- Ассалому алайкум! Маълумки, Конституциявий лойиҳа муҳокамаси муддатлари бир неча маротаба узайтирилди. Хўш, нима сабабдан муҳокама муддатлари бир неча маротаба узайтирилмоқда?
- Конституциявий лойиҳани биринчи маротаба умумхалқ муҳокамасига қўйганимизда, биз шунақанги салмоқли таклифларнинг келишини кутмаган эдик. Тўғри, айрим фуқароларимиз таклифларини алоҳида ҳуқуқий қолипга сола олмагандир, лекин уларнинг берган таклифлари керак бўлса мутахассисларни жалб қилишни талаб этмоқда.
Конституцияни тайёрлаш учун биргина ҳуқуқшунос бўлишнинг ўзи етарли эмас экан. Бу жараёнда вақти келса, эколог, педагог, тиббиёт ходими бўлиш ҳам керак. Чунки конституция барча соҳаларни қамраб оладиган бош ҳужжат ҳисобланади. Шунинг учун бу жараёнга тор доирадаги мутахассисларни жалб қилишга тўғри келди.
Депутатларимиз жойларда 2 мингга яқин учрашувларни ташкил қилишди. Мана шу учрашувларда фуқароларимиз депутатларга таклифлари борлиги ва яна юборишларини айтишмоқда. Колл-маркази, бошқа воситалар орқали келиб тушаётган мурожаатларда ҳам муҳокамаларни давом эттиришни сўрашяпти. Буларнинг бари қонун лойиҳаси муҳокамаси долзарблигини, уни давом эттириш кераклигини кўрсатади.
Бу – халқимизнинг талаби, халқимиз лойиҳани янаям муҳокама қилишни хоҳлаяпти ва бу тўғри. Нима учун? Конституция – мамлакатимиз, халқимиз, миллатимизнинг келажагини белгилаб берувчи бош ҳужжат. Буни шошма-шошарлик билан қабул қилиб бўлмайди.
- Лойиҳа юзасидан келиб тушаётган ўн минглаб таклифлар қай тартибда саралаб олинади? Буни кўриб чиқишга Конституциявий комиссия ёки Парламент улгуряптими?
- Ростини айтсам, диққатимиз, энг катта меҳнатимизни сарфлаётган масала юзасидан савол бердингиз. Ҳақиқатдан, қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига чиқарилганидан бери, 87 мингдан ортиқ таклиф келиб тушди. Шунча таклиф…
Мана шу таклифларни кўриб чиқишга Парламент қуйи палатасининг битта эмас, иккита қўмитаси масъул қилиб белгиланган. Яъни иш ҳажми катта эканлиги илгаридан ҳисобга олинган.
Иккинчидан, бизга Конституциявий комиссия яқиндан ёрдам беряпти. Биласиз, комиссиянинг иккита катта гуруҳи бор, яъни улар таклифларни йиғиш ва умумлаштириш ҳамда таклифларни таҳлил қилиш билан шуғулланади. Бу гуруҳлар бизга жуда ҳам яқиндан ёрдам беряпти, аниқроғи, бир хил мазмундаги таклифларни умумлаштириб беришлари ҳам бизнинг ишимизни анча осонлаштирмоқда. Ёки умуман конституциявий ислоҳотга алоқаси йўқ бўлган айрим таклифларни ажратиб олишмоқда. Умуман, шу йўллар билан ишимизни анча енгиллаштиряпти.


















