Россия думасига «Литва мустақиллигини бекор қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси киритилди
«Литва мустақиллигини бекор қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини таклиф қилган «Единая Россия» аъзосининг фикрича, ҳужжат «мамлакатнинг НАТОга аъзолигига эътироз билдириш имконини беради».
Россия давлат думасига «СССР давлат кенгашининг «Литва Республикасининг мустақиллигини тан олиш тўғрисида»ги қарорини бекор қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси тақдим этилди.
Қонунчилик фаолиятини таъминлаш тизим маълумотлар базасига кўра, қонун лойиҳаси 8 июнь, чоршанба куни рўйхатга олинган. У давлат думаси раиси Вячеслав Володинга юборилди.
Ҳужжатни депутат Евгений Федоров («Единая Россия»дан) таклиф қилган. Қонун чиқарувчининг сўзларига кўра, ушбу ҳужжат Литванинг НАТОга аъзолигига эътироз билдиришга имкон беради.
Федоровнинг фикрича, мустақилликни тан олишда СССРнинг «Иттифоқ республикасининг ажралиб чиқиши билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш тартиби тўғрисида»ги қонуни бузилган, чунки Литвада «СССР таркибидан чиқиш бўйича референдум ўтказилмаган».
Россия СССРнинг ҳуқуқий вориси ҳисобланади. НАТО низомининг олтинчи бандига кўра, «баҳсли юридик субъектлар альянс аъзоси бўла олмайди», деди Федоров.
Айни пайтда, Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков «Единая Россия» вакилининг таклифидан Кремлнинг хабари йўқлигини айтди.
1990 йил 11 мартда ЛССР олий кенгаши давлат номини Литва Республикасига ўзгартириш тўғрисида қонун чиқарди ва Литва мустақиллигини тиклаш тўғрисидаги актни эълон қилди. 1991 йил 6 сентябрда Михаил Горбачев раислигидаги СССР давлат кенгаши Литва мустақиллигини тан олди. 2004 йилда мамлакат НАТО ва Европа иттифоқига қўшилди.
Литва доимий равишда Москвага қарши санкцияларни кучайтиришни ёқлаб келади ва май ойи охирида ҳатто Украина донини олиб чиқиш учун Россиянинг Қора денгиз блокадасини олиб ташлаш мақсадида денгиз коалициясини яратишни таклиф қилди.