Савол туғилади, ташриф Ўзбекистон ва ташкилот ўртасидаги муносабатларда нимани англатади? У айрим таҳлилчилар айтаётгани каби ЖСТ билан музокаралари фонида Ўзбекистонга ортаётган босимнинг навбатдагисими?

Шунингдек, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзолиги масаласи бунчалик чўзилиб кетаётгани сабабларини қандай изоҳлаш мумкин? Гап ташкилот раҳбариятидами ёки ҳаракатлари етарли бўлмаётган Ўзбекистон тарафидами?

Kun.uz мухбири шу каби саволлар билан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниевга юзланди.

— Дониёр ака, суҳбатимиз Евросиё иқтисодий иттифоқи ва Жаҳон савдо ташкилоти ҳақида. Лекин ундан аввал сиздан шанба куни Ўзбекистонда рўй берган муҳим икки тайинлов ҳақида сўрамоқчиман. Чунки сиз ижтимоий тармоқлар орқали бу тайинловлар бўйича фикр билдирган кам сонли депутатлардан бири бўлдингиз.

Сардор Умрзоқовнинг президент администрацияси раҳбарлигига ўтиши ва ундан бўшаган икки вазифага эндиликда собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаевнинг келиши. Хўш, икки вазифага қанчалик муносиб номзодлар олиб келинди-ю, улар ҳақида шахсан сиз қанчалик биласиз?

Айтганча, шу саволнинг яна бир қисми деб қабул қилинг, сизлар, депутатлар бирор бир лавозимга номзод маъқуллаётганда ўзаро кенг даврада маслаҳатлашасизларми, қандай бўлади мана шу жараён? Чиндан бўладими шу маслаҳатлашувлар? Жуда текис ўтказасизлар мана шунақа тадбирларни.

Аввало, жуда тўғри айтдингиз, охирги бир ҳафта ёки 10 кунда Ўзбекистон кадрлар тизимида кутилмаган ўзгаришлар бўлди.

Шахсан мен бу жараёндан хурсанд бўлдим. Нега? Чунки мен бу ерда 3 та “message”ни кўрдим. Биринчидан, администрация раҳбарининг алмаштирилиши – жуда катта сигнал бўлди. Қайси маънода? Яхши биламиз, амалда бу жуда катта лавозим. Мана шу юқори орган раҳбарининг алмашиши бу – давлат раҳбари томонидан жамиятга берилаётган катта сигналки, ҳали ислоҳотлар тўхтаб қолгани йўқ ва ҳеч ким алмаштириб бўлмайдиган шахс эмас. Яъни ҳар қандай вазир, ҳукумат аъзоси бўладими, агар мамлакат ислоҳотлари талабига жавоб бермайдиган бўлса, алмаштирилиши мумкин.

Кўпчиликда, балки фақат менга шундай туюлаётгандир, сўнгги вақтларда мамлакатдаги ислоҳотлар динамикаси секинлашиб, талабчанлик камаяётгандек эди. Чунки охирги 2 йилда биз бундай кескин ўзгаришларни кўрмагандик. Мана шу ўзгариш эса раҳбарларга ҳам ўз ишларига қараб олишлари учун чақирув бўлди.