Жаҳон | 09:06 / 21.07.2022
17128
4 дақиқада ўқилади

Германия «Газпром»дан газ етказиб беришни тўлиқ қайта тиклашни талаб қилди

21 июль куни «Шимолий оқим» газ қувурида профилактик таъмирлаш ишлари якунланади. «Газпром» Европага етказиб беришни қанчага ошириши ҳақидаги савол очиқлигича қолмоқда.

Фото: Getty Images

Германия ҳукумати «Шимолий оқим» газ қувурида таъмирлаш ишлари тугагандан сўнг Германияга мунтазам газ етказиб беришни тиклашни талаб қилмоқда. 20 июль, чоршанба куни тарқатилган федерал ҳукумат матбуот ва ахборот бошқармаси баёнотига кўра, Берлин «Газпром»дан техник хизмат кўрсатиш тугагандан сўнг концерн газни тўлиқ етказиб беришини кутмоқда. Германия ҳукумати расмий вакили ўринбосари Кристиане Хоффман Россия концернининг шартнома мажбуриятларига ишора қилди. Берлин Россия президенти Владимир Путиннинг газ етказиб бериш ҳақидаги баёнотларига изоҳ беришдан бош тортди.

Россия давлати раҳбари «Газпром» Европага газ етказиб бериш бўйича ўз мажбуриятларини бажаргани, бажараётгани ва бажаришда давом этиш ниятида эканини айтди. Бундан ташқари, у газ етказиб бериш ҳажмини ошириш учун «Шимолий оқим 2» қувурини ишга туширишга тайёрлигини билдирди.

«Шимолий оқим 1» 11 июлдан бери таъмирланмоқда. Reuters маълумотларига кўра, Россия газини у орқали Европага етказиб бериш 21 июлдан кейин қайта тикланади, аммо тўлиқ ҳажмда бўлмайди. «Газпром» 11 июлгача бўлган даражага қайтади», - деди агентлик суҳбатдошларидан бири. Ўшанда Россия концерни газ таъминотини режалаштирилган қувватнинг 40 фоизигача қисқартирганди. «Газпром» буни Siemens’нинг Канадада таъмирланаётган ва «Портовая» компрессор станциясига мўлжалланган турбинаси қайтарилмагани билан изоҳлади. 

Gascade тармоғи оператори «Шимолий оқим 1» қувури орқали газ етказиб бериш режалаштирилган техник ишлар тугагандан сўнг қайта тикланишини кутмоқда. Буни 20 июль куни тушдан кейин Gascade’нинг дастлабки маълумотлари тасдиқлади. Gascade Лубминдаги (Мекленбург- Олд Померания ери) иккита «Шимолий оқим» тарқатиш пунктларининг оператори ҳисобланади. Gascade маълумотларига кўра, ҳар икки пунктга газ етказиб бериш режалаштирилган. Тегишли аризалар катта ҳажмларни ташиш учун шартдир, дея тушунтирди оператор вакили. Бироқ, аризаларнинг мазмуни ҳақиқий етказиб беришдан бироз олдин ўзгариши мумкин. 

Турбина Россияга ўз вақтида етказиб берилади, етказиб бериш жараёнидан, 21 июлда техник хизмат кўрсатиш тугагандан сўнг, Европага газ етказиб беришни давом эттирмаслик учун баҳона сифатида фойдаланиш мумкин бўлмайди. Бу ҳақда Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен Брюсселда маълум қилди. «У (турбина) аллақачон транзит билан ортга қайтяпти, шунинг учун газ бермаслик учун ҳеч қандай баҳона бўлмайди», деди у. Шу билан бирга, қўшимча қилинишича, бошқа «Шимолий оқим 2» газ қувури сертификатланмаган ва ундан фойдаланиш мумкин эмас. 

Айни пайтда, «Коммерсантъ»нинг ёзишича, турбинани етказиб бериш ва ишга тушириш яна 9-12 кун давом этади. 

Германия Иқтисодиёт вазирлиги турбина билан боғлиқ вазиятни  «Газпром» учун газ таъминотини қисқартиришга баҳона деб атади ва Россия концернини бундай баҳонадан маҳрум қилиш ниятида эканини эълон қилди. Вазирлик, шунингдек, «Шимолий оқим 2»ни сертификатлаш йўқлиги сабабли ишга тушириб бўлмаслигини таъкидлади. 

Мавзуга оид