Ўзбекистон | 21:34 / 08.07.2022
75140
4 дақиқада ўқилади

Таксичилар узоқ кутган янгилик: Нималар ўзгарди?

2022 йил 1 сентябрдан бошлаб киракашлар ҳам ўзини ўзи банд қилган шахслар тоифасига қўшилади. Хўш, бу янгилик таксичиларга нима беради? Kun.uz янги тартиб билан нималар ўзгариши ҳақида маълумот беради.

Айни пайтда 70 га яқин фаолият тури билан шуғулланувчилар ўзини ўзи банд қилувчилар рўйхатига киритилган. Эндиликда бу рўйхатга таксичилик фаолияти ҳам қўшилмоқда.

Ўзини ўзи банд қилишнинг асосий жиҳатларини санаб ўтсак:

  • Ўзини ўзи банд қилганлар топаётган даромадидан солиқ тўламайди.
  • Меҳнат стажи ҳисобланиши учун ихтиёрий равишда бир йил мобайнида камида 1 БҲМ миқдорда ижтимоий солиқ тўлаши мумкин. Ҳозирда бу маблағ 300 минг сўмни ташкил этади. Яъни бир йилда шунча маблағни ихтиёрий равишда тўлаб бир йиллик стажга эга бўлиш мумкин – бу мажбурий тўлов эмас.
  • Ходимларни жалб қила олмайди ва иш берувчига эга бўлмайди.

Ҳар ойлик 450 минг сўмлик солиқ йилига 300 минг сўмга туширилди

Давлат солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи Шуҳрат Исмоилов янги тартиб билан нималар ўзгараётганини амалдаги тартиб билан солиштирган ҳолда тушунтириб берди.

“2021 йилда президентнинг 5108 сонли қарорига мувофиқ, дастлабки қадам ташланганди. Яъни дастлаб таксичилик фаолияти билан шуғулланиш учун якка тартибдаги тадбиркорга ҳам рухсат берилганди. Лекин ЯТТ сифатида таксичилик билан шуғулланганда ҳар ой қатъий белгиланган даромад солиғи билан бирга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробари – 300 минг сўм солиққа пул тўларди. Бу ҳар ойда – 450 минг сўм харажат дегани.

Янги тартибга кўра, таксичилик фаолияти ҳам ўзини ўзи банд қилганлар рўйхатига қўшилди. Қонунчиликда ўзини ўзи банд қилган фуқаролар даромад солиғидан озод қилинган. Энди улар қатъий белгиланган даромад солиғи тўламайди, фақатгина ижтимоий солиқни ҳар ойда эмас, бир йилда бир марта тўлайди, бу сумма миқдори 300 минг сўмни ташкил этади. Олдин ЯТТ сифатида фаолият юритганда ҳар ой тўлаган солиғини ҳозир ўзини ўзи банд қилган ҳолда бир йилда бир маротаба тўлаши мумкин.

Бундан ташқари, тиббий кўрикдан ўтиш ҳам ҳар ой эди, энди бир йилда бир маротаба тиббий кўрикдан ўтиши белгиланади. Шунингдек, автомобил ҳам ҳозиргидек ҳар ойда эмас, бир йилда бир марта техник кўрикдан ўтказилиши етарли”, – деди Kun.uz билан суҳбатда ДСҚ бошқарма бошлиғи.

Солиқ қўмитаси масъули лицензия олиш масаласига ҳам тўхталиб ўтди.

“Лицензия масалага келсак, таксичилик лицензияланадиган фаолият турларида бор. Шунинг учун лицензия тўлови бир йилда БҲМнинг бир баробари, яъни 300 минг сўм этиб белгиланади.

Агар мен ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида фаолият юритмоқчи бўлсам, солиқ органига борган ҳолда ёки ўзим мустақил мобил илова орқали ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтишим керак бўлади (рўйхатдан ўтиш бепул). Шундан кейин БҲМнинг бир баробарини бир йилда бир марта тўлаб, бир йиллик стажга эга бўлишим мумкин. Лекин бу ҳам ихтиёрий равишда. Кўпчилик тўлаяпти, чунки эртага пенсияга чиқиши керак”, – тушунтирди у.

Такси қилиш харажатлари: бюрократия ва харажатлар қисқаргани – битта жадвалда

Транспорт вазирлиги Kun.uz'га янги тартиб билан солиқлар ва йиғимларда қандай ўзгаришлар бўлиши акс этган жадвални тақдим этди.

Мадина Очилова,
Абдусалим Абдувоҳидов,
Kun.uz

Мавзуга оид