Донбасс фронтида хорижлик журналистлар билан суҳбатда бўлган украин расмийлари ва ҳарбийлари вазият уларнинг армияси учун жуда оғир эканини тасдиқлашган: Россия қўшинлари отилаётган артиллерия снарядлари сони бўйича катта устунлик қайд этмоқда ва авиациядан фаол фойдаланмоқда. Шу билан бирга, Украина қуролли кучлари аскарининг сўзларига кўра, фронтда яқин масофадан ўт очиш қуроллари орқали тўқнашувлар деярли кузатилмаяпти — яъни Россия армияси оғир қуроллар борасидаги устунлигидан фойдаланмоқда. Украин қўшинларининг йўқотишлари улкан: мудофаа вазирлиги кунига 100 нафаргача аскар ва зобитлар ҳалок бўлаётганини тасдиқлаган (яраланганлар билан қўшганда кунлик йўқотишлар 600 кишигача етади). Украина қўмондонлиги (оддий аскарлар ҳам) бундай критик вазиятдан чиқишнинг йўли — Ғарбдан оғир қуроллар етказиб берилиши ҳажмини кўпайтириш эканини айтмоқда. Лекин бундай таъминот бўлмаган тақдирда ҳам, Украина армияси ҳалокат ёқасида эмас, фронт сочилиб кетмаган. Россия ҳарбийларининг олдинга юриши ҳамон минимал даражада — кунига бир неча километрдан кўп эмас.

Донбасс фронтида нималар бўлмоқда?

Жанглар ҳамон (сўнгги икки ойда бўлгани каби) Шимолий Дон соҳилларида давом этмоқда. Икки томон ҳам янги плацдармлар ўрнатишга (украин армияси — дарёнинг ўнг қирғоғида, россияликлар — сўл қирғоғида), шунингдек рақибнинг плацдармларини яксон этишга уринмоқда. Ҳозирча армияларнинг ҳеч бири бу борада ҳақиқий муваффақиятга эриша олмади.

  • Россия ҳарбийлари дарёнинг чап соҳилидаги деярли барча ҳудудларни эгаллаб олган (яъни Россия чегараси томонни) — украин қўшинлари томонидан бир ойдан ошиқ вақт давомида мудофаа қилинган Лиман ва Святогорск шаҳарлари руслар назоратига ўтган.
  • Украина армиясида чап соҳилда фақат икки плацдарм қолди —  Северодонецкдаги саноат ҳудуди ва Харковдан шарқда жойлашган Старий Салтовда.
  • Россия ҳарбийлари Изюм жанубида, Шимолий Дон дарёсининг ўнг соҳилидаги ўрмонли ҳудуддаги плацдармда қамалиб қолган. Бу ердан юришлар апрел ойидаёқ тўхтаб қолган, қўшинларнинг катта қисми плацдармдан олиб кетилган — уларнинг бир қисми Россияга, тўлдирилиш учун қайтарилган, бошқа қисми Северодонецк ҳудудига ўтказилган.
  • «ДХР»нинг деярли бутун ҳудуди Шимолий Доннинг ўнг соҳилида (дарё жануброқда Россия томон бурилади) жойлашган. Аммо бу ерда россиялик ҳарбийлар ва тан олинмаган республика «халқ милицияси» 2014 йилдаёқ, Донецк аэропорти ва унинг атрофидаги ҳудудлар учун жанглардан кейин юзага келган «туташув линияси»ни ёриб ўта олмайди. Линия украин ҳарбийлари билан жиддий мустаҳкамланган, саккиз йил мобайнида бу ерда чуқур мудофаа (эшелонли) ташкил этилган.