Бутун мамлакат бўйлаб криминоген вазиятни яхшилаш бўйича рейдлар ўтказилмоқда, уларда жиноят содир этганликда гумонланган ўнлаб одамлар қўлга олинди. Ушланганларнинг аксарияти аҳоли орасида "кўча" одами сифатида танилган шахслар. Хўш, криминал “кўча” ўзи қандай пайдо бўлган, у ҳокимият ва жамиятга қандай таъсир ўтказяпти? Kun.uz бу рейдлар ва уларнинг аҳамияти ҳақида сиёсатшунослар Ҳамид Содиқ, Камолиддин Раббимов ва ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташанов билан суҳбатлашди. 

— Келинг ҳозирги вақтда жиноятчилик оламининг кураши ҳақида гапиришдан олдин Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки йилларида 80-90-йилларда пайдо бўлган мафияга тўхталсак, у қандай ва нима сабабдан шаклланган эди?

Абдураҳмон Ташанов:

— Ҳар бир ҳокимият тадрижий миссиясини ўтаб бўлгач, алмашиш даврида муайян даражада заифлашади, шу маънода Совет иттифоқи ҳам 80 йилларда кучсизланаётганди. Ҳокимият кучсизланди, сўз эркинлиги кириб келди, бошқа эркинликлар ҳам пайдо бўлди. Ерни суғорса, биринчи бегона ўтлар ўсгандек, эркинлик берилганда ҳам биринчи бўлиб салбий томонлар юзага чиқади. 80-90 йиллар бошида ҳам шундай вазият юзага келган эди.

Ўзбекистонда ўша пайтда жуда катта криминоген омил юзага келди. Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримов жуда қатъий позиция кўрсатган бу борада, қаттиқ курашлар олиб борган. Ўша пайтда чиққанларнинг баъзилари йўқ бўлиб, баъзилари юрган эди бемалол. Иккинчи маъмурият давридаги баъзи эркинликлар фонида бундай гуруҳлар, шахслар ҳам ривожланди. Ва ҳал қилиш керак бўлган вазият юзага келган эди. Ўзбекистон ҳукумати бу ишларни аллақачон бошлаши керак эди, аммо ҳечдан кўра кеч яхши, албатта.

Камолиддин Раббимов:

— Совет иттифоқи қулаши давлат заифлашиши ва жамиятда вакуум пайдо бўлиши оқибатида бўлди. Жамиятда бўшлиқ қолиб кетмаслиги керак. Ўзбек жамиятида ҳуқуқий давлатчилик тажрибаси кучли эмас, буни биламиз. Совет иттифоқи даврида ҳам, биринчи маъмурият пайтида ҳам ҳуқуқий давлатчилик яхши шаклланмаган. Шу фонда жамиятнинг мойилликлари бўлади. Ўзбекистон жамиятида давлатга бўлган муносабат ижобий феноменга айлангани йўқ ҳали, чунки совет давридаги тоталитаризм, кейинги авторитаризм оқибатида инсонлар ўз манфаатини давлат билан курашиб олиши керак, деган тафаккур шаклланиб қолган. Шу фонда давлат кучига муқобил тарзда мафия, кўча одамлари кўрилади.