Ўзбекистон | 14:12 / 07.06.2022
24105
5 дақиқада ўқилади

Россиялик сайёҳ Ўзбекистонга дрон олиб киргани учун судланди

Божхоначилар сайёҳда дрон борлигини кўришгани, бироқ уни ўтказиб юборишгани айтилмоқда. Орадан икки кун ўтгач, у мамлакат ҳудудига қонунга хилоф равишда учувчисиз учадиган аппаратни олиб киришда айбланиб қўлга олинган; жиноят иши қўзғатилиб, сўроқ қилинган. У судда оқланди, бироқ дрони мусодара қилинди.

Фото: Полина Ермакова

Россиялик сайёҳ Полина Ермакова Instagram'даги саҳифасида мамлакат ҳудудига дрон олиб киргани учун 17 май куни ҳибсга олинганини маълум қилди. Қизиғи, бу вақтда унинг Ўзбекистон чегарасини кесиб ўтганига икки кун бўлганди. Россия фуқаросининг айтишича, божхона ходими квадрокоптерни олиб киришга эътироз билдирмаган.

Gazeta.uz Полина Ермакова билан боғланиб, ҳодиса тафсилотларига аниқлик киритган. Маълум бўлишича, аёл дастлаб Қирғизистонда саёҳат қилган, 15 май куни эса у ердан Ўзбекистонга ўтган.

“Чегарада жуда қизиқ ҳолат содир бўлди. Чегарадан ўтаётганимда мен паспортимни бердим, мамлакатга кирганлик тўғрисида муҳрни босиб беришди. Шундан сўнг, сиз метал изловчи ускунадан ўтасиз, у ерда сизнинг сумкангиз текширилади ва унда нима олиб ўтаётган бўлсангиз ҳаммаси яққол кўринади. Чегарачи мендан “Сенда дрон борми?” деб сўради. Мен бўлсам: “Ҳа, бор. Кетсам бўладими?“ дедим. У эса кетишим мумкинлигини айтди”, – дейди Ермакова.

У Ўзбекистонга киришдан олдин дрон олиб кириш қоидалари билан танишиб чиқмаганини тан олган.

“Дрон ҳеч қаерга яширилмаганди, сумканинг ичида ётганди. Менга муаммолар нимага Ўзбекистон чегарасида эмас, балки Тошкентнинг ўзида бошлангани жуда қизиқ. 17 май куни Тошкентдан Бухорога поездда бормоқчи эдик. Поезд кечаси кетарди, вокзалга тахминан 21:30 да келдим. Мени транспорт милицияси ходимлари тўхтатишди. Мен шунингдек, метал изловчи қурилмадан ҳам ўтдим, у ерда сумканинг ичи кўриниб турганди. Шундан сўнг, милиция бўлимига кузатиб боришди ва у ерда ҳаммаси бошланди”, – дейди сайёҳ.

Маълум бўлишича, Полина Ермаковага нисбатан Жиноят кодексининг 244-4-моддаси (Учувчисиз учадиган аппаратларни қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилган. 3 июнь куни бўлиб ўтган суд мажлисида турист айбсиз деб топилган, бироқ шундай бўлсаям нима учундир унга дрони қайтариб берилмаган.

Давлат божхона қўмитаси раисининг матбуот котиби Ҳусен Тангриев Kun.uz сўровига жавобан ҳолатга қуйидагича изоҳ берди:

“Жорий йилнинг 15 май куни соат 08:30 да Россия Федерацияси фуқароси П.Ермакова Қирғизистон Республикасидан Ўзбекистон Республикасига Андижон вилоятининг “Дўстлик” чегара божхона постининг фуқаролар ўтказиш зали орқали кириб келган.

Ушбу фуқарони божхона чегараси орқали ҳаракати кузатув камераларидан олинган маълумотлар асосида ўрганилганда, фуқаро П.Ермакова ўзида Ўзбекистон Республикасига олиб кириш тақиқланган ёки чекланган товарлар борлиги тўғрисида божхона органини хабардор қилмагани ва яшил йўлак орқали харакатланиб, йўловчи божхона декларациясини тўлдирмагани маълум бўлди.

Шунингдек, божхона ходимлари томонидан фуқаро соддалаштирилган тартибда божхона назоратидан ўтказилган ва унинг ҳатти-ҳаракатлари божхона ходимларида шубха туғдирмаган ҳамда фуқаро билан суҳбат ўтказилмаган.

П.Ермакова Тошкент шахридаги Марказий темир йўл вокзалида Тошкент–Бухоро йўналиши бўйича поездга чиқаётган вақтда ИИВ Транспорт милицияси томонидан унинг сумкасида “dji mavic air 2” маркали учувчисиз учиш қурилмаси борлиги аниқланган. Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Терговда маълум бўлишича, фуқаро 2022 йил 15 май куни Андижон вилояти “Дўстлик” чегара божхона постидан яшил йўлак орқали кириб келгани қайд этилган.

Шу билан бирга, фуқаро П.Ермакова жорий йилнинг 3 июн куни Андижон вилоятининг “Дўстлик” чегара божхона пости орқали ҳаракатланиб Ўзбекистон Республикасидан Қирғизистон Республикасига чиқиб кетган.

Фуқарога нисбатан юритилган жиноят иши Миробод туман суди томонидан тугатилган ва “dji mavic air 2” русумли дрон мусодара қилинган ҳамда Мудофаа вазирлигига бериш тўғрисида қарор қабул қилинган”.

Эслатиб ўтамиз, худди шундай воқеа бошқа бир россиялик Максим Лимар билан ҳам содир бўлганди. Шу йил бошида Бухородан Новосибирскка қайтаётган блогернинг юклари орасидан квадрокоптер топилгани сабабли у ҳибсга олинган, бироқ маълум вақтдан кейин уни ҳам қўйиб юборишганди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2015 йил 1 январдан бошлаб учувчисиз учиш аппаратларини олиб кириш, сотиш ва улардан фойдаланиш тақиқланган. Вазирлар Маҳкамасининг алоҳида қарорларида назарда тутилган ҳолатларгина бундан мустасно.

2019 йил май ойида мамлакат ҳудудига дронларни ноқонуний олиб кириш ва ишлатиш учун жавобгарлик кучайтирилганди.

Мавзуга оид