Жамият | 13:04 / 11.07.2022
22876
6 дақиқада ўқилади

Енгилмас бюрократия: ОТМларда битирувчилардан “обходной” тўлдириш талаб қилинмоқда

Қатор олийгоҳларда битирувчилардан айланма варақа тўлдириш талаб этиляпти. Бу амалиёт президент фармони билан бекор бўлганига эса бир йилдан ошди. Жараённи рақамлаштириш топшириғини пайсалга солаётган раҳбарларни деб талабалар эшикма-эшик сарсон бўляпти.

Фото: Kun.uz

Kun.uz'га олий таълим муассасаларининг бакалавриат ва магистратура битирувчилари томонидан келиб тушган мурожаатларга кўра, олийгоҳлар маъмуриятлари битирувчилардан “агар диплом керак бўлса” айланма варақани тўлдиришни талаб қилмоқда.

Бунда битирувчи хонадан хонага югуриб, маркетинг-у ётоқхонадан қарзи йўқлигини исботлайдиган имзоларни йиғиши керак.

Ваҳоланки, 2021 йилда президент фармони билан битирувчилардан айланма варақани талаб қилиш бекор қилинган, бу жараённи электронлаштиришга топшириқ берилган.

“Ё айланма варақа тўлдир, ёки диплом йўқ”

Айланма варақа – бу талаба ОТМни битирганидан кейин маркетинг бўлими (контракт бўйича қарзи йўқлиги ҳақида), кутубхона (китоблар бўйича қарзи йўқлиги ҳақида), ўқув бўлими (академик қарздор эмаслиги ҳақида) ва талабалар турар жойидан олинадиган имзолар йиғиндиси.

Яъни ОТМ маъмурияти битирувчининг қўлига бир парча қоғозни тутқазади ва у хонадан хонага югуриб, ҳар бир бўлимдан қарздор эмаслигини кўрсатувчи имзо ва муҳрларни йиғиши керак.

Kun.uz'га мурожаат қилган бир нечта ОТМ битирувчилари бу оворагарчилик ва бюрократиядан шикоят қилмоқда.

Масалан, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг магистратура битирувчиларига “Университет билан ҳисоб-китоб” варақаси берилган.

Айниқса, кутубхонадан қарзингиз бўлмаса ҳам, бўйнингизга қарз илиб қўйишади. Чунки йўқолган китобларнинг ўрнини кимдир тўлдириши керак-ку. Битирувчи эса муте, диплом олиши керак”, – дейди шахсини ошкор қилмаслик шарти билан бир битирувчи. У битираётган ОТМ номини айтса, ўзига муаммо бўлиши мумкинлиги, чунки бундай варақа ҳозирча саноқли битирувчиларга берилганини айтмоқда.

Теlegram'даги “Масофавий таълим” канали муаллифлари ҳам худди шу ҳолатга дуч келган ва мавзуга эътибор қаратган.

Агар сиз олий таълим муассасасини тамомлаган бўлсангиз, расмдаги (айланма варақа)ни тўлдириб келишингиз керак. Биттасига борсангиз, аввал бошқа учтаси тасдиқлаши кераклигини айтади. Ўша учтадан биттасига борсангиз, ҳали ишга келмаган бўлади.

Илмий кутубхонани топиб борсангиз, аввал факултет кутубхонаси тасдиқлаган бўлиши кераклигини айтади. Маркетингни топиб борсангиз, бошқа жойга кўчиб кетган бўлади. “HEMIS”га борсангиз, энг охири уларга келишингиз кераклигини тушунтиришади.

Энг кулгилиси шуки, агар сиз умуман ётоқхонада яшамай, ўз уйингизда яшаган бўлсангиз ҳам, ётоқхонани топиб бориб, имзолатишингиз ва печатлатишингиз керак бўлади. Агар буни қилмасангиз, унда диплом ҳам йўқ.

Энг ёмони шуки, бу ўнтаси ўн хил жойда ўтиради. Шу бир парча қоғозни тўлиқ тўлдириш учун сизнинг камида 3-4 кун вақтингиз, ҳар қандай қўпол муомалани кўтарадиган асаб толаларингиз ва югур-югур қилишга бардошингиз сарф бўлади”, – дейди муаллиф.

Фото: Масофавий таълим Telegram-канали

Шунингдек, таълим мавзусини ёритадиган бошқа Telegram-каналларига талабалардан айланма варақа можароси ҳақида мурожаатлар келгач, қайси олий таълим муассасаларида бекор бўлган ҳужжат талаб қилинаётганини аниқлаш учун сўровнома ўтказилган. “Ёшларни қўллаб-қувватлаш” каналига жойланган пост изоҳларига қараб хулоса қилиш мумкинки, Ўзбекистон миллий университети, Тошкент давлат транспорт университети, Бухоро тиббиёт институти, Тошкент давлат педагогика университети, Тошкент архитектура-қурилиш институти ҳам шундай варақа тўлдиришни талаб қилган бўлиши мумкин.

Айланма варақа тўлдириш бекор қилинган – тартиб электронлаштирилган

Юқорида айтилганидек, таълим муассасаларини тугатганда ёки ўқишни бир таълим муассасасидан бошқасига кўчирганда айланма варақа тўлдириш амалиёти президентнинг 2021 йил 23 мартдаги ПФ-6191-сонли фармони билан бекор қилинган.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги жорий йилнинг март ойида айланма варақа тўлдириш амалиёти рақамлаштирилгани ва “HEMIS” ахборот тизими орқали амалга оширилишини маълум қилган.

Вазирлик бунинг тартибини қуйидагича тушунтирган:

Талаба ўз профили орқали электрон айланма варақасини олиш учун сўров жўнатиш имкониятига эга. Шундан сўнг олий таълим муассасасидаги бухгалтерия ва кадрлар бўлими, факултет деканати, ахборот ресурс маркази ҳамда ётоқхона масъуллари томонидан талабанинг электрон айланма варақаси шакллантирилади. Талаба ўз профили орқали шакллантирилган айланма варақа ва унга киритилган изоҳлар билан танишиш имкониятига эга бўлади”.

Демак, янги тартибда айланма варақани ибтидоий усулда бўлимлардан қарзи бўлса-бўлмаса битталаб имзолатиш эмас, балки қайси бўлимдан қандай ва қанча миқдорда қарзи борлиги электрон акс эттирилиши белгиланган. Бу шуни англатадики, қарзи бўлмаган битирувчи уни тўлдиришига ҳожат қолмайди, қарзи бўлганлар эса нимани қандай тўғрилаш кераклигини билиб, қарзларини бартараф этади.

Аввалроқ, Kun.uz Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти битирувчиси ҳомиладор бўлишига қарамай “обходной” тўлдириш учун сарсон бўлишга мажбур бўлгани ҳақида ёзганди.

Ҳолат юзасидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги “айланма варақа тўлдиришни талаб қилиш мумкин эмаслиги”ни таъкидлаб, агар бирор-бир ОТМда шу каби ҳолатга дуч келинган тақдирда жамоатчиликдан вазирликнинг @eduuzaxborotxizmati_bot орқали мурожаат қилишларини сўраганди.

Баёнотда вазирлик қилинган мурожаатларни зудлик билан ўрганиб чиқиб, ҳолат юзасидан зарур чораларни кўриши маълум қилинган эди.

Мадина Очилова тайёрлади.

Мавзуга оид