Ўзбекистоннинг тоғ бағрида жойлашган эксклав ҳудуди – Шоҳимардон ва Ёрдон қишлоғида 7 мингга яқин аҳоли яшайди. Ёрдон аҳолиси чорвачилик ва деҳқончилик билан шуғулланади. Деярли ҳар бир ёрдонликнинг тоғ бағрида боғи, қўрасида эчкиси, қорамол ва қўйи бор.
Оила бекаси Дилрабо Расулова қишлоқ ҳаёти ҳақида сўзлаб берди:

“Беш фарзандим бор, тўртта қиз ва бир ўғил. Икки қизимизни турмушга берганмиз. Чорвачилик, деҳқончилик билан шуғулланамиз. Баҳор-ёз ойларида картошка, жўхори ва бошқа турли сабзавотлар экамиз. Ҳамма нарса – унимиздан тортиб гўштгача ўзимиздан чиқади.

Сут-қатиқдан ҳам даромад оламиз. Чорванинг ҳамма туридан бор, қўй, эчки, сигир, от кабилар. Эчкиларни асосан гўшти, сути учун боқамиз. Турмуш ўртоғим бозор кунлари Водил бозорида картошка сотади. Деҳқончиликни от, эшак ёрдамида қиламиз. Қўчқор боқиб сотиб кам-кўстимизга, тўйларга ишлатамиз.

Апрел ойларида эчкилар туғади, улоқлари ўт ейдиган бўлганда соғишни бошлаймиз. Эчки сутидан қурут қиламиз. Эчки тоғ гиёҳларини егани учун сути жуда фойдали бўлади.


Улов сифатида отдан фойдаланамиз. Қизларим ҳам, ўғлим ҳам от минади. Наврўздан кейин сигирларни тоғга қўйиб юбораман, соғин сигирларим уйда боласи қолгани учун эрталаб чиқиб кечга қайтиб келади. Қолган моллар уйга келмай, октябр ойигача тоғда юраверади ўзлари.


Эчки сутидан бўлган қурутларни банкага ёпиб қўямиз, кўпинча рўза ойларида сўраб келишади. Бундай қурутларни сувга қўшиб қайнатиб ичса, тўқ тутади, қувват бўлади. Қурутларни асосан туристлар сотиб олади”, дейди оила бекаси.
















