Жаҳон | 22:18 / 23.06.2022
15296
2 дақиқада ўқилади

БРИКС мамлакатлари БМТ Хавфсизлик кенгаши ва ЖСТни ислоҳ қилишга чақирди 

Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Африка ЖСТни ислоҳ қилиш вақти «аллақачон етиб келган» деб ҳисобламоқда.

Фото: РИА Новости

БРИКС мамлакатлари БМТ Хавфсизлик кенгаши ва Жаҳон савдо ташкилоти ислоҳ қилинишини қўллаб-қувватлайди. Бу ҳақда халқаро уюшма саммити якунлари бўйича қабул қилинган қўшма декларациясида маълум қилди.

Декларацияга кўра, БРИКС мамлакатлари халқаро тизимда БМТнинг марказий ролини сақлаб қолиш тарафдори. Шу билан бирга, БРИКС «БМТ Хавфсизлик кенгашини ислоҳ қилиш борасидаги мунозарага янги ҳаёт бағишлашга тайёр». 

Таъкидланишича, Хитой ва Россия Бразилия, Ҳиндистон ва ЖАРнинг «БМТда янада сезиларли роль ўйнашга уриниши»ни қўллаб-қувватлайди. 

Бундан ташқари, БРИКС мамлакатлари Жаҳон савдо ташкилотининг ишини ўзгартиришга чақирди. 

Шунингдек, БРИКС мамлакатлари Жаҳон савдо ташкилотини «ЖСТ руҳи ва қоидаларига зид келувчи бир томонлама ва протекционистик чораларни қўлламасликка» даъват қилди. 

БМТ Хавфсизлик кенгашига АҚШ, Россия, Буюк Британия, Франция ва Хитой киради.

Аввалроқ Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған БМТ тизимини ислоҳ қилиш вақти келганини айтганди.

«БМТга аъзо 193 мамлакат тақдирини беш мамлакат белгилайдиган тизим адолатдан эмас. Тизим қайта ислоҳ қилиниши керак. Дунёдаги мамлакатлар бештадан кўплигини гапирганимизда бутун инсониятнинг ҳуқуқ ва умумий манфаатларини ҳимоя қилишга уринамиз, буни ўз мамлакатимиз манфаати учун гапирмаймиз», - деганди у.

Мавзуга оид