири.
Сарвар Зияев, Kun.uz мухбири
Монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев.
Мавзуга оид
08:10 / 03.11.2024
Тоғ бағридаги қишлоқ – Ёрдонда наҳор оши
10:00 / 16.10.2024
Мумиё изловчи: 70 ёшида ҳам тоғ-у тошда ризқини териб юрган фарғоналик Ёрқинжон ота
10:28 / 04.02.2024
Тоғ этагидаги қишлоқ – Ёрдонда бир кун
15:47 / 18.01.2024