Жонсонни «ағдарган» ҳиндга қарши «иккинчи Тэтчер». Британия бош вазирлиги учун икки номзод қолди
Буюк Британия Консерватив партияси етакчилиги учун пойга финалига партиянинг парламентдаги вакиллари ўртасида овоз бериш жараёнининг охирги туридан кейин собиқ молия вазири Риши Сунак ва амалдаги ташқи ишлар вазири Лиз Трасс чиқди.
Борис Жонсоннинг истеъфосидан кейин Консервативлар партиясида етакчилик учун кураш давом этмоқда — партиянинг янги раҳбари Буюк Британиянинг янги бош вазирига айланади. Айни вақтда кураш ҳал қилувчи босқичга кирмоқда.
7 июл куни Борис Жонсон ўз истеъфосини эълон қилгач (у бош вазирликдаги ўринбосари аниқлангунига қадар лавозимда қолади), Буюк Британия Консерватив партиясида партия раҳбарлиги учун кураш бошланди. Ғолиб нафақат партияни, балки мамлакатни ҳам бошқаради — камида кейинги умуммиллий сайловларгача. Партия раислиги учун амалдаги бош вазир тарафдорлари ҳам, Жонсоннинг тарафдорлари сотқин деб биладиганлар ҳам кураш олиб боришди. Пойга бошидан буён энди қиролликнинг собиқ молия вазирига айланган Риши Сунак етакчилик қилиб келди: унинг июн ойидаги истеъфоси ҳукумат инқирозини юзага келтирган, якунда бу Жонсоннинг истеъфосига олиб келганди. Сунакка охирги турда икки аёл номзод рақобат қилди — собиқ мудофаа вазири Пенни Мордонт ва амалдаги ташқи ишлар вазири Лиз Трасс.
Сўнгги турда Риши Сунак 137 овоз олди, Лиз Трасс - 113. Шу билан бирга, Сунакнинг натижаси ўтган турдагига қараганда 19 пунктга, Трасс хонимники эса 27 пунктга яхшиланган. Тереза Мэй ҳукуматида Бирлашган қироллик тарихида илк мудофаа вазири бўлган Пенни Мордонт 105 овоз билан учинчи ўринда қолиб кетди - у охирги турда Трассдан 8 та кам овоз олди (унинг овозлари сони охирги турда 13 тага ошган). Ҳолбуки, тўртинчи турдан кейин Сунак 118 овоз билан биринчи, Мордонт 92 овоз билан иккинчи, Трасс 86 овоз билан учинчи бўлиб турганди.
Лиз Трасс партиядошларига қўллаб-қувватлов учун миннатдорчилик билдирган ва «биринчи кунданоқ ишга киришга тайёрлиги»ни таъкидлади.
Пенни Мордонт «биз биргаликда олға ҳаракатланамиз» деди. «Ғалаба яқин эди, афсуски, Пенни ютқазиб қўйди. Энди Лиз Трасс учун овоз бераман. У охиригача Борис Жонсонга садоқатли бўлиб қолди ва унинг оёғидан чалишга ҳаракат қилмади», дея ёзди Мордонтни қўллаб-қувватлаб келган Майкл Фабрикант.
Британия ҳукуматининг кейинги раҳбари номи ҳукмрон Консерватив партиянинг барча аъзолари ўртасида ўтказиладиган овоз бериш жараёнидан кейин маълум бўлади, натижалар 5 сентябр куни эълон қилинади.
Елизабет Трасс бошқа номзодларга қараганда катта сиёсий тажрибага эга деб қараларди, у бошқа вазирлик лавозимларида ҳам ишлаган. Ўз навбатида, Пенни Мордонт ҳукуматда Риши Сунакдан кўра кўп вақт давомида бўлган.
Чоршанба тонгида, парламентда овоз бериш жараёнининг сўнгги тури арафасида букмекерлар Трасснинг имкониятини юқорироқ баҳолашаётганди.
Эндиликда, номзодлар атиги икки нафар қолганида улар энди парламентдаги ҳамкасбларини эмас, Консерватив партиянинг барча аъзоларини ўзи энг муносиб номзод эканига ишонтириши талаб этилади.
Номзодларнинг сараланиши
Аввалига ўз дастурига ва ҳатто ўз тарғибот сайтларига эга бўлган ўн номзод пайдо бўлганди - бу вақтда ҳали Жонсон истеъфоси ҳақида эълон қилмаганди. Бу 2019 йилдагидан биттага кўп, ўшанда консерваторлар Тереза Мэйга ўринбосар қидиришаётганди — ўшанда ториларнинг собиқ етакчиси Иэн Дункан-Смит номзодлар сони ҳаддан зиёд кўплиги жамоатчиликда ҳукмрон партияда бўлиниш юз бергани ҳақида тасаввур ҳосил қилишини айтганди. Ўшанда пойга бошидан етакчилик қилган Жонсон ғолиб чиққанди. Бу сафар эса «Қўмита 1922» энг истиқболсиз номзодларни овоз бериш бошланишидан олдин тушириб қолдиришга қарор қилди — номзодини қўйишни истаганлар партиядошларидан камида 20 та имзо тўплаши талаб этилди (парламентдаги жами торилар сони 358 нафар, улар саралашда ва ҳар бир турда фақат бир кишига овоз бериши мумкин эди).
Кейин эса номзодлар серияли овоз бериш жараёнидан ўтишди, биринчи турда 30 овоз ололмаганлар пойгани тарк этиши керак эди. Иккинчи ва кейинги турларда эса — рўйхатда охирги ўринда қолган номзодлар.
13 июл куни бўлиб ўтган биринчи турда Жереми Ҳант (Тереза Мэй даврида ташқи ишлар вазири, у Жонсоннинг ўрнига бу лавозимга келганди) ва Надим Заҳавий (собиқ таълим вазири, энди эса Сунак ўрнига молия вазири, Жонсон уни ўзининг истеъфосини эълон қилишидан бир кун олдин бу лавозимга тайинлаганди). Транспорт вазири Грант Шаппс ва собиқ соғлиқни сақлаш вазири Сажид Жавид ҳатто биринчи тур бошланишини кутмасдан ихтиёрий равишда ўз номзодларини қайтариб олишди. Иккинчи раундда эса қироллик бош прокурори Сьюелла Брауэрман рўйхатдан тушиб қолди, 18 июл куни, учинчи раундда навбатдаги аутсайдер, парламентда хорижий масалалар бўйича комиссия раиси ҳисобланган Том Тугендҳат пойгадан чиқиб кетди, тўртинчи раундда эса — Кеми Баденох охирги ўринни олди.
Финалда эса ғолибни консерваторлар партиясининг оддий аъзолари аниқлашади: партиянинг аъзолик билети бор британияликларга бюллетенлар жўнатилади, уни тўлдириб, маълум муддат ичида қайтариш керак бўлади.
5 сентябр куни ғолиб номи эълон қилингач, Жонсон қироличага истеъфоси ҳақида маълум қилиб, ўз ворисини таништириши керак. Қироличанинг расмий қабулидан кейин партиянинг янги раҳбари Британиянинг кейинги бош вазири сифатида иш бошлайди.
Финалчилар ҳақида нималар маълум?
Риши Сунак. 2015 йилда парламент депутатига айланган, 2019 йилга келиб у молия вазири лавозимини эгаллаган ва бу лавозимда шу йилнинг 5 июлига қадар ишлаган, ўшанда у ўз ҳамкасби, соғлиқни сақлаш вазири Сажид Жавид ортидан истеъфо берган. Уларнинг иккиси ҳам Борис Жонсоннинг сиёсатига қўшилмасликларини кескин оҳангда билдиришган.
Жонсоннинг тарафдорлари Сунакни очиқчасига ёқтиришмайди ва уни «юқори солиқлар бош вазири» ва «сотқин-илон» деб аташади — айнан Сунакнинг молия вазирлигидан истеъфога чиқиши Жонсонни истеъфога чиқишга мажбур қилганди. Сунак дебатлар чоғида солиқларни ошириши ва бу аҳоли фаровонлигини таъминлаши ҳақида гапириб келди.
Лиз Трасс. Ташқи ишлар вазири Элизабет Трасс Риши Сунак ва Сажид Жавид ўз лавозимларини тарк этиши ортидан Борис Жонсонни қўллаб-қувватлаб чиқди ва бу амалдаги ҳукумат тарафдорлари орасидаги мавқейини мустаҳкамлади. Ташқи ишлар вазирлигини бошқарган иккинчи аёл бўлган Трасс хоним аллақачон ўз ҳисобига иккита кўзга кўринарли ҳаракатни ёзиб қўйган - Эрон қамоқхонасидан журналист Назанин Загари-Рэтклиффни озод қилиш ҳамда Россия ва унинг олигархларига қарши санкциялар қўллаш. У Украинадаги уруш туфайли Россия раҳбариятини кескин танқид қилиб келиши билан тилга тушган.
Қатъий ташқи сиёсат юритиш тарафдори бўлган Лиз Трассни «иккинчи Тэтчер» дейишмоқда. У дебатларда ҳам 1980-йиллар услубини ва Тэтчерни эслатувчи либосда иштирок этди. Ёрқин британ миллатчилигини ифодаловчи ушбу номзодни Жонсон жамоасидаги йирик сиёсатчилар Надин Доррис ва Жейкоб Рис-Могг фаол қўллаб-қувватлашди.
Мавзуга оид
18:53 / 13.11.2024
Борис Жонсон Украинага британ ҳарбийлари юборилиши шартини айтди
23:14 / 30.09.2024
Борис Жонсон миграция инқирозида Франция президентини айблади
18:40 / 06.07.2024
«Риши Сунакни тан олишмади». Бирлашган қиролликдаги парламент сайловларига нима сабаб бўлди?
07:22 / 05.07.2024