Ўзбекистон | 10:42 / 22.07.2022
7538
2 дақиқада ўқилади

200 минг сўмлик банкноталар нима учун муддатидан олдин чиқарилганлигига изоҳ берилди

Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродовнинг таъкидлашича, 200 минг сўмлик инфляцияни тўхтатиш ёки банкоматлар учун чиқарилмаган, бундан асосий мақсад одамларга қулайлик яратиш. “Энг йирик банкнота ўртача ойликнинг камида 30−40 фоизига тенг бўлиши керак. Бу кўрсаткич айрим давлатларда 50 фоиз”, деди у.

Мамаризо Нурмуродов / Фото: Kun.uz

21 июль куни Марказий банк бошқаруви асосий ставкани бир бандга пасайтириб, 15 фоиз этиб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилгач, Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда МБ раиси нима сабабдан 200 минг сўмлик банкнота чиқарилганлигига изоҳ берди.

“Баъзи блогерларимиз 200 минг сўмлик банкнота чиқди, энди инфляцияни тўхтатиб бўлмай қолади, деб ёзишди. 200 минг сўмликни инфляцияни тўхтатиш ёки банкоматлар учун чиқарганимиз йўқ-ку, бундан асосий мақсад одамларга қулайлик яратиш.

Биринчидан, умумэътироф этилган нақд пулнинг ўзига хос қоидалари бор. Яъни энг йирик банкнотадаги купюра ўртача ойликнинг камида 30−40 фоизига тенг бўлиши керак. Бу кўрсаткич айрим давлатларда 50 фоиз.

Иккинчидан, биз ўрганган яна бир жиҳат: одамларимизнинг ўртача харид суммаси қанча бўлаётганлиги бўлди. Ҳозирда ўртача харид суммаси 200, 300, 500 минг сўмдан ошаётган ҳолатлар бор. Энди буни сегментлар бўйича ўрганамиз, масалан, деҳқон бозорида қандай харид, савдо комплексларида қанақа? Худди шу жиҳатларни асос қилган ҳолда 200 минг сўмликни кутиб ўтирмай, олдинроқ чиқардик.

Учинчидан, биз жами муомаладаги банкноталар сонини ҳам мониторинг қилиб борамиз. Масалан, икки йил олдин нақд пул банкноталари сони аҳоли жон бошига 370 тани ташкил этган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткични 70 тадан ортиқроққача камайтирдик. Йирик банкноталар чиқарилишидан мақсад, халқимизга қулайлик яратиш.

Яна бир нарсани қўшимча қилмоқчиман, пул массасининг кўпайиши иқтисодиётдаги бўлаётган ижобий ўсиш ва ўзгаришларнинг маҳсули ҳисобланади, яъни пул ўзидан ўзи кўпайиб кетмайди. Биз пул массасини назорат қилиб, бирор натижага эриша олмаймиз, фақатгина халқимизга қийинчилик ва оворагарчилик туғдиришимиз мумкин”, деди Мамаризо Нурмуродов.

Мавзуга оид