РФ армияси ўз баёнотида қўшинларни олиб чиқиш қарори «яхши ният қадами сифатида» қабул қилинганини даъво қилмоқда. Россиялик ҳарбийлар бу каби формулировкани март ойи охирида Украина шимолидаги ҳудудлардан (Киев, Черниҳив ва Суми областлари) чекинганида ҳам қўллаганди. Ғарблик экспертлар фикрича, бу ҳудудларда Россия ҳарбий мағлубиятга учраган ва чекинишга мажбур бўлган.
«Бу орқали Россия Федерацияси жаҳон ҳамжамиятига БМТнинг Украина ҳудудидан қишлоқ хўжалик маҳсулотларини экспорт қилиш учун гуманитар йўлак ташкил этиш бўйича саъй-ҳаракатларига тўсқинлик қилмаслигини намойиш этади.
Бу қарор Киевга Қора денгизнинг шимолий-ғарбий қисми Россиянинг тўлиқ назоратида экани туфайли буғдойни олиб чиқиш имконсизлигини айтиб, яқинлашиб келаётган озиқ-овқат инқирози мавзусида спекуляция қилишига имкон бермайди», дейилади РФ мудофаа вазирлигининг Илон оролидан қўшинлар олиб кетилгани тўғрисидаги баёнотида.
Ғарб давлатлари ва Украина Россия украин портларини блокада қилишда давом этмоқда ва бу орқали украин озиқ-овқат маҳсулотлари жаҳон бозорига олиб чиқилишига тўсқинлик қилмоқда деб ҳисоблайди.

РФ мудофаа вазирлиги баёнотидан олдинроқ Украинанинг «Жануб» оператив қўмондонлиги РФ армияси қисмлари жойлаштирилган Илон ороли бўйлаб ракета ва артиллерия зарбалари орқали навбатдаги муваффақиятли амалиёт амалга оширилгани тўғрисида хабар тарқатганди. Қўмондонлик хабарида бу ҳужумлар натижасида россиялик ҳарбийлар «гарнизоннинг қолган қисмини иккита тезюрар катер орқали шошилинч равишда эвакуация қилгани ва катта эҳтимол билан оролни тарк этгани» маълум қилинганди.
Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермак ҳам «Илон оролида россияликлар қолмагани» ҳақида ёзган. «Жануб» оператив қўмондонлиги аниқлик киритишича, айни дамда оролда ёнғин ва портлашлар рўй бермоқда.
Ермак россияликларнинг «яхши ният» ҳақидаги баёнотига ҳам муносабат билдирган. «Буларнинг барчаси буткул фейк. Биринчидан, Украина қуролли кучлари россияликларни Илон оролидан ҳайдаб чиқарди. Иккинчидан, россияликлар ғалла сақланаётган омборларимизни ўққа тутишмоқда. Россия озиқ-овқат инқирозини юзага келтиришда ва алдашда давом этмоқда. Улар ҳамон бизнинг портларимизни блоклаб туришибди ва донларимизни йўқ қилишмоқда. Уларга глобал Голодомор керак», деган Ермак.

Уруш бошидан буён Илон ороли учун бир неча бор жанглар бошланган, аммо Украина қуролли кучлари учун уни озод қилиш устувор вазифа бўлмаган. Май ойида Россия мудофаа вазирлиги украин ҳарбийларининг оролни қайтариб олиш учун муваффақиятсиз уриниши ҳақида хабар берганида Украина мудофаа вазирлиги бундай уриниш амалга оширилмаганини маълум қилган, Украина президенти офиси маслаҳатчиси Алексей Арестович эса Украина оролдаги Россия нишонларига зарба бериш анча осонлашганини айтиб ўтганди.
















