2000 йилнинг август ойи. Сурхондарё вилоятининг Сариосиё ва Узун туманларига террорчилар тўдаси ҳужум уюштирди. Ўша пайтда махсус операциялар баталонида хизмат қилаётган Бобомурод Нуротов жангариларга қарши курашиш учун жанг майдонига жўнаб кетди. “Босқинчиларни ер тишлатдик, лекин қурбонлар эвазига. Кўз ўнгингизда дўстингизга ўқ тегиб жони узилса, бундан даҳшати йўқ. Жанг майдонида бир неча сафдошларимдан айрилдим”, дейди у.
Сариосиё воқеалари иштирокчиси бўлган захирадаги сержант Бобомурод Нуротов Kun.uz журналистига уруш даҳшатлари ҳақида сўзлаб берди.
Ҳарбий либосга меҳр
“Андижон вилояти Қўрғонтепа туманининг чекка қишлоқларидан бирида туғилганман. Ёшликдан чиниқиб катта бўлганмиз, полвонлар сулоласиданман, бобом машҳур полвон бўлган.

Акаларимнинг бири ҳарбий, яна бири МХХ (ҳозирги ДХХ) ходими бўлгани учун ҳам соҳага муҳаббат болаликдан уйғонган. Ҳарбий либосларини кўриб улардай бўлишга интилганман.
Муддатли ҳарбий хизматни миллий гвардия тизимида ўтказдим. 65-баталонда шартнома асосида хизматни давом эттирдим. Бизнинг баталон махсус операцияларни бажариш учун тайёргарлик кўрарди ва шу сабабдан унга чиниққан, тезкор қарор қабул қилувчи ёш йигитлар саралаб олинганди.
Мустақилликка эришганимизга энди 7-8 йил бўлганди. Юрт ҳимояси мард ва жасур йигитларнинг зиммасида бўлади доим. Биз ҳам ватан ҳимояси учун тайёргарлик кўрадиган гуруҳ эдик.

Баъзи гуруҳлар, жамиятлар Ўзбекистонимиздаги тинчликка рахна солиш учун босқинчилик ҳаракатларини уюштириб туришарди. Булардан бири Сурхондарёнинг Узун ва Сариосиё туманларида юз берди. Сурхон тоғларида кўплаб сафдошларимизнинг жон берганига гувоҳ бўлдим. Бу воқеаларни шунчаки айтиб бериш азоб.
“Ўляпман, ўртоқ командир”
2000 йилнинг август ойида террористлар суқилиб кирган Сариосиёга етиб бордик. Асосий жанг тоғ тепасида бўлган. Тоғли ҳудудларда жойлашган 5 қишлоқни жангарилар эгаллаб олган экан.























