Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Ўзгидромет» масъули: Соғлом экология ва қулай атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқлар кафолатлари Конституцияда ўз аксини топиши керак
Гидрометеорология хизмати маркази масъул ходими Ибратжон Каримов иқлим ўзгаришининг салбий оқибатлари глобал хусусиятга эга бўлиб бораётган бир шароитда Ўзбекистонда барқарор ривожланишни таъминлаш мақсадида Конституцияда атроф-муҳит муҳофазаси ҳамда ҳар кимнинг соғлом экология ва қулай атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқи давлат томонидан кафолатланиши тўғрисидаги фикрларини билдириб ўтди:
- иқлим ўзгариши ва унинг салбий оқибатлари дунёда бўлаётган уруш ҳаракатларидан кейинги 2-ўринда турган асосий муаммога айланди;
- амалдаги Конституциямизда давлат экологик сиёсатининг умумий нормалари белгиланган, бироқ уларнинг асосий қисмида фуқароларнинг экология ва атроф-муҳит муҳофазаси соҳасидаги мажбуриятларига кўпроқ урғу берилган. Лекин бугунги кундаги воқелик давлат ва турли бўғиндаги давлат органларининг бу соҳадаги вазифалари ҳам батафсил ифодаланишини талаб этмоқда;
- экспертнинг фикрига кўра, ҳар бир инсоннинг соғлом ва қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати ҳақидаги ҳаққоний ахборотга эга бўлиш ҳамда ўз соғлиғига ёки мулкига экологик ҳуқуқбузарлик туфайли етказилган зарарнинг ўрни қопланиши ҳуқуқлари давлат томонидан кафолатланиши тўғрисидаги нормалар асосий Қомусимизнинг тегишли моддаларида ўз аксини топиши керак.
Бугунги кунда ер юзасида кечаётган иқлим ўзгариши, чўлланиш жараёнлари, биологик хилма-хиллик қисқариб бориши, атмосфера ҳавоси ва сув манбалари ифлосланиши, чиқиндилар билан боғлиқ муаммолар ечимини топиш халқаро ҳамжамиятнинг ҳамда дунёдаги барча давлатлар олдида турган ўта муҳим долзарб масалалардан бирига айланди.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш таъкидлаганидек, «иқлим ўзгариши ва унинг салбий оқибатлари дунёда бўлаётган урушлардан кейинги 2-ўринда турган асосий муаммо»га айланган бўлиб, охирги 20 йилда табиий офатлар натижасида 1,2 млн киши ҳаётдан кўз юмган бўлса, иқтисодиётга етказилган зарар миқдори 3 трлн долларни ташкил этган.
Жаҳон метеорология ташкилоти маълумотларига кўра, иқлим ўзгариши ва экстремал табиат ҳодисалари кучайиши натижасида сўнгги 20 йилда юз берган табиий офатлар 5 бараварга ортган бўлса, 1971 йилдан буён дунёда 11 мингдан ортиқ йирик табиий офатларни юзага келтирган, яқин 30 йилда иқлим ўзгариши ва унинг оқибатларини бартараф этишга жаҳонда 8 трлн доллар сарфланиши ва 2050 йилгача дунё ялпи ички маҳсулоти 3 фоизга камайиши прогноз қилинмоқда.
Иқлим ўзгаришининг салбий оқибатлари бизнинг ҳудудимизда ҳам яққол намоён бўлмоқда. Масалан, Орол денгизи фалокати натижасида Марказий Осиёда иқлим ўзгариши жаҳондаги ўртача кўрсаткичлардан 2 баробар жадалроқ ривожланмоқда. Республика ҳудудларида чанг бўронлари даврийлиги ва уларнинг ортиб бориши, ерлар деградацияга учраши, сув ресурслари қисқариши каби салбий кўринишларда номаён бўлмоқда.
Ўрганишлар ва таҳлиллар натижаси шуни кўрсатадики, бугунги кунда дунёдаги кўплаб давлатларда (Европа Иттифоқи, Буюк Британия, АҚШ, Канада, Жанубий Корея, ХХР, Японияда ва бошқа) иқлим ўзгаришига оид 2500 га яқин қонун ва сиёсий мақомга эга ҳужжатлар қабул қилинган.
«Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари» тамойилига асосан қабул қилинган 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифалар доирасида экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан самарали фойдаланиш ҳамда давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан минтақада глобал тус олаётган экологик муаммоларни халқаро ҳамжамият ҳамкорлигида ҳал этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар сўзсиз ўз самарасини бермоқда.
Шу ўринда, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат экологик сиёсати умумий конституциявий нормалари мустаҳкамланганлиги, мамлакатимизда барқарор ривожланишни таъминлаш, атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш ва муҳофаза қилиш ҳамда аҳоли саломатлигини ҳимоя қилишнинг кафолати эканини яна бир бор тасдиқлайди.
Асосий Қомусимизнинг бир неча моддаларида табиатни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш билан боғлиқ экологик-ҳуқуқий нормалар мустаҳкамланган. Жумладан, 50-моддага мувофиқ, фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдирлар. Ушбу конституциявий норма фуқароларнинг нафақат табиатни муҳофаза қилиш, балки табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги мажбуриятини ҳам англатади.
Конституциянинг 54-моддасида мулкдор ўз мулкига ўз хоҳишича эгалик қилиши, ундан фойдаланиши ва тасарруф этиши таъкидланиб, шу билан бирга, мулкдан фойдаланиш экологик муҳитга зарар етказмаслиги, фуқаролар, юридик шахслар ва давлат ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги шарт экани белгилаб қўйилган. Шундан келиб чиқиб, мулкдор ўз мулкига ўз хоҳишича эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва тасарруф этиш ҳуқуқи билан биргаликда ҳар қандай фаолиятни амалга ошириши атроф-муҳит ифлосланишига, ўзларига фойдаланишга берилган табиий ресурслардан нооқилона фойдаланилишига олиб келиши, фуқаролар ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солмаслик мажбурияти ҳам юзага келади.
Давлат экологик сиёсатининг асосий тамойиллари Конституциянинг 55-моддасида ўз аксини топган бўлиб, унга кўра, ер, ерости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойлик, улардан оқилона фойдаланиш зарурлиги ва улар давлат муҳофазасида эканлиги белгиланган.
Ушбу конституциявий нормага асосан республика табиий ресурслари умуммиллий бойлик сифатида халқ мулки ҳисобланади ва халқ номидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари қонунчиликда белгиланган ваколатлари доирасида тасарруф этади. Табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, экологик нормативларни ишлаб чиқиш ва уларга риоя этган ҳолда фойдаланишни назарда тутади.
Конституциянинг 100-моддасида эса, маҳаллий ҳокимият органлари асосий ваколатлари доирасида ўз ҳудудида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазифаларини ҳам амалга ошириши кераклиги кўрсатилган.
Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишда, юридик ва жисмоний шахслар томонидан атроф-муҳитга етказилган зарарни қоплаш ва уни бартараф этиш, атроф-муҳитни зарар етказилгунга қадарги дастлабки ҳолатигача қайта тиклаш, шунингдек фуқароларнинг ўз соғлиғига ёки мулкига экологик ҳуқуқбузарлик туфайли етказилган зарар қопланиши тўғрисидаги нормаларни киритиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Амалдаги экологик қонунчиликка кўра, барча даражадаги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари давлат экологик дастурлари ва бошқа экологик дастурларнинг амалга оширилишида иштирок этиши, ҳудудий экологик дастурларни тасдиқлаши ва уларнинг амалга оширилишини таъминлаши ҳамда тегишли ҳудудда давлат экологик назоратини амалга оширишлари белгиланган. Шундан келиб чиқиб, асосий Қомусимизнинг 100-моддаси нормаларини ихтиёрийлик тамойилидан мажбурийлик тамойилига ўтказиш зарур.
Иқлим ўзгариши ва унинг оқибатларини бартараф этиш ҳамда унга мослашиш тамойили Конституциямизга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг асосий мақсадларидан бири бўлиши керак.
Хулоса қилиб айтганда, Конституция нормаларини такомиллаштириш мамлакатимизда демократик-ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш, экологик ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаоллигини ва масъулиятини оширишнинг асосий принципларини белгилашда, фуқаролар манфаатлари, экологик ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлашда муҳим аҳамият касб этади.
Ибратжон Каримов,
Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати маркази
Бош директори ўринбосари
Мавзуга оид
16:48 / 24.02.2026
Ўзбекистонда сунъий ёмғир ёғдириш бўйича тажриба лойиҳаси яратилади
18:56 / 22.02.2026
Тошкентда меҳмонхона қуриш учун 12 туп қимматбаҳо дарахт кесиб ташланди
16:46 / 17.02.2026
Электромобил эгалари машинасини қувватлашда субсидия олади
08:18 / 09.02.2026