Ўзбекистон | 22:11 / 08.06.2022
10147
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев сув омборларини модернизация қилиш лойиҳалари тақдимоти билан танишди

Сувдан фойдаланиш соҳасидаги лойиҳалар тақдимот қилинди.

Шавкат Мирзиёев 8 июн куни сув омборларини модернизация қилиш ҳамда Сурхондарё вилоятида ичимлик суви таъминотини яхшилаш лойиҳаларига оид тақдимот билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилди.

Дарё ва сойлар суви ҳам қишлоқ хўжалиги, ҳам энергетика, ҳам аҳоли турмуши учун муҳим манба. Мамлакатимизда бу қимматли неъмат асраб-авайланиб, халқ манфаатига йўналтирилмоқда.

Шу мақсадда 2017 йилда президент фармони билан «Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамияти ташкил этилган эди. Ўтган йили яна 4 та сув омбори ушбу жамият бошқарувига ўтказилди ва улар 6 тага етди. Хорижий компанияларни жалб этган ҳолда ҳар бир сув омборининг техник ҳолати ўрганиб чиқилди ва кечиктириб бўлмайдиган таъмирлаш тадбирлари белгиланди. Унга мувофиқ, тўғонлар, сув олиш ва чиқариш иншоотлари таъмирланмоқда, насос агрегатлари тикланмоқда.

Тақдимотда ушбу ишлар ва олдиндаги вазифалар ҳақида ахборот берилди.

Давлат раҳбари барча сув омборларини модернизация қилиш орқали хавфсизлигини ошириш, гидромеханик ускуналар ва ўлчов қурилмаларини янгилаб, тизимни рақамлаштириш бўйича кўрсатмалар берди.

Бу орқали ҳамма иш жараёни акциядорлик жамиятининг ситуацион-таҳлил марказига онлайн уланади ҳамда йилига қўшимча 120 миллион киловатт соат электр ишлаб чиқариш имконияти яратилади.

Бундан ташқари, Ҳисорак ва Оҳангарон сув омборларида йиллик 22 миллион киловатт соат қувватли 2 та янги кичик ГЭС қурилади.

Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлигига сув омборлари ҳолатини мониторинг қилиб, космик сурат ва маълумотлар билан таъминлаш топширилди.

Кичик гидро электр станциялари қурилишига хусусий секторни жалб қилиш, олий маълумотли ва ўрта бўғин мутахассисларини тайёрлаш вазифалари ҳам кўрсатиб ўтилди.

Аҳолининг ҳаёт сифати ва саломатлиги омилларидан бири – тоза ичимлик суви. Лекин бугунги кунда Сурхондарё аҳлининг атиги 58 фоизи марказлашган ичимлик суви билан таъминланган, холос. Вилоятнинг жанубий туманлари ва Термиз шаҳрида сув минерализацияси миқдори юқори.

Шу боис президент ўтган йили Тўпаланг сув омборидан тармоқ тортиш ташаббусини илгари сурган эди. Бу бўйича лойиҳа ишлаб чиқилиб, ишга киришилди. Бугунгача 47 километр қувур тортилиб, ичимлик суви Сариосиё марказигача олиб борилди. Йил якунигача Денов ва Шўрчи туманларига етказиш режалаштирилган.

Лойиҳага кўра, бир кеча-кундузда 200 минг куб метр сув тозалаш иншооти, қарийб 400 километр магистрал қувур тортилади. Натижада ҳудуд аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш 90 фоизга етади.

Давлат раҳбари бунинг учун туман ва маҳаллалар ичидаги қувурларни ҳам тиклаш, янги тармоқлар қуриш ва сифатли хизматни йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлади.

Мавзуга оид