Ўзбекистон | 19:57 / 13.06.2022
18999
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев АҚШ генерали бошчилигидаги делегацияни қабул қилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 13 июн куни Америка Қўшма Штатлари Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондони генерал Майкл Курилла бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш, минтақавий хавфсизлик соҳасидаги амалий алоқаларни давом эттиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш ҳамда ижтимоий-иқтисодий тикланишга, шу жумладан устувор инфратузилмавий лойиҳаларни амалга оширишга кўмаклашиш борасидаги ташаббус ва дастурларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди. 

Бундан олдинроқ Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби Виктор Махмудов ҳам Майкл Куриллани қабул қилган.  

Томонлар икки мамлакат ўртасидаги ҳарбий ва ҳарбий-техникавий соҳалардаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилган. Марказий Осиёда минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш масалалари, жумладан, Афғонистондаги ҳозирги вазият борасида фикр алмашилган.

Музокаралар якунлари бўйича икки томонлама ва минтақавий кун тартибининг долзарб масалалари бўйича ўзаро манфаатли мулоқотни янада ривожлантириш бўйича келишувга эришилган.

Мавзуга оид