Жамият ва давлат тинчлиги, хавфсизлигига рахна солиш оғир жиноятдир - эксперт
Ҳозирги кунда дунёда нотинчлик ҳукм сураётган бир вақтда яхлит миллат ва халқ сифатида бирлашиб, ягона мақсад сари интилиш ўрнига, провокация уюштириб, ноқонуний ҳаракатларни содир этмоқчи бўлган бир гуруҳ шахсларнинг чақириқларига, эртакларига лаққа тушмаслигимиз лозим. Буларнинг кўпчилиги моддий манфаат учун ватанини, халқини ҳам сотиб юборадиган ноинсофлардир.
Мамлакатимизнинг ривожланишини кўролмайдиган баъзи бир ташқи кучлар бу вазиятдан устомонлик билан фойдаланиш ниятида эмаслигига ким кафолат бера олади?
Бундай ноқонуний ҳаракатлар ва усулларни ҳар томонлама ўйлаганда ҳам ҳеч қачон оқлаб бўлмайди. Негаки, бундай ижтимоий фаолликни ташкил қилишнинг ўзига хос тартиби, қоидаси бор. Биринчи навбатда халқнинг, мамлакатнинг хавфсизлиги барчамиз учун устувор аҳамият касб этиши керак. Давлат раҳбарининг Қорақалпоғистонда жамоатчилик вакиллари билан учрашувдаги гапи мени жуда таъсирлантирди, яъни тегишли раҳбарларга қорақалпоқ элини асрашни сўраб, “Ҳаётимни тикканман бу масалага” дедилар. Бу гапнинг замирида жуда катта мазмун ва моҳият, азм-у шижоат ётибди, десак, ҳеч ҳам муболаға бўлмайди.
Шу нуқтаи назардан ҳам Президент фармони билан фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни тиклаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида фавқулодда ҳолат жорий этилди. Ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб, аҳолининг, мамлакатнинг тинчлиги ва осойишталигини ўйлаган ҳолда қабул қилинган зарурий ҳамда ҳақли қарор бўлди, десак, хато қилмаган бўламиз. Бундай тартиббузарликларни Беларусь, Қозоғистон каби давлатлар тажрибасида ҳам кузатган эдик. Ўшанда ҳам ўнлаб аҳоли мазкур жараёнлар қурбони бўлган эдилар. Бу, албатта, ушбу жирканч қабиҳликларга қарши курашишда халқни, давлатни янада жипслаштиради, битта мақсад сари етаклайди.
Давлат раҳбари Қорақалпоғистонда жамоатчилик вакиллари билан учрашувда, сепаратизмга, оммавий тартибсизликларга даъват этадиган ҳар қандай ҳаракатларга қонунчиликка мувофиқ кескин чора кўрилиши, айбдорлар жазога тортилишини айтиб ўтдилар. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси масъул ходимининг брифингда берган маълумотига кўра, Қорақалпоғистондаги воқеалар пайтида, энг ачинарлиси оғир тан жароҳатлари туфайли 18 нафар фуқаро вафот этган.
Бир қанча жиноятчилар томонидан содир этилган ушбу ҳолат, албатта, жазонинг муқаррарлиги принципига таянган ҳолда жавобгарликка тортилиши лозим. Қонунчилигимизга эътибор берадиган бўлсак, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларида бундай хатти-ҳаракатлар учун жавобгарлик аниқ қилиб белгиланган.
Мисол тариқасида, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг қуйидаги моддалари бевосита мазкур оммавий тартиббузарликларга ҳуқуқий баҳо берадиган моддалардир. Хусусан, 195-модда. Ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш; 1951-модда. Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳарбий хизматчиларининг (ходимларининг) ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш; 202-модда. Рухсат этилмаган йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ва намойишлар ўтказиш учун шароитлар яратиш; 2022-модда. Ёлғон ахборот тарқатиш; 204-модда. Фавқулодда ҳолат тартибининг талабларини бузиш ва бошқа моддалар шулар жумласидадир. Мазкур моддаларда, кўп миқдордаги жарима ҳамда маъмурий қамоқ жазолари белгиланган. Охирги берилган маълумотларга кўра Нукусдаги мазкур тартиббузарликлар сабабли 516 киши ушланган, ҳозирда уларнинг кўпчилиги қўйиб юборилган.
Энди бевосита, Жиноят кодексига эътибор қаратадиган бўлсак, мазкур ҳаракатлар учун қуйидаги моддалардаги жавобгарлик масалалари қўлланилиши мумкин. Мисол тариқасида, 159-модда. Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш; 217-модда. йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш; 244-модда. Оммавий тартибсизликлар; 2441-модда. Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш; 104-модда. Қасддан баданга оғир шикаст етказиш; 105 - модда. Қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш; 110-модда. Қийнаш кабиларни келтириш мумкин.
Ҳозирда тегишли ваколатли идора ходимлари томонидан суриштирув, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бу кўплаб ҳаракатларни ҳуқуқий баҳолайдиган жараёндир. Шу нуқтаи назардан ҳам кунлик брифингда берилаётган маълумотларда асосида янги суриштирув ва тергов ҳаракатлари бўйича маълумотларни кузатиб борамиз. Биргина Жиноят кодексининг 159-моддаси, тўртинчи қисмида ўн йилдан йигирма йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгилаб қўйилган.
Дарҳақиқат, бундай ноқонуний ҳаракатларга бош қўшган ташкилотчи ҳамда бажарувчиларни қилган ишлари учун аямаслик керак. Жазонинг муқаррарлиги принципи амалда ўз исботини топиши лозим. Мамлакатимиз тараққиёти, ёшларимиз келажагини асраб-авайлаш ўз қўлимизда эканлигини ҳеч қачон ёддан чиқармаслигимиз керак.
Шерзод Зулфиқоров,
Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети профессори,
юридик фанлар доктори