21 май кунидан Uzbekistan Airways компанияси Грузиянинг Батуми шаҳрига тўғридан тўғри рейсларни бошлади. Ҳозирда Тошкент-Батуми-Тошкент йўналишида ҳафтанинг чоршанба ва шанба кунлари самолётлар қатнамоқда.
Ушбу шаҳарда 15 июн куни туризм мавсуми очилди, шу куни Uzbekistan Airways ва Грузия томони ҳамкорлигида ўзбекистонлик журналистлар ва блогерлар иштирокида медиатур ташкил этилди. Шу санадан коронавирус билан боғлиқ барча чекловлар бекор қилинди - энди аэропортда ПЦРнинг манфий натижаси ёки эмланганлик ҳақидаги сертификатни кўрсатиш талаб этилмайди.
Kun.uz вакили ҳам 18 июнга қадар давом этган ушбу саёҳатда иштирок этди, қуйида ушбу турдан репортаж тақдим этилади.
Ажария

Ажария — Грузиянинг энг ажойиб бурчакларидан бири. Бу ерга ташриф буюрган инсон бу ерда туризм тез суръатларда ривож топаётганига амин бўлади. Бунинг сабаблари кўп. Ажария табиати бойлиги ва турли-туманлиги билан мафтун қилади: Қора денгиз соҳили ва пурвиқор тоғлар, меҳмондўстлик, маданий обидалар, қалъалар, қадимий кўприклар, чиройли кўллар ва қишлоқлар. Бу ерда ўзингиз учун қадимий анъаналарга амал қилиб келувчи тамаддихоналарни кашф этишингиз, экотуризм ва ҳақиқий грузинча меҳмондорчиликни ҳис қилишингиз мумкин.
Батуми - Ажариянинг асосий маркази, Грузиянинг Тбилисидан кейинги иккинчи йирик шаҳридир. Икки минг йиллик тарихга эга ушбу шаҳар архитектураси ранг-баранг, иқлими субтропик ва Шарқий Европа минтақасида асосий сайёҳлик йўналишларидан саналади.
Дунёнинг кўплаб мамлакатлари, жумладан Ўзбекистон аҳолиси ҳам Грузияга визасиз кириши мумкин. Бугунги кунда Грузия дунёнинг энг хавфсиз мамлакатларидан бирига айланган. Батумига ўзбекистонликлар Тбилисидан автомобил, автобус ёки поезд орқали етиб олиши мумкин эди, энди эса тўғридан тўғри Тошкентдан самолётда ҳам учиш мумкин.
Грузия миллий валютаси - грузин лариси ҳисобланади. 10 лари 3 долларга баҳоланади. Шаҳарда барча жойда (ресторанлар, кафелар, маркетлар, шоппинг-марказлар) банк карталари билан харид қилиш мумкин. Аммо шаҳар ташқарисига чиққанда ҳамёнда нақд пул ҳам бўлиши керак.

Бошпана
Батуми кундузи ортиқча шовқинсиз, бирмунча осуда шаҳар, лекин тунда ҳам ҳаёт тўхтамайди. Бу ерга дунёнинг турли чеккаларидан сайёҳлар келишади, у ерга ёлғиз ҳам, оилавий бўлиб ҳам бориш мумкин.






























































