Агар даромадингиз паст бўлса, катта харид учун пул жамғариб боришдан маъно йўқ. Ҳатто молиявий хавфсизлик ёстиқчасига ҳам пул топиш мураккаб бўлади. Бу ҳолат одамни тушкунликка туширади. «Кераксиз нарсаларни сотиб олма» деган оддий тавсия ҳам етарли бўлмай қолади. Шунинг учун пулни назорат қилишга 2 баробар кўп куч сарфлашга тўғри келади. Агар бунга онгли равишда ёндашсангиз, вазиятни тўғирлай оласиз.

1. Бюджет тузишни бошланг

Бу ҳамма учун фойдали, лекин даромади кичик одамлар учун айни муддао. Сиз пулингиз нимага сарфланаётганини аниқлайсиз ва керакли харажатларни режалаштира оласиз.

Оддий блокнотга ёки махсус мобил илова ёрдамида 1 ой давомида даромад ва харажатларингизни ёзиб боринг. Муддат охирида тўпланган маълумотларни таҳлил қилинг.

Озиқ-овқат, транспорт, кўнгилочар тадбирлар, уй-рўзғор буюмлари учун қанча сарфланганини аниқланг. Пулни тежаш учун нимадан воз кечишингиз мумкинлигини ўйлаб кўринг. Шунга асосланиб, келгуси ой учун молиявий режа тузинг.

2. Мажбурий тўловларни дарҳол тўланг

Кредит ёки коммунал хизматлар тўловини кейинга қолдирманг. Маошдан сўнг пул кўпайгандек ва ҳамма нарсани сотиб олиш мумкиндек туюлади. Бу алдамчи туйғу қарзга олиб келиши мумкин. Унутманг, кечиктирилган тўловлар учун пеня ундирилади. Агар бир неча ойлик мажбурий тўловлар тўпланиб қолса, жуда оғир вазиятга тушиб қолиш мумкин.

3. Нимадан воз кечишга тайёр ёки тайёр эмаслигингизни аниқлаб олинг

Ўзингизни ҳамма нарсадан маҳрум қилиш жуда қийин. Доимий чекловлар ҳаётни заҳарлайди. Бундай ҳолатда эзилиш туйғусидан қутулиш учун таслим бўлиш ва кераксиз нарсаларни сотиб олиш осон. Шунинг учун, нималарда пулни тежашга рози эканингиз ёки рози эмаслигингиз ҳақида ўйлаб кўринг.

Мисол учун, сузишни ёки расм чизишни яхши кўрасиз, бу машғулотлар ҳаётни ёрқинроқ қилади ва сизни ижобий ҳис-туйғулар билан қувватлайди. Улардан воз кечманг. Ойига севимли машғулотингизга қанча пул сарфлашингизни ҳисобланг ва керакли миқдорни бошқа тоифадаги харажатлардан тежанг.

4. Товар ва хизматларнинг бепул муқобилини изланг

Агар севимли машғулот ва қизиқишингиз кўп бўлса, уларнинг барчасига пул сарфламанг. Албатта, баъзиларида пулни тежаш мумкин.

- Агар мутолаани яхши кўрсангиз, китоб сотиб олманг, уни кутубхонадан олинг. Шунингдек, китобларнинг бепул электрон нусхалари ҳам бор.