Шавкат Мирзиёев BRICS+ онлайн саммитида қатнашди
Президент ўз нутқида халқаро кескинлик кучайиб бораётгани, тизимли иқтисодий инқироз белгилари кўринаётганини айтди.
Президент Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси раиси Си Жинпингнинг таклифига биноан 24 июн куни BRICS+ форматидаги Глобал тараққиёт масалалари бўйича юқори даражадаги мулоқотда иштирок этди.
Президент матбуот хизматига кўра, Хитой томони раислигида ўтган онлайн форумда дунёнинг 18 мамлакатидан давлат ва ҳукумат раҳбарлари қатнашди.
Ўзбекистон ва Хитой етакчилари билан бир қаторда Аргентина президенти Алберто Фернандес, Индонезия президенти Жоко Видодо, Жанубий Африка Республикаси президенти Сирил Рамафоса, Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси, Россия президенти Владимир Путин, Эрон президенти Иброҳим Раисий, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди, Бразилия вице-президенти Гамилтон Моурау, шунингдек, Камбоджа, Малайзия, Таиланд, Фижи ва Эфиопия ҳукуматлари раҳбарлари иштирок этди.
Тадбирнинг асосий мавзуси – глобал шерикликни ривожлантириш ва Барқарор ривожланиш соҳасидаги кун тартибини биргаликда илгари суриш масалалари бўлди.
Хавфсизлик ва барқарорлик борасидаги кўп томонлама ҳамкорлик, савдо ва инвестициялар, “яшил” иқтисодиёт, юқори технологиялар ва инновациялар, рақамлаштириш, транспорт ва логистика, экология, гуманитар соҳаларда амалий шерикликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон президенти ўз нутқида BRICS+ форматидаги мулоқотнинг Барқарор ривожланиш кун тартибини илгари суришда инклюзив шериклик учун зарур платформа сифатида алоҳида аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Бугунги дунё қатор таҳликали жараёнлар билан кечаётган чуқур трансформация даврида яшаётгани – халқаро кескинлик тобора кучайиб бораётгани ва тизимли иқтисодий инқироз белгилари намоён бўлаётгани қайд этилди.
Иштирокчиларнинг эътибори “Инсон манфаатлари – ҳамма нарсадан устун” деган тамойил асосида ислоҳотларни амалга оширишни изчил давом эттираётган Янги Ўзбекистон бундай шароитда кенг кўламли ҳамкорлик, шу жумладан “Жануб-Жануб” форматидаги шериклик учун очиқ эканига қаратилди.
Жаҳон иқтисодиётида кузатилаётган инқирозли ҳолатларни енгиб ўтиш мақсадида савдодаги тўсиқларни бартараф этиш, янги ишлаб чиқариш ва савдо-логистика занжирларини яратиш, саноат кооперацияси бўйича лойиҳаларга инвестициялар жалб этиш ва инфратузилмани модернизация қилиш, технологиялар трансфери ва инновацияларни жорий этиш, сунъий интеллект, рақамлаштириш, биотехнологиялар, вакциналар ишлаб чиқиш соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича мувофиқлаштирилган чора-тадбирларни қабул қилиш муҳимлиги таъкидланди.
Қўшма лойиҳа ва ташаббусларни илгари суриш мақсадида BRICS+ ишбилармон доиралари форумини йўлга қўйиш таклиф этилди.
Ўзбекистон президенти транспорт-коммуникациялар соҳасидаги боғлиқликни кучайтириш ҳамда “Шимол – Жануб” ва “Ғарб – Шарқ” трансконтинентал йўналишларига минтақамизни жалб этиш ташаббусини илгари сурди.
БМТнинг бозорларда озиқ-овқат маҳсулотларининг барқарор ва очиқ ҳаракатини таъминлаш бўйича даъвати қўллаб-қувватланди.
Жаҳон қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг ярмигача бўлган қисмини таъминлаётган BRICS мамлакатларининг улкан салоҳиятидан кооперацияни мустаҳкамлаш, озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш ва улардан фойдаланишнинг ишончли тизимларини шакллантириш йўлида фойдаланиш муҳим экани таъкидланди.
Камбағалликни қисқартириш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш соҳасида дастурларни амалга ошириш, иқлим ўзгаришлари ва инсон салоҳиятини ривожлантириш бўйича кўп томонлама ҳамкорликни фаоллаштириш шерикликнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида кўрсатиб ўтилди.
Ўзбекистон Университетлар лигаси ва Тармоқли университет каби BRICS дастурларида иштирок этишдан, шунингдек, профессионал таълим ва ёшларга доир сиёсат соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор экани таъкидланди.
Ўзбекистон томони Шанхай ҳамкорлик ташкилоти раиси сифатида BRICS ва ШҲТнинг ўзаро амалий ҳамкорлик механизмларини ишлаб чиқишни ҳам таклиф этди.
Сўзининг якунида Президент Шавкат Мирзиёев BRICS+ шаклидаги мулоқотнинг ўтказилиши тезкор равишда умумий таҳдидларнинг олдини олиш, глобал барқарорлик ва мамлакатларнинг изчил тараққиётини таъминлаш йўлида иштирокчиларнинг интилишлари муштараклигини яна бир бор намойиш этганини таъкидлади.
Бошқа хорижий етакчиларнинг нутқларида ҳам глобал шерикликни ва 2030 йилга қадар Барқарор ривожланиш соҳасидаги кун тартибини илгари суришда ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлиги тўғрисида фикрлар билдирилди. Иқтисодиёт, инновациялар ва “яшил” технологиялар, савдо, транспорт ва коммуникациялар, экология, бошқа устувор соҳалардаги кўп томонлама мулоқотнинг истиқболли йўналишлари қайд этилди.
Мавзуга оид
15:52 / 13.11.2024
Ўзбекистонда Глобал экологик фонд донорлари йиғилиши ўтказилиши мумкин
15:29 / 13.11.2024
Ўзбекистон президенти Чехия бош вазири билан учрашув ўтказди
14:37 / 13.11.2024
Шавкат Мирзиёев Бокуда Илҳом Алиев билан учрашди
13:50 / 13.11.2024