Баҳодир Умиршайхов: Жамоатчилик назорати ўрнатилмас экан, контрафакт маҳсулотлар сони камаймайди
Тасаввур қилинг, бозорда ўзингизга ёқадиган, машҳур бренд номи остидаги шоколадни кўриб қолдингиз. Аммо унинг нархи ҳар доимгига қараганда бироз арзон. Нархлар чўнтакбоплигидан қувониб, ичингизда «инсофли сотувчи экан, устига кўп қўймабди» дея маҳсулотнинг ўрами, яроқлилик муддати, ҳатто, номининг ҳам тўғри ёзилганлигига қараб ўтирмай, уни харид қилишга киришасиз. Сотиб олиб, мазасини тотиб кўрганингизда эса сиз кутган таъмдан асар ҳам йўқ. Айнан шу каби маҳсулотлар сохта, яъни контрафакт товарлар дейилади.
«Контрафакт» сўзи француз тилидан олинган бўлиб, «Муаллифлик ҳуқуқини бузиш» деган маънони билдиради. Мазкур сўз интеллектуал мулк ҳуқуқларини поймол қилган ҳолда ишлаб чиқарилган, яъни сохта товар ва маҳсулотларга нисбатан ишлатилади.
Бутун дунёда сохта товарлар савдоси кундан кунга ўсиб бормоқда. Хусусан, Science direct сайтида келтирилган маълумотларга кўра, гўшт ва гўшт маҳсулотлари (27,7%), сут ва сут маҳсулотлари (10,5%), дон ва нон маҳсулотлари (8,3%), балиқ ва балиқ маҳсулотлари (7,7%) нинг кўплаб контрафакт вариантлари ишлаб чиқарилган(июль, 2022). Озиқ-овқат саноати соҳасида юзага келаётган фирибгарликларнинг аксарияти маҳсулотларнинг яроқлилик муддатини ўзгартириш(58,3%), ишлаб чиқарилган мамлакат кодини нотўғри белгилаш (11,4%) ҳолатлари билан боғлиқ саналади.
Маҳаллий бозорларимизга контрафакт маҳсулотларнинг олиб кирилиши, биринчи навбатда, сотилаётган маҳсулотларнинг хавфсиз ва сифатли бўлишига, қолаверса, истеъмолчиларнинг саломатлигига ҳам жиддий таъсир кўрсатади. Эътибор берсак, сохта маҳсулотлар аслига қараганда арзон бўлади. Сабаби, уларнинг таркибида сифатсиз ва арзон хомашёлар миқдори кўп.
- Афсуски, харидорлар баъзан танловда адашадилар. Бу эса нафақат инсонлар саломатлигида бир қанча ўзгаришлар юз беришига сабаб бўлади, балки тадбиркорлар фаолиятига ўзининг салбий таъсирини ўтказмасдан қолмайди. Бизнинг уюшмамизга аъзо тадбиркорлар орасида ҳам ана шундай контрафакт маҳсулотлар орқали зарар кўраётганлари учраб турибди. Бунинг учун барча мутасадди ташкилотлар ва ишлаб чиқарувчилар билан биргаликда сотувга чиқарилаётган маҳсулотларни назорат остига олишимиз ҳамда муҳим профилактик чораларни кўришимиз зарурдир, - дейди Ўзбекистон Озиқ-овқат саноати уюшмаси раиси Баҳодир Умиршайхов.
Бизнес оламига кириб келаётган айрим ёш тадбиркорлар машҳур брендларга тақлид қилиб айнан шуларникига ўхшаш маҳсулотлар ишлаб чиқаришмоқчи бўлишади. Маҳсулотларнинг сохта ёки ҳақиқийлигини эса биринчи навбатда унинг таъми, шунингдек, нархи, кўриниши, номи, ранги, маҳсулот ўрамидаги дизайнидан билиб олиш мумкин. Табиийки, контрафакт маҳсулотлар арзон ҳамда сифатсиз бўлади.
Мамлакатимизда контрафакт маҳсулотлар ишлаб чиқарилишининг олдини олиш мақсадида бир қанча ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ–4965-сон қарорига мувофиқ интеллектуал мулк соҳасидаги ҳуқуқбузарликни манзилли аниқлаш ва курашиш мақсадида Интеллектуал мулк ҳимояси бошқармаси ташкил қилинди. Адлия вазирлиги томонидан контрафакт маҳсулотлар каталоги ишлаб чиқилди. Шунингдек, «хуфиёна иқтисодиёт» шаклланишининг ҳолатларини аниқлаш бўйича чоралар кўриш, контрафакт маҳсулотларни ишлаб чиқариш фаолиятига чек қўйиш бўйича ваколатли давлат органи – Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан ҳам сотувдаги сохта товарлар аниқланиб, тегишли чоралар кўриб келинмоқда.
Бундан ташқари, ишлаб чиқариш соҳасида эркин рақобатни йўлга қўйиш, ички бозорни сифатли маҳсулот билан таъминлаш, истеъмолчилар манфаатини ҳимоя қилиш мақсадида 2001 йил 30 августда «Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида» ва 2006 йил 20 июлда «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги Қонунлар қабул қилинган. Уларда товар белгисидан ёки адаштириб юбориш даражасида у билан ўхшаш бўлган белгидан товарларда, товарларнинг этикеткаларида, ўровларида қонунга зид равишда фойдаланилганда улар сохталаштирилган (контрафакт) бўлади, дея белгилаб қўйилган. Бундай маҳсулотларнинг истеъмолчиларга таклиф этилиши қонун билан тақиқланади.
Аммо контрафакт маҳсулотларни ишлаб чиқариш қонун билан тақиқланганига қарамай, сохта товарларнинг бозорга чиқарилишини тўхтатиб бўлмаяпти:
- Ўтган яқин йилларда корхонамизга тегишли бўлган «Sweet» маҳсулоти сохта вариантларининг ички бозорда кўпайиши ҳолатлари юзага келди. Натижада, биз ушбу маҳсулотни ишлаб чиқаришни тўхтатишга мажбур бўлдик. Сабаби, харидорларимиз бизнинг бренд номимиз остидаги контрафакт маҳсулотларга дуч келиб, унинг сифатидан қониқмаганидан сўнг, маҳсулотимиз сотуви пасайиб кетди. Маҳсулот харид қилаётганда унинг номи тўғрилигига ишонч ҳосил қилиб, ишлаб чиқарувчи ҳақидаги маълумотларни текшириб олиш зарур” дея фикр билдирди «Sladus Produce» МЧЖ Бош директори Абдусамад Абдуғаниев.
Сохта маҳсулотлар фаолиятининг умри қисқадир. Вақтлар ўтиб истеъмолчилар ҳақиқий маҳсулотларнинг фарқига бора олишади. Мисол учун, Northumbria университети доктори Анқи Шеннинг «Қалбаки товарлар фирибгарлиги: унинг молиявий менежменти ҳисоби» мақоласида контрафакт маҳсулотларни ишлаб чиқариш катта даражадаги мураккаблик ёки молия ва ресурсларни бошқаришни талаб қилмайдиган парчаланган бизнес эканлигини аниқлаган.
Баҳодир Умиршайхов истеъмолчилардан харид қилаётган маҳсулотларига нисбатан эътиборли бўлишлари лозимлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, жамоатчилик назорати ўрнатилмас экан, контрафакт маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини қисқартириш мураккаблашиб бораверади. Одатда, маҳсулотнинг таркиби, яроқлилик муддати, бренд номининг тўғри ёзилганлиги ва бошқа керакли маълумотларига қараб сотиб олиниши мақсадга мувофиқдир. Қачонки, истеъмолчиларнинг ўзи товарларни сохтасидан ҳақиқийсини ажрата олиш даражасига етса ва натижада контрафакт товарларнинг сотиб олиниш ҳажми қисқарса, бу каби маҳсулотларни ишлаб чиқариш ўз-ўзидан камаяди. Бозорларимизда контрафакт товарларга эҳтиёж бўляптики, бу турдаги товарлар ишлаб чиқариляпти. Айнан шу каби эҳтиёжларнинг юзага келишига асосий сабаб эса юртдошларимизнинг сохта товарлар фарқига бормай, уларни харид қилишда давом этаётганликлари саналади.
Таъкидлаш жоизки, ички бозорда контрафакт маҳсулотларининг пайдо бўлишига ўнлаб идоралар вакиллари бирдек жавобгардирлар. Истеъмолчилар ҳуқуқлари ишончли ҳимояланишида ҳамма бирдек ҳаракат қилиши лозимдир.
Ўзбекистон Озиқ-овқат саноати уюшмаси матбуот хизмати Ⓣ