Ушбу форум Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан ташкил этилди. Тадбир қишлоқ хўжалиги соҳасида мавжуд кўп томонлама ҳамкорликни баҳолаш ва ТДТ аъзолари ҳамда кузатувчилар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг салоҳиятли йўналишлари бўйича фикр алмашиш, техник ҳамкорликни йўлга қўйиш, технологияларни етказиш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулдорлигини ошириш орқали озиқ-овқат хавфсизлигини яхшилаш бўйича минтақавий саъй-ҳаракатларда синергияни кучайтириш, ўсимлик маҳсулотлари ва доривор ўсимликлар ишлаб чиқариш соҳасида ҳамжиҳатликда ишлаш имкониятларини ўрганиш мақсадида ўтказилди.

Форумда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар (Туркия, Озарбойжон, Қирғизистон, Қозоғистон, Ўзбекистон) қишлоқ хўжалиги вазирлари, кузатувчи давлатларнинг (Венгрия ва Туркманистон) расмий вакиллари, шунингдек, тегишли идоралар мутасаддилари, соҳага оид ташкилотлар ва етакчи компаниялар, халқаро ҳамда минтақавий ташкилотлар вакиллари қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноатини тараққий эттиришга қаратилган нутқлари билан қатнашди. Жумладан, Ўзбекистон Озиқ-овқат саноати уюшмаси раиси Баҳодир Умиршайхов ҳам форумда чиқиш қилиб, соҳани ривожлантиришга қаратилган қуйидаги фикр-мулоҳаза ҳамда таклифларни билдириб ўтди:

— Биз Озиқ-овқат саноати уюшмаси сифатида туркий давлатларнинг тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорлик саноатимизни изчил ривожлантиришда нақадар муҳим ўрин тутишини ўз тажрибамиздан жуда яхши биламиз.

Тарихан, давлатларимиз тадбиркорлари ўртасида яқин савдо алоқалари ривожланиб, технологиялар, малака ва соҳадаги тажрибалар ўзаро алмашиниб келинмоқда. Шу нуқтайи назардан олиб қарайдиган бўлсак, Туркий давлатлар ташкилоти фаолияти ўзаро мавжуд ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлик алоқаларини янада ривожлантиришга туртки беради.

Ҳозирда уюшмамизга аъзо бўлган корхоналар Озарбойжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия корхоналари билан фаол ҳамкорлик қилмоқда. Таҳлил этадиган бўлсак, Туркий давлатлар бозори 150 миллиондан ортиқ истеъмолчи, улкан табиий ресурсларга эга, илмий ва технологик ютуқларга бой саналади. Айнан ушбу жиҳатларни ҳисобга олиб, Туркий давлатлар ташкилоти фаолиятини ҳукуматлараро даражада қўллаб-қувватлаш айни пайтда муҳим аҳамиятга эгадир, десак адашмаймиз.

Ўзбекистонда агросаноат тармоғи Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётининг муҳим тармоқларидан биридир. Бу борада Ўзбекистон ҳукумати ва давлат органлари томонидан давлат-хусусий шерикчилигини ривожлантириш бўйича кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, турли дастурларни ишга тушириш, тадбиркорларга субсидиялар бериш ва махсус ташкил этилган жамғармалар ҳисобидан янги лойиҳаларни молиялаштириш йўли билан ушбу соҳадаги хусусий секторни ҳукумат ҳар томонлама қўллаб-қувватламоқда.