Йил якунигача Европага экспорт қилувчи корхоналар сонини 2 мингтага кўпайтириш вазифаси қўйилди
Шавкат Мирзиёев 13 июн куни ўтказилган йиғилишда Европага маҳсулот экспорт қилишда юзага келаётган муаммолар ва уларнинг ечимларига тўхталди. Бу ҳақда президент матбуот котиби хабар қилди.
Қайд этилишича, йиғилишда қуритилган мевани экспорт қилиш учун 27 хил турдаги таҳлил қилинадиган лаборатория талаб этилиши айтилган. Лекин Ўзбекистонда бирорта ҳам бундай лаборатория йўқлиги, тўқимачилик маҳсулотларини Европа бозорига олиб кириш учун зарур бўлган 61 та лаборатория таҳлилининг 16 таси йўлга қўйилмагани танқид қилинган.
«Энг муҳими, тадбиркор бу муаммолардан маҳсулотини Европага олиб боргандан кейин хабар топаяпти. Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати тадбиркорлар билан ишлаш, ўқитиш, мулоқотни йўлга қўймагани кўрсатиб ўтилди», — дейилади хабарда.
Шу муносабат билан ушбу идоралар раҳбарлари олдига 20 мингта ишлаб чиқарувчи тадбиркорлар билан ишлаб, йил якунига қадар Европага экспорт қилувчи корхоналар сонини 2 мингтага кўпайтириш вазифаси қўйилган. Уларга бир ой муддатда қайси стандартни жорий қилиш, қайси лабораторияни янгилаш бўйича дастур ишлаб чиқиш топширилган.
Вилоят ҳокимларига ҳам ўз ҳудудида экспортчилар сонини ошириш ва янги лабораториялар очиш бўйича дастур қабул қилиш топширилди.
Инвестиция вазирлигига:
- халқаро сертификация талабларининг ичига кириб, қайси лабораторияни модернизациялаш ва қайси стандартни ўзгартириш каби масалаларни ҳал қилиш;
- йил якунигача текстиль, электротехника, агро ва озиқ-овқат саноати бўйича 27 та халқаро кўргазмада иштирок этиб, камида 100 тадан экспортчиларни Европа бозорига олиб чиқиш топширилди.
Техник тартибга солиш агентлиги йил якунига қадар халқаро стандартлар жорий қилинган корхоналар сонини 3 баравар ошириб, 1 минг 200 тага етказиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.
Ушбу корхоналарда Европанинг 1,5 мингта стандартлари жорий этилади. Бу орқали, ҳар бир корхона халқаро лаборатория хулосалари учун 1 миллиард сўм иқтисод қилиб, экспортга кетадиган вақти 3 ҳафтагача қисқаради.
Бундан ташқари, агентликка 121 та лаборатория хулосаларини халқаро стандартларга мослаштириб, камида 100 та давлатда тан олинишини таъминлаш топширилди.
Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигига:
- Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва вилоят ҳокимлари билан бирга мева-сабзавот етиштирилаётган 200 минг гектар майдонни халқаро талабларга мослаштириш;
- йил якунигача 249 та мева-сабзавот кластерлари билан ишлаб, халқаро бозорларга экспорт қиладиган корхоналар сонини 400 тагача ошириш топширилди.
Йил якунигача 13 та ҳудудий агрокимё лабораторияни жиҳозлашга 10 миллион доллар йўналтирилади.
Ветеринария қўмитасига вилоят ҳокимлари билан бирга йил якунига қадар чорвачилик маҳсулотларини экспорт қилувчилар сонини 1,5 бараварга ошириб, 700 тага етказиш топширилди.
Санитария-эпидемиологик осойишталик хизматига вилоят марказларидаги 14 та лабораторияни халқаро аккредитациядан ўтказиш вазифаси қўйилди.
Божхона қўмитасига 1 октябргача экспорт, импорт ва транзит бўйича барча сертификат ва рухсатномаларни “Ягона дарча” орқали юритишни йўлга қўйиш топширилди.
Мавзуга оид
00:30
Шавкат Мирзиёев Санкт-Петербургга борди
20:19 / 24.12.2024
2025 йилда тиббиёт ходимларининг ойлик лавозим маоши оширилади
18:47 / 24.12.2024
Келгуси ўқув йилида 100 дан зиёд мактаб ташкил этилади, 162 та боғча қурилади
18:11 / 12.12.2024