Kun.uz мухбири ўтган ойда Кобулга сафари давомида Ўзбекистоннинг Афғонистондаги элчиси Ёдгорхўжа Шодмонов билан суҳбатлашди. Интервью давомида элчи «Толибон» ҳукумати дуч келаётган ички ва ташқи муаммолар, музлатилган пуллари, коррупция ва халқаро ҳамжамиятнинг шартлари, шунингдек, Ўзбекистоннинг Афғонистондаги лойиҳалари ва икки давлат муносабатларига доир кўплаб мавзуларда фикр билдирди.

Фото: Kun.uz

— Авваламбор, ассалому алайкум, Ёдгор ака! Сизнинг элчилик фаолиятингиз давомида Афғонистонда ҳокимият тепасига толиблар келишди. Сиз иккала ҳукуматни шахсан кўрган ва улар билан алоқада бўлган шахс сифатида бугун қандай ўзгаришларни айта оласиз?

— Ҳозир Афғонистондаги вазиятни баҳолашнинг омиллари жуда кўп, хабарингиз бор, бу мамлакат кўп йиллардан бери Жанубий Осиё минтақасидаги нотинч давлатлардан бири бўлиб келган. 2021 йилнинг феврал-март ойларидан бошлаб расмий ҳукумат ва «Толибон» ҳаракати ўртасидаги қарама-қаршилик чўққисига чиқа бошлади. Май ойларидан «Толибон» кунма-кун кўплаб қишлоқ ва шаҳарларни эгаллаб борди, 15 август куни пойтахт Кобулни таслим қилиб, ўз ҳукуматини ўрнатди.

Шундан кейин қийинчиликлар бошланди, халқда қўрқув бор эди. Буни одамларнинг самолётларга тирмашиб қочиб кетишга уринишида ҳам кўрдик. Афғонистонни юқори малакали мутахассислар тарк этиши ҳам давлат учун негатив зарба бўлди.

Бундан ташқари, АҚШ қўшинлари Афғонистонни тарк этгач унинг хориждаги 9,4 миллиард доллар маблағлари музлатиб қўйилди. Бу мамлакатни иқтисодий ривожлантириш йўлида иккинчи негатив зарба бўлди. Давлат ташкилотлари ходимлари ҳам банкдан ўз маошларини ололмай қолди. Нафақат давлат ташкилотлари, балки оддий фуқаролар ва тадбиркорларнинг пуллари музлатиб қўйилган ҳолатлар ҳам бор. Ҳануз валюта тақчиллиги туфайли тадбиркорларга ҳафтасига 200 доллар, ташкилотларга 25 минг доллардан ортиқ пул берилмаяпти. Музлатилган пулларнинг қайтарилмаётгани ижтимоий ҳаётга ҳам салбий таъсир қиляпти.

Бундан ташқари, бугун Афғонистон бюджетини ички тушумлар ҳисобидан шакллантиришга мажбур, ваҳоланки аввалги ҳукумат даврида бюджетнинг 60-70 фоизи донор давлатлар берган ёрдамлар эвазига шакллантирилган эди. Ҳозир ички тушумлар ҳам камлиги учун ҳукуматнинг айрим харажатлари чекланган.

Шуни алоҳида қайд этиб ўтиш керакки, давлатлар Афғонистон халқини гуманитар бўҳрондан олиб чиқиш учун ҳаракат қилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон шу кунга қадар 4 марта гуманитар ёрдам юборди.