Жаҳон | 09:20 / 27.09.2024
1942
2 дақиқада ўқилади

Германия бюрократияга қарши кураш бўйича тўртинчи чора-тадбирлар пакетини қабул қилди

Бундестаг томонидан бюрократик харажатларни қисқартириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар қатор соҳаларда қоғоз хатларни жўнатиш ва ҳужжатларни сақлаш талабларини бекор қилишни ўз ичига олади. Энди бундай қонунлар ҳар йили қабул қилиниши керак.

Фото: Depositphotos

Германия Бундестаги бюрократик харажатларни камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўпламини маъқуллади, бу орқали ҳар йили 944 миллион еврогача тежалиши керак. 26 сентябр, пайшанба куни ҳукмрон коалиция фракциялари, шунингдек, энг йирик мухолиф куч – Христиан-демократик иттифоқ (ХДИ) ва Христиан-социал иттифоқ (ХСИ)нинг консерватив блоки қонун лойиҳаси учун овоз берди.

Ўнг қанот популистик «Германия учун муқобил» партияси депутатлари бетараф қолди. Сўл партия ва Сара Вагенкнехт иттифоқи қарши овоз берди. Бу бюрократияни камайтиришга қаратилган тўртинчи қонун.

Солиқ, корпоратив ва меҳнат қонунчилигидаги ўзгаришлар

Янги қонун, жумладан, компаниялар учун бухгалтерия ҳужжатларини сақлаш муддатини 10 йилдан 8 йилгача қисқартиришни, Германия фуқаролари учун меҳмонхона рўйхатидан ўтиш талабини бекор қилишни ва солиқ маслаҳатчилари учун енгилликни назарда тутади. Энди улар солиқ хабарномаларини олувчининг олдиндан розилигисиз рақамли шаклда тақдим этишлари мумкин бўлади. Қонунда айтилишича, бу чоранинг ўзи 116 миллион хат юбормаслик имконини беради.

Енгилликлар корпоратив ҳуқуққа ҳам таъсир қилади: келажакда акциядорлар йиғилишларининг баъзи қарорлари компания веб-сайтида эълон қилиниши етарли бўлади. Ходимларни бошқариш ва ишга қабул қилиш соҳасида меҳнат шартномасига киритилган ўзгартиришлар ҳақидаги маълумотларни қоғоз кўринишида эмас, балки электрон почта орқали юборишга рухсат берилади.

Германия Адлия вазири Марко Бушман қонун лойиҳасини «қоғозбозликка қарши кураш»даги бурилиш нуқтаси деб атади. Шунингдек, у ҳар йили бюрократияни қисқартириш бўйича янги чоралар кўрилишини айтди. Бошқа чора-тадбирлар билан биргаликда, немис компаниялари энди деярли 3,5 миллиард евро йиллик харажатлардан озод қилиниши кутилмоқда. Қонун лойиҳаси кўриб чиқиш учун Бундесратга киритилди.

Мавзуга оид