Жамият | 18:03 / 04.06.2022
30210
4 дақиқада ўқилади

Жаҳонгир Ортиқхўжаев: “Меҳнатдан ўлган одамни мен эшитмаганман”

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев мегатренингдаги чиқишида ёшларни меҳнатсевар ва тиришқоқ бўлишга, шу билан бирга ақл билан меҳнат қилишга чақирди. Ҳоким, шунингдек, пластик картадан кўра, нақд пул ишлатиш тежамкорликка риоя қилишда ёрдам беришини айтди.

“Авваламбор айтишим керак, мен гапга уста, мегатренер эмасман. Кечадан бери чиқаётган тренерларнинг гапларини кузатяпман, русча айтганда “миллион туда, миллион сюда” деганга ўхшаш гаплар. Кўряпман, бу ерда кўпроқ ёшлар ўтиришибди. Улар бир саволга эртага эмас, бугун жавоб олишлари керак. Дейлик, 1000 доллар пул билан қандай қилиб бизнес бошлашни бугун билишлари керак. Катта бизнесга ҳам кичик бизнес билан оёққа турилади. Лекин кўп тренерларимиз бу ерда ўтирган 20-25 яшар ёшларда 5-6 млн доллар айланма маблағ бордай гапиришяпти, уларга турли чет тиллардаги терминларни айтишяпти. Ёшларимиз бундан чарчаб кетган.

99 фоиз одам “Қачон менинг ойлигим ошади?” деб ўзига ўзи савол беради. Аслида “Қачон менинг ойлигим ошади?”, деб эмас, раҳбарининг олдига бориб, “Хўжайин, мен икки баробар кўп ишламоқчиман, менга қанча маош қилиб берасиз?” деган саволни қўйиш керак.

Бундан икки йил олдин 2 млн сўм ойлик олган инженер яхши яшарди. Бугун заводдаги оддий ишчи шунча ойлик оляпти, инженер 5 млн олса-да, ҳаёти ўзгармаяпти. Ёки оддий нонвойчиликни оламиз. Бугун сиз битта тандирда 100 та нон ёпиб, уни 3 минг сўмдан сотсангиз-да, 5 йилдан кейин шу тандирда 100 та нон ёпиб, уни 15 мингдан сотсангиз ҳам ҳаётингиз ўзгармайди. Ҳаётингиз ўзгариши учун эртага 120 та, индинга 150 та, ундан кейин 200 та нон ёпишингиз керак. Бўлмаса қанча қиммат сотманг, ҳаётингиз ўзгармайди.

Ишлаб чиқаришни қанчалик оширсак, шундагина ҳаётимиз ўзгаради. Бир жойга ишга кирсак, 100 та қутига конфет жойлаш учун 3 млн сўм маош таклиф қилишса, биз шунча пайтда “200 та қутига жойласам 6 млн, 300 тага 9 млн берасизми?” деган саволни қўйишимиз ва шунга ҳаракат қилишимиз керак. Сон ва сифатни ошириш бу – ақл, шунга эришсаккина ҳаётимиз фаровонлашади”, деди Жаҳонгир Ортиқхўжаев.

Шунингдек, пойтахт ҳокими ақл билан иш тутиш борасида бошқа мисоллар ҳам келтирди.

“Бугунги кунда 600 граммли “буханка” 3 минг сўм бўлса, кимдир шу 600 грамм унни кекс қилиб 10 минг сўмга сотиши мумкин. Бунда 3 мингни сиз жисмоний меҳнатингиз, 7 мингни эса ақлингиз билан топган бўласиз. Сонни оширсангиз, меҳнатингиз билан, сифатни оширсангиз, ақлингиз билан пул топасиз. Қўлимдаги микрофон японларники, 1000 доллар турса, шунинг 5 доллари темир баҳоси, қолгани меҳнат ва ақл баҳоси.

Яна ёшларга бир маслаҳатим, энди иш бошлаган пайтингизда пластик карта ишлатманг. Пластик карталар ёшлар учун эмас, улар пули кўпайиб кетганидан кўтара олмай қолганлар учун ўйлаб топилган. Сизлар расмий, қонуний ишлатинг, лекин нақд ишлатинг. Чунки пластик картадаги харажатингизни ҳис қилмайсиз, чўнтагингиздан камаяётганини сезмайсиз, тежамайсиз. Агар нақд пул бўлса, бозорда ҳар бир нарсага тортишасиз. Пул жигардан бўлган, дейишади. Нақд пулни санайсизлар, ишлатаётганда ҳам қайта ҳисоблайсизлар. Пластик карталар у банк тизимининг катта пуллар учун ўйлаб топган нарсаси, у ёшлар учун зарар”.

Ортиқхўжаев бизнес бошлаганларга ходим танлашда нималарга эътибор қаратиш зарурлигига ҳам тўхталди.

“Имкон қадар ўқитувчилар ва таксичиларнинг фарзандларини ишга олинглар, шунда адашмайсизлар. Ўқитувчи таълим жараёнида кимнинг фарзанди қандайлигини ўз кўзи билан кўради ва болаларига тўғри тарбия беради. Таксичилар эса кўчада ҳар хил одамларга дуч келади ва фарзандига одам ажратишни ўргатади.

Сизлар бизнесга ҳаракат қила бошладингизми, демак бизнеснинг ичидасиз. Оз қолди, жуда оз қолди. Ақл ва меҳнат билан ҳаракат қилинглар. Ҳаммангизга омад тилайман”, – дея ўз тавсияларини берди Тошкент шаҳар ҳокими.

Мавзуга оид