Ўзбекистон | 10:52 / 25.06.2022
24052
2 дақиқада ўқилади

Оила қураётганлар энди никоҳдан ўтиш учун 1 ой кутишлари шарт бўлмайди

Оила кодексига киритилаётган ўзгартиришга кўра, никоҳланувчи шахслар мажбурий тиббий кўрикдан ўтганларидан сўнг оила қурганликларини расмийлаштиришлари мумкин бўляпти.

Фото: Kun.uz

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди. Қайд этилишича, муҳокамада адлия вазири Руслан Давлетов сўзга чиқиб, қонун лойиҳаси бўйича киритилаётган муҳим ўзгартиришлар ҳақида маълумот берган.

Жумладан, лойиҳа билан Оила кодексининг 13, 17 ва 212-моддаларига қуйидаги ўзгартишлар киритилмоқда:

  • никоҳни қайд этишнинг бир ойлик муддати ва уни қисқартириш учун асос бўлувчи ҳолатлар бекор қилинмоқда;
  • никоҳни никоҳланувчи шахслар мажбурий тиббий кўрикдан ўтганларидан сўнг расмийлаштириш тартиби белгиланмоқда.

Адлия вазирлиги ахборот хизматининг қўшимча қилишича, лойиҳани ишлаб чиқишда, илғор хорижий давлатлар, жумладан, мусулмон давлатларнинг тажрибалари ҳам ўрганилган. Қонун лойиҳаси қабул қилингандан сўнг, никоҳланувчи шахслар мажбурий тиббий кўрикдан ўтганларидан сўнг 1 ойлик муддатни кутмасдан исталган вақтда никоҳдан ўтишлари мумкин бўлади.

“Лойиҳанинг қабул қилиниши, никоҳни ўз вақтида расмийлаштириш, ФҲДЁ ва соғлиқни сақлаш органларида ортиқча қоғозбозлик, бюрократия ва коррупциявий ҳолатларни бартараф этиш, оталикни белгилаш ва шаръий никоҳ асосида яшаш ҳолатларини камайтириш имконини беради”, дейди адлия вазирининг матбуот котиби Севара Ўринбоева.

Қонун лойиҳаси Олий Мажлис Сенати томонидан маъқулланиб, Президент томонидан имзолангандан сўнг кучга киради.

Мавзуга оид