Жаҳон | 21:50 / 12.07.2022
11552
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда интернет тезлиги пастлиги учун жарима миқдори кескин оширилди

Қозоғистонда алоқа операторлари мижозларга тақдим этишни зиммасига олган интернет сифати ва амалдаги сифат ўртасидаги салбий фарқ учун жарима 10 баробарга оширилди.

Фото: KUN.UZ

Эндиликда бундай ҳолатларда операторлар ойлик ҳисоб кўрсаткичининг 100 баробари ўрнига 1000 баробари мидорида жаримага тортилиши мумкин.

Ҳуқуқбузарлик 1 йил давомида такрор содир этилса, жарима миқдори 200дан 1500гача ойлик ҳисоб кўрсаткичига тенг. Тегишли ўзгариш Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган. Айни пайтда Қозоғистонда нафақалар, ижтимоий тўловлар, жарималар ва солиқларни белгиловчи ойлик ҳисоб кўрсаткичи 3063 тенге (тақрибан 70 500 сўм)ни ташкил этади.

Қозоғистон Рақамли тараққиёт вазирлиги маълумотига кўра, мамлакатда алоқа сифати ёмонлиги бўйича мурожаатлар сони 10 баробарга ошиб кетган. 2021 йилда вазирлик бу масалада 562 марта текширув ўтказишига тўғри келган.

Алоқа сифати компания томонидан ваъда қилинганидан пастроқ деб ҳисоблаган мижозлар электрон ҳукумат портали ёки қоғоз шаклдаги ариза билан тегишли органга мурожаат қилиши мумкин, шундан кейин мурожаат юзасидан алоқа сифатини текшириш бўйича ўрганиш ўтказилади. Ҳолат тасдиқланган тақдирда операторни жаримага тортиш бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилади.

Мазкур қонун билан, шунингдек, Қозоғистонда молиявий пирамида ташкил этганлик учун жиноий жавобгарлик кучайтирилди ҳамда молиявий пирамидани интернетда реклама қилганлик учун жавобгарлик киритилди.

Мавзуга оид