Жаҳон | 07:40 / 13.06.2022
11413
2 дақиқада ўқилади

Путин МДҲ давлатлари фуқаролари пенсия ҳуқуқлари тўғрисидаги битимни бекор қилиш тўғрисидаги қонунни имзолади

Россия президенти Владимир Путин МДҲ давлатлари фуқароларининг пенсия таъминоти соҳасидаги ҳуқуқларини кафолатлаш тўғрисидаги битимни бекор деб эълон қилиш тўғрисидаги қонунни имзолади.

Фото: Александр Рюмин/ТАСС

Ҳужжат шанба куни Россия ҳуқуқий ахборот расмий порталида эълон қилинди, деб хабар беради ТАСС.

Шартнома 1992 йил 13 мартда Москвада имзоланган. Унда Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Украина ҳам иштирок этган.

Шартномада ҳар бир иштирокчи давлат фуқаролари учун пенсия ҳуқуқини белгилашда собиқ СССР ҳудудида олинган иш стажлари ҳисобга олиниши назарда тутилган. Қонунга илова қилинган ҳужжатларда таъкидланишича, ушбу шартнома «СССРда иш тажрибасига эга бўлган фуқароларнинг авлодлари манфаатларини ҳисобга олиш» вазифасини муваффақиятли бажарди.

Айни пайтда пенсия таъминоти соҳасида мутаносиблик тамойили асосида янги икки томонлама шартномалар тузиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Ушбу тамойил пенсия ҳуқуқига эга бўлган давлат томонидан фуқаронинг доимий яшаш жойига пенсия экспорти деб аталадиган нарсани назарда тутади. Ҳар бир томон ўз пенсия қонунчилигига мувофиқ ҳудудида олинган суғурта ёки иш стажига қараб пенсиянинг тегишли қисмини ҳисоблаб чиқади ва тўлайди.

2019 йилда Россия Арманистон, Беларус, Қозоғистон ва Қирғизистон билан, 2021 йилда Тожикистон билан янги шартномалар имзолади. Молдова ва Ўзбекистон билан музокаралар олиб борилмоқда. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид