
Kun.uz мухбири 22 июн куни Тўпаланг сув омборидаги воқеаларга ойдинлик киритиш мақсадида у ерда бўлиб, масъуллардан изоҳ олишга ва ҳудуддаги асл ҳолат билан танишишга рухсат сўради. Бироқ мазкур ҳудудда айни пайтда комиссия иш олиб бораётганини рўкач қилиб, киришга рухсат берилмади.
Шундан сўнг ўша ерда ишлайдиганлар ва вазиятдан яхши хабардор фуқаролар билан суҳбатлашиб, ҳолатга аниқлик киритишга уринган Kun.uz мухбирига маълум бўлишича, бу – Тўпаланг сув омбори билан боғлиқ биринчи фавқулодда ҳолат эмас экан. Масалан, 10 йилча аввал 20 кун кетма-кет ёғган ёмғир сув омбор сатҳини кўтариб юборган, омборга келиб қуйилаётган сув ундан чиқариб юбориш мумкин бўлган миқдордан ортган. Сувнинг тўғондан ошиб тушиши хавфи пайдо бўлган. Маълумот берган шахслар бу ҳолатнинг яхшилик билан якун топганини таъкидлашган.
Айтилишича, бу охирги ҳолат аввалгиларининг олдида «арзимас» авария деб талқин қилинмоқда.
«Ҳозир тўғонга ҳеч нарса хавф солмаяпти. Шунчаки, сув омборидан Тўпаланг ГЭСга келаётган сув йўлини ёпишолмаяпти эмиш, холос. Сув омборнинг тўғони эса бус-бутун, унга зарар етмаган.
ГЭС агрегатларига сув олиб келувчи 4 та қувурнинг биридаги сув йўлини тўсувчи темир дарвозаси бузилган. Воқеа тўғондан ташқарида – 500 метр пастда бўляпти», дея хабар беради Kun.uz мухбири.

Дастлабки кун тарқалган видеода ГЭС машина залини сув яхшигина босгани тасвирланган. Сувсиз дарё ўзани сувга тўлган. Тошқин сув йўлидаги боғлардан бирининг четини ҳам ўпирган. Тўпаланг дарёсига шиддат билан бостириб келаётган лойқа сув, оқиб келаётган илдизидан қўпорилган дарахтларни, сув омбор томон йўналган ички ишлар ва қутқарув хизмати ходимларини кўрган аҳолида қўрқув пайдо бўлган.

Ҳудуд аҳолиси воқеани видеога олиб, бир-бирига юбориб, кўч-кўронини, хонадонидаги молларини ташлаб, тоғларга чиқиб кетишган. Айримлари пойтахтга қараб йўлга чиқишган.


















