Ўзбекистонда конституциявий ислоҳотлар ташаббуси, 2021 йилнинг охирларида Президент Мирзиёев томонидан илгари сурилди. Шу ўтган давр ичида, 1992 йил декабрида қабул қилинган Ўзбекистон Конституцияси, маънан анча эскирганлиги кўп марта айтилди. Ҳақиқатда, Ўзбекистоннинг жорий Конституцияси концептуал ўзгаришларга муҳтож эканлигини кўп йиллардан бери таъкидлаб келаман.
Айни пайтда, Ўзбекистонда бошланган жорий конституциявий ислоҳотлар, давлатнинг ва жамиятнинг эҳтиёжлари ўртасидаги компромисс бўлиши эҳтимоли юқори. Жамият учун ҳуқуқий-демократик давлатчиликка тезлаштирилган курсда ўтиб бориш ғояси, табиийки, жозибадор. Лекин давлатнинг ҳам маълум сиёсий ва геосиёсий хавотирлари ҳамда ҳали ечими шаклланиб улгурмаган вазифалари борки, олий ҳокимиятнинг марказий мотивларидан бири – сиёсий майдондаги вазиятни барқарорлаштириш бўлиши мумкин.
Ушбу таҳлилий докладда, кўпроқ давлатнинг ички қарашлари, эҳтиёжлари, хавотирларини таҳлил қилишга ҳаракат қилинади. Таҳлилнинг асосий мақсади – ҳокимиятнинг ички мотивларини тушуниш ҳисобланади. Жумладан, Ўзбекистон ватандошлик жамиятига ҳам маълум тавсиялар ишлаб чиқишга ҳаракат қилинади.
Эскирган Конституция ва конституциявий ислоҳотлар зарурати
1.1. Ўзбекистоннинг жорий Конституцияси 1992 йилда қабул қилинган бўлиб, ўша даврдаги анча содда сиёсий ва ҳуқуқий қарашларни расмийлаштирган эди. Бугунги кунга келиб, жорий Конституция аллақачон жиддий ислоҳотларга муҳтож эди. Унда қадриятлар бўлими механизмлар жорий қилиш даражасига бормаган. Қолаверса, давлат институтлари ва улар ўртасидаги ваколатлар мувозанати борасида ҳам, жиддий номутаносибликлар яққол кўзга ташланиб туради.
1.2. Ўзбекистон Конституцияси концептуал ислоҳотларга муҳтож. Концептуал деганда, авваламбор, Бош Қонуннинг руҳияти, оҳанги жиддий ўзгариши, қадриятлар чуқур ва кенг таъкидланиши лозим. Яъни, конституцион қадриятлар ижтимоий фикрда чуқур муҳрланиш даражасига етиб бориши керак. Давлат институтлари ва улар ўртасидаги ваколатлар эса, жиддий бир шаклда қайта кўриб чиқилиши мақсадга мувофиқ бўларди.
1.3. Ўзбекистонликлар ижтимоий фикрида бир қараш борки, унга кўра «Конституция имкон қадар замонлар ва маконлар оша универсал бўлиши керак» дейилади. Аслида, давлатларнинг конституциялари ўзгариб, такомиллаштирилиб туриши – давлатлар тажрибасида нормал ҳолат ҳисобланади. Баъзи демократик давлатларда ҳалига қадар конституциялар мавжуд эмас. Бошқаларида эса, кўплаб ўта муҳим ҳуқуқий-сиёсий жараёнлар конституция бўлимлари ва моддалари билан эмас, қонунлар ва бошқа ҳуқуқий актлар билан тартибга солинади. Шунинг учун ҳам, асосий масала, бу конституцияларнинг қанчалик тез ўзгариши эмас, ўзгаришларнинг мазмун-моҳияти ҳисобланади.












