Бундай кунларда кўпчилик бошидан сув қуя бошлайди, «иссиқдан ўлаёздим», дея кондиционерли хоналарни тарк этишмайди, литрлаб сув ичишади. Савол туғилади: чиндан ҳам инсон ташқи ҳавонинг исиши натижасида ўлиб қолиши мумкинми?
Олимлар инсон организмининг чидамлилиги чегараларини аниқлашга мудом интилиб келган ва доим янги ихтиролар қилишади. Олдинга ўтган ҳолда таъкидлашимиз керак: инсон очиқ қуёш остида бир неча дақиқада ўзини ёмон ҳис қила бошлаши мумкин. Бироқ инсон организми янада каттароқ зиёнга дучор бўлиши мумкин бўлган бошқа хавфли шароитлар ҳам бор.

Қуёш тиғи нимаси билан хавфли?
Инсон саломатлигига энг катта зиён – у очиқ осмон остида, қуёш тиғида қолиб кетганда етказилиши ўз-ўзидан тушунарли нарса. Ёзда ҳаво ҳарорати 40 даражадан ҳам ўтади, чўл ва даштлардаги очиқ далаларда бу кўрсаткич яна 10-20 пунктга зиёдроқ ҳам бўлиши мумкин. Қуёш остида инсоннинг боши айниқса зарбага биринчи бўлиб дучор бўлади — иссиқ ҳарорат инсон бошининг пўстлоғини қиздиради, бу эса томирлар кенгайишига олиб келади. Бунинг оқибатида бошга катта ҳажмда қон оқа бошлайди, бу эса миядаги қилтомирлар ёрилишига олиб келиши мумкин. Бу бутун марказий нерв тизимига зиён етказиши мумкин.

Қуёш ва иссиқ уриши
Жазирамада инсон иссиқ уриши ёки қуёш уришидан жабр кўриши мумкин. Бу алоҳида-алоҳида фарқли ҳолатлардир.
Келинг, аввал қуёш уришининг оғирлик даражасига кўра энг кенг тарқалган аломатлари билан таништириб ўтамиз:
- Енгил даражадаги қуёш уриши ҳолсизлик, бош оғриғи, кўнгил айниши, нафас олиш ва пулс уриши тезлашиши, кўз қорачиғи кенгайиши билан намоён бўлади;
- Ўрта даражадаги қуёш уриши юқорида саналган аломатлардан ташқари, қулоқ битиши, қадам босиш қийинлашиши, ҳушдан кетиш ва тана ҳарорати 38–40 даражагача кўтарилиши билан юзага чиқади;
- Оғир даражадаги қуёш уриши кутилмаганда намоён бўлади: инсон териси оқаради, онг равшанлиги йўқолади, ихтиёрсиз нажас ажралади, тана ҳарорати 42 даражагача кўтарилиб кетиши мумкин.














