Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Жонсон Украинадаги уруш чўзилишига тайёрланишга чақирди. Британия армияси қўмондони «Россияни енгишга қодир армия» тузишни таклиф қилди
Буюк Британия қуролли кучлари бош штабига июн ойидан раҳбар бўлган генерал Патрик Сандерс британ ҳарбийлари Европадаги янги урушга тайёр туриши кераклигини айтди. У бу ҳақда ўз қўли остидагиларга йўллаган мактубида ёзган, ундан парчалар The Independent ва The Guardian газеталарида эълон қилинган.
«Ҳозир иттифоқчиларимиз билан биргаликда жанг қилиб, Россияни жангда мағлуб эта оладиган армияни яратиш зарур… Биз — армияни яна Европада жанг қилишга тайёрлаш керак бўлган авлодмиз», — деган Бош штаб раҳбари британ ҳарбийларининг олдида турган вазифалар саналган мурожаатида.
«Россиянинг Украинага босқини бизнинг асосий вазифамизга урғу беради — Буюк Британияни ҳимоя қилиш ва қуруқликдаги урушларда ғалаба қозонишга тайёр бўлиш», — дея қўшимча қилган у. Сандерснинг ҳисоблашича, «Россия тажовузини жиловловчи» таҳдидлар зарур.
Патрик Сандерс 1941 йилдан бери Британия армияси қўмондонлигини «Европада қитъа миқёсидаги державалар иштирокидаги қуруқликда олиб борилаётган уруш шароитида» қабул қилиб олган илк Бош штаб бошлиғи эканини таъкидлаган.
Британия нашрлари Сандерснинг мактубидан парчаларни мамлакат бош вазири Борис Жонсоннинг иттифоқчиларни бўшашмаслик ва Украинадаги уруш украин ҳарбийлари ғалабасига қадар давом этишига тайёрланишга чақирган баёноти фонида тарқатилди. У бу ҳақда 18 июн куни The Sunday Times газетасида эълон қилинган «Агар жасоратли Украинадан юз ўгирсак, ҳеч қачон хавфсизликда бўлмаймиз» сарлавҳали колонкасида айтган. Материал Жонсон уруш бошидан буён олдиндан эълон қилмаган ҳолда иккинчи бор Киевга ташриф буюришидан кейинги куни нашр этилди.
Жонсон ўз колонкасида Украинани Россияга қарши туришда қўллаб-қувватлаш бўйича узоқ муддатли стратегия ишлаб чиқиш зарурлигини айтган. У Украинага қурол етказиб бериш ва украин ҳарбийларини ўқитишни давом эттириш, Украинага яшовчанлигини сақлаб қолишда ёрдам кўрсатиш, украин экспорти учун қуруқликдаги муқобил йўналишларни ривожлантириш ва украин озиқ-овқат маҳсулотларини денгиз орқали олиб чиқиш учун хавфсиз йўлакни таъминлашни таклиф қилган.
Жонсон апрел ойида Украинадаги уруш 2023 йил охиригача давом этиши мумкинлиги ҳақида гапирганди. Украинадаги уруш чўзилиши ҳақида НАТО бош котиби Йенс Столтенберг ҳам гапирган. «Биз бу уруш бир неча йиллар давом этиши мумкинлигига тайёрланишимиз лозим. Биз Украинани қўллаб-қувватлашни заифлаштирмаслигимиз керак. Ҳатто бу харажатлар юқори бўлса-да — нафақат ҳарбий ёрдам учун, балки энергия ва озиқ-овқат нархлари кўтарилиши туфайли ҳам», — деганди НАТО раҳбари Bild am Sonntag газетасига берган интервьюсида.
Буюк Британия мудофаа вазири Бен Уоллес июн ойи бошида Британия украин ҳарбийларини «ўта муҳим қуроллар» билан таъминлашда етакчи ролни ўйнаётганини айтганди. Буюк Британия Украинага беш мингдан ортиқ танкка қарши енгил қуроллар, ўрта масофага ҳаракатланувчи Brimstone 1 ракеталари, Mastiff зирҳли машиналари ва Starstreak ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари етказиб берган. Июн ойи бошида Буюк Британия АҚШ каби Украинага узоқ масофага зарба берувчи баравар ўт очиш реактив тизимларини етказиб беришга қарор қилди.
Россиянинг Украинага қарши урушининг дастлабки даврида, 1 март куни «Россия сегодня» давлат агентлиги раҳбари, телебошловчи Дмитрий Киселев «Россия 1» канали эфирида «Сармат» баллистик ракетаси ёки «Посейдон» бошқарувчисиз сувости аппарати «Буюк Британияни бир лаҳзада чўктириб юбориши» акс этган видеографикани намойиш этганди.
Мавзуга оид
22:31 / 03.03.2025
Борис Жонсон Трамп нега Украинага босим қилаётганини тушунтирди
18:53 / 13.11.2024
Борис Жонсон Украинага британ ҳарбийлари юборилиши шартини айтди
23:14 / 30.09.2024
Борис Жонсон миграция инқирозида Франция президентини айблади
11:36 / 12.01.2024