Бош прокуратура бўлим катта прокурори Фаррух Султоновнинг маълум қилишича, Бош прокурор ўринбосари раҳбарлигидаги Республика штаби ҳамда вилоят ва туман – шаҳар прокурорлари раҳбарлигидаги ҳудудий штаблар томонидан Инвестиция дастуридаги жорий йилда янгидан бошланувчи 1417 та объектнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилган ва уларнинг 1407 таси экспертизадан ўтказилган. Жумладан:
- “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларидаги 5 947 та объектнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, уларнинг 5 564 таси экспертизадан ўтказилган;
- “Янги Ўзбекистон” массивларидаги 499 та объектнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, уларнинг 437 таси экспертизадан ўтказилган;
- дастурлардаги объектлар учун ажратилган маблағнинг 5 трлн сўмдан ортиғи ёки қарийб 24 фоизи молиялаштирилиб, пудрат ташкилотлари томонидан 4,5 трлн сўмлик ишлар бажарилган;
- Инвестиция дастуридаги 50 та, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастуридаги 125 та объектларда ишлар сифатли якунланиб, фойдаланишга топширилган;
- дастур ижроси бўйича мутасаддилар фаолиятини самарали мувофиқлаштириб бориш мақсадида Республика штаби томонидан Тошкент, Сирдарё, Бухоро, Навоий, Самарқанд, Андижон, Фарғона, Наманган, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида ўрганишлар ўтказилган.
Ушбу ўрганишларда аниқланган муаммоларни ҳал этиш, жумладан, объектларда сифатли маҳаллий қурилиш материалларини ишлатиш, лойиҳаларни оптималлаштириш ҳамда янги технологиялардан фойдаланиш чоралари кўрилди.
“Дастурлар ижросида камчиликка йўл қўйган ва ўз вазифасини лозим даражада бажармаган 252 нафар масъуллар интизомий ва 359 нафари маъмурий жавобгарликка тортилди. Қурилиш соҳасида қўпол қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан 61 та жиноят ишлари қўзғатилди. 880 нафар фуқаро ва тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқлари тиклаб берилди.
Штаблар томонидан ўтказилаётган назорат тадбирлари давомида амалдаги қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш масалалари ҳам ўрганиб чиқилмоқда.
Хусусан, республика штаби томонидан қурилиш-пудрат, лойиҳа-қидирув ташкилотлари рейтингини юритиш ва электрон тендер савдоларини ўтказиш тартибидаги айрим ҳолатлар кўриб чиқилди. Мазкур масалаларни кўриб чиқиш жараёнида лойиҳа ва пудрат ташкилотлари ҳам бевосита жалб этилиб, уларнинг фикр ва таклифлари олинди.
Муҳокамалар натижасига кўра амалдаги қурилиш-пудрат ва лойиҳа-қидирув ташкилотлари рейтингини ҳамда электрон тендер савдолари ўтказишни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилиб, Ҳукуматга киритилди.Ушбу таклифлар рейтинг юритиш ва электрон тендер ўтказишда ҳалол рақобат ҳамда адолат тамойилларига қатъий риоя этиш, мазкур жараёнларда инсон омилини кескин қисқартириш ва пудрат ташкилотларининг ҳақиқий салоҳиятини аниқлашга хизмат қиладиган тизим яратишга қаратилган. Ҳозирда таклифлар белгиланган тартибда кўриб чиқилмоқда”, дея Фаррух Султоновнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.







