Жамият | 17:31 / 22.07.2022
20321
14 дақиқада ўқилади

Чарх йигирувчи аёллар нега олдиларига мевалар қўйиб ишлаган? “Заковат”нинг навбатдаги сонидан репортаж

Олмос каби топилиши қийин, нархи қиммат ҳамда сохтаси кўп нарса нима? Навоий инсондаги қайси ўзгаришни Аллоҳ томонидан берилган нурни зулматга айлантириш деб таърифлаган? Чарх йигирувчи аёллар нега олдиларига нордон меваларни қўйиб ишлаган? “Заковат” телеўйини ёзги мавсумининг иккинчи ўйинида Жобир Аҳмедов жамоаси иштирок этди.

Фото: Заковат

Жамоа аъзолари (чапдан ўнгга):

  • Азамат Қобилов - тарихчи;
  • Ҳаётилла Раҳмонов - алоқачи;
  • Жобир Аҳмедов - шифокор (жамоа сардори);
  • Хушнуд Худойбердиев - ҳуқуқшунос;
  • Умид Наримов - файласуф;
  • Рушана Ражабова - филолог. 

2022 йилнинг ёзги мавсуми иккинчи ўйини яна бир тажрибали жамоа иштирокида бўлиб ўтди. Мухлисларнинг севимлиси бўлган ушбу жамоадан ижобий натижа кутилиши аниқ.

1-раундда қозонга солиб қўйиладиган металл мослама ҳақида савол ўйналди. Жамоа аъзолари муҳокама давомида саволнинг жавобига етиб бора олмади. Ўйин ҳисоби мухлислар фойдасига очилди – 0:1.

2-раунд саволи болалар учун мўлжалланган ноодатий стикерлар ҳақида бўлди. 1 дақиқалик муҳокама давомида жўяли вариантга эга бўлмаган жамоа клубдан ёрдам олишга мажбур бўлди. Клуб ёрдамини қайси саволда олишни яхши биладиган жамоа бу сафар ҳам адашмади. Ҳисоб – 1:1.

Кейинги раундда эронлик деҳқонлар буюртмасига асосан қурилган ғалати иншоот ҳақидаги савол тушди. Муҳокамани анча жонли олиб борган жамоа якунда Хушнуд Худойбердиев орқали қизиқ вариант берди. Бироқ тўғри жавоб бошқачароқ бўлиб чиқди. Ҳисоб – 1:2.

4-раундда чархда ип йигирувчи аёллар ҳақида қизиқарли савол ўйналди. Жамоа сардори Жобир Аҳмедов ушбу саволга муддатидан олдин жавоб бериб, вазиятни ўнглаш билан бирга жамоасига қимматли бир дақиқани олиб келди. Ҳисоб – 2:2.

5-раунд саволи Огаҳий чистони асосида бўлди. Чистонда тилга олинган нарса сандиқчада олиб чиқилди. Билимдонлар қанча ҳаракат қилишмасин, тўғри жавобга етиб бора олишмади. Жавоб янграганда эса топа олмаганларига афсусланиб қолишди. Ҳисоб – 2:3.

6-раундда блиц саволлари тушди. Блицнинг биринчи ва иккинчи саволларига тўғри жавоб бера олган жамоа учинчи саволга келганда хатога йўл қўйди. Учинчи саволга ҳам тўғри жавоб айтилган бўлса-да, жамоа нотўғрисини танлади. Афсус. Ҳисоб – 2:4.

7-раундда ҳам жамоа ўзига келавермади. Қадимги Бобил кўчаларида кимларга ҳамма йўл бергани ҳақидаги қийинроқ саволга жамоа тўғри жавоб топа олмади. Ҳисоб – 2:5.

7-раунддаги мағлубият ҳисобни ўта қалтис кўринишга келтириб қўйди. Эндиликда биргина нотўғри жавоб жамоа мағлубиятига сабаб бўлади. Ўтган ўйинда ҳам Бобур Ёқубов жамоаси худди шундай вазиятга тушиб, ҳисобни 5:5 гача олиб борганди. Бу ўйинда ҳам билимдонлар ирода кўрсата оладими, кўрамиз.

8-раундда Алишер Навоий ва Рудакийнинг оқ сочни қорага бўяш ҳақидаги фикрларига асосланган савол ўйналди. Ушбу саволга жамоа осонлик билан жавоб топа олди. Ҳисоб – 3:5.

9-раундда Чингиз Айтматовнинг “Эрта келган турналар” асаридан олинган ўхшатиш ҳақидаги савол ўйналди. Тажрибали жамоа аъзолари ушбу мураккаб саволга ҳам жавоб топа олди. Вазиятни ўнглашга биргина раунд қолди. Ҳозирча ҳисоб – 4:5.

10-раундда Иқбол Мирзо ижоди асосида шеърий савол тушди. Одамларни дуогўй қилиб қўядиган 2-3 кунлик жараён қайси, дея қўйилган саволда жамоа қизғин муҳокама олиб борди. Бошқа вариантга оғиб кетиш хавфи пайдо бўлганида Жобир Аҳмедов Рушана Ражабованинг вариантини ҳимоя қила олди ва бу ҳисобнинг тенглашишига олиб келди. Ажойиб ўйин! Ҳисоб – 5:5.

Ҳисоб 5:5га етганидан сўнг, жамоа бор-барака ўйинидан воз кечиб, сўнгги раундни жамоавий ўйнашга қарор қилди.

Охирги раундда “Заковат” сандиқчаси олиб чиқилди. Усталар куйдириб, нақш чизиш мақсадида фойдаланган, қорамоллар бўйнига кўзмунчоқ мақсадида осиб қўйилган нарса нима, дея қўйилган саволга жамоа осонгина жавоб топди. Ҳисоб – 6:5.

Шундай қилиб, жамоа ўз тажрибасини яна бир бор кўрсатиб, 2:5 кўринишидаги қалтис вазиятдан муваффақиятли чиқиб кета олди. 6:5 ҳисобидаги ғалаба жамоани финалга олиб чиқадими-йўқми, бунисини вақт кўрсатади.

Ўйин стенограммаси билан қуйида танишиб чиқишингиз мумкин.

1-раунд. Савол муаллифи - Раж Диёров, Чироқчи тумани.

Бошловчи: Марҳамат, экранга қаранг!

Бу мослама зангламас металлдан тайёрланган. Уй бекалари буни уйда, хонадонда қозон билан бирга ишлатишади.

Диққат савол: Қачон ва нима сабабдан бу металл мослама қозонга солинади?

Жавобни Жобир Аҳмедов беради: Бирорта қозонга масаллиқ солингандан сўнг уни бостириб қўйиш учун ишлатилади. Бу ерда ортиқча буғи махсус жойидан чиқиб кетиши учун, бостириб қўйиш учун ишлатилади.

Тўғри жавоб: Уй бекалари сут пиширганда сут тошиб кетмаслиги учун буни аввал қозонга солиб кейин сут қуйиб қайнатишади, сут тошиб кетишининг олдини оладиган мослама бу.

Ҳисоб: 0 - 1

Савол муаллифи Раж Диёров 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

2-раунд. Савол муаллифи - Ҳамидулла Есбергенев, Нукус шаҳри.

Бошловчи: Марҳамат, экранга қаранг!

Замонавий стикерлар жуда урф бўлиб бормоқда. Айрим стикерлар турли мақсадларда, ўргатиш, тушунтириш маъносида чоп этилади. Масалан экрандаги стикер маълум тоифа инсонлар учун ва уларга ёрдам бериш мақсадида чиқарилган.

Диққат савол: Кимлар учун ва нима мақсадда ишлаб чиқарилганини топинг.

Жамоа клуб ёрдамидан фойдаланди.

Жавобни Хушнуд Худойбердиев беради: Болаларга, ўнг ва чапни ажратиш учун.

Тўғри жавоб: Бу ёш болалар оёқ кийимини адаштириб юбормаслиги учун ишлаб чиқарилган стикер эди.

Ҳисоб: 1 - 1

Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

3-раунд. Савол муаллифи - Нодира Ёрлақабова, Зарбдор тумани

Бошловчи: Марҳамат, экранга қаранг!

Бу каби иморатлар Эронда XVII асрда бунёд қилинган. Ҳали ҳам сақланиб қолган. Эрон меъморлари бу каби иморатларни, деҳқонларнинг буюртмаси бўйича кўпроқ қуришган.

Диққат савол: Деҳқонлар бу биноларни нима мақсадда қуришган?

Жавобни Хушнуд Худойбердиев беради: Бу иморатларда шамол бўлганда елвизак орқали иморатлар доимий ғувиллаган овоз чиқариб турган, бу орқали атрофдаги қушларни ҳайдашган.

Тўғри жавоб: Бу биноларда кабутарлар сақланган. Минглаб кабутарлар шу уйнинг ичида тунашган. Деҳқонга нима наф дерсиз, у пайтда минерал ўғитлар бўлмаган ўрнига кабутар ўғитларидан фойдаланишган.

Ҳисоб: 1 - 2

Савол муаллифи Нодира Ёрлақабова 2 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

4-раунд. Савол муаллифи - Илгизбек Шомирзаев, Ўш шаҳри

Бошловчи: Марҳамат, экранга қаранг!

Чархда ип йигираётган аёл. Негадир бу аёллар ип йигираётган пайтлари ёнларига клюква, рябина, калина, брусника каби меваларни қўйиб ишлашган. Бу мевалар уларнинг ишларига ёрдам берган.

Диққат савол: Бу мевалар ип йигираётганда қандай ёрдам берган?

Жамоа муддатдан олдин жавоб беради.

Жавобни Жобир Аҳмедов беради: Бу санаб ўтилган мевалар инсонда кўп миқдорда сўлак ажралиб чиқишини таъминлайди. Ип йигираётган аёл албатта оғзини ҳўллаб туриши керак. Шу йўл билан доимий сўлак ажралиб туришини таъминлаган.

Тўғри жавоб: Чархда айлантириб ишлаганда қўл учлари доимо нам бўлиб туриши керак. Бу меваларни кўрганда одам емаса ҳам сўлаги оқиб туради. Бу аёллар қўлларини намлаб туриши учун клюква, рябина, калина каби мевалардан қўйиб қўйишади.

Ҳисоб: 2 - 2

Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

5-раунд. Савол муаллифи - Умидбек Раҳмонов, Хива шаҳри

Бошловчи: Марҳамат, Заковат сандиқчаси олиб чиқилсин!

Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳийдан чистон:  

Васлин истаб жаҳон бозорида,

Олам аҳли бошида савдосидур.

Ҳам фақир-у, ҳам ғани девонаси,

Ҳам қари-ю, ҳам йигит шайдосидур.

Топмаса гар илтифотин ҳар киши,

Хордир, гарчи жаҳон доносидир. 

Диққат савол: Чистоннинг жавоби сандиқчада турибди. Албатта, Огаҳий давридагиси эмас, бугунги замонавий кўриниши. Сандиқчада нима бор?

Жавобни Хушнуд Худойбердиев беради: Бош кийим. Дўппи.

Тўғри жавоб: Пул. 

Ҳисоб: 2 - 3

Савол муаллифи Умидбек Раҳмонов 3 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

6-раунд. Блиц. Саволлар муаллифи - Зарифа Аҳмедова, Жиззах шаҳри

Мавзу - Машҳур афоризмлар

1-савол

Бошловчи: Марк Твен ёзади: Агар доимо ишлайверсангиз-у, дам олмасангиз, сизни энг ёш, энг бой одам деб таништиришади...

Диққат савол: Қаерда?

Жавобни Хушнуд Худойбердиев беради: Нариги дунёда.

Тўғри жавоб: Қабристонда, нариги дунёда жавобини ҳам қабул қиламиз.

Блиц. 2-савол

Бошловчи: Умар Ҳайём ёзади: Биздан паст турувчилар, бизни кўпроқ ёмонлашади. Савол, биздан баланд турувчилар-чи?

Диққат савол: Умар Ҳайём фикрини давом эттиринг.

Жавобни Хушнуд Худойбердиев беради: Бизни кўришмайди, писанд қилишмайди.

Тўғри жавоб: Биздан баланд турувчиларнинг биз билан ишлари йўқ. Сизнинг жавобингизни ҳам қабул қиламиз.

Блиц. 3-савол

Бошловчи: Алломалардан бири уларни олмосга ўхшатади. Олмос каби топилиши қийин, нархи қиммат ҳамда сохтаси кўп.

Диққат савол: Номаълум аллома айтган уларни топинг.

Жавобни Хушнуд Худойбердиев беради: Уларни олмосга ўхшатади, нархи қиммат, сохтаси кўп иқтибослар, уларнинг муаллифини топиш.

Тўғри жавоб: Дўстлик.

Ҳисоб: 2 - 4

Савол муаллифи Зарифа Аҳмедова 4 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

7-раунд. Савол муаллифи - Қосимжон Қаҳҳоров, Андижон

Бошловчи: Қадимги Бобилни кўз олдингизга келтиринг: гуллаган даври, кўча тўла одам, бунинг устига аравалар, мол, ҳўкизлар. Ҳамма бир-бирини четга сурган, лекин бир тоифа одамларга ҳамма йўл беришга мажбур бўлган.

Диққат савол: Бу тоифа одамлар кимлар бўлган?

Жавобни Умид Наримов беради: Бобил гуллаган даврида баланд-баланд бинолари, машҳур ибодатхоналари билан танилган. Ўша вақтда меъмор, усталарга йўл берилган.

Тўғри жавоб: Бобилдек ривожланган, бой давлатни тарихда топиш мушкул, ҳозир ҳам манаман деган давлатлар ҳам осма боғлар қуролмайди. Аммо Бобил гуллаган даврида осма боғлар қурилган. Улар битгандан сўнг ҳар куни минглаб қуллар осма боғга сув ташишган. Айнан шуларни ҳамма ўтказиб юборган.

Ҳисоб: 2 - 5

Савол муаллифи Қосимжон Қаҳҳоров 5 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

8-раунд. Савол муаллифи - Нодирбек Аъзамжонов, Сўх тумани

Бошловчи: Ҳазрат Навоий инсондаги бу ҳолатни, бу ўзгаришни, Аллоҳ томонидан берилган нурни зулматга айлантириш деб таърифлаганлар. Рудакий эса шу ҳолатга ўтган умрни мотамга айлантириш деб ёзганлар. Иккала аллома ҳам инсон билан бўлиб ўтадиган бир жараённи тилга олишган.

Диққат савол: Қандай жараённи назарда тутишган?

Жавобни Жобир Аҳмедов беради: Инсон сочларини бўяш.

Тўғри жавоб: Оқ сочни қорага бўяш.

Ҳисоб: 3 - 5

Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

9-раунд. Савол муаллифи - Суннат Алиқулов, Зомин тумани

Бошловчи: Чингиз Айтматовдан ажойиб ўхшатиш:

У оёқларим остига узун пойандоз солгандай, хира тортган кузги ерларни тўқ қизил, бинафша ва пушти рангларга безаб, кийилавериб увадаси чиқиб кетган камзулимнинг кумушранг тугмаларида оловдай ёлқинланиб, изғириндан қувраган чийларнинг попукларига зеб бериб турарди. Бу асарни Чингиз Айтматов "Эрта келган турналар" асари учун ёзган. Биз ундан парча келтирдик. 

Диққат савол: Бир неча сўз билан бу ҳолатни топиб беринг.

Жавобни Жобир Аҳмедов беради: Ботаётган қуёш

Тўғри жавоб: Қуёшнинг ботиш арафаси

Ҳисоб: 4 - 5

Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

10-раунд. Савол муаллифи - Комилжон Исмадиёров, Марҳамат тумани

Бошловчи: Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзодан тўрт қатор шеър: 

Уч кун давом этар талотум, қутқу,

Уч кун катталарнинг тилида дуо.

Уч кун эл тақвога бурканар буткул,

Рамазонда шунча ёдланмас Худо. 

Ушбу шеърда одамларни бу даражада дуогўй қилиб қўядиган қандайдир жараён ҳақида сўз боради. Иқбол Мирзонинг қаердан эканлигини яхши биласиз. Икки йил бурун шу номда бир ўзбек филми ҳам суръатга олинган.

Диққат савол: Гап қандай жараён ҳақида кетмоқда?

Жавобни Рушана Ражабова беради: Қўқон шамоли.

Тўғри жавоб: Қўқон шамоли.

Ҳисоб: 5 - 5

Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

11-раунд. Савол муаллифи - Бўстон Усмонов, Жондор тумани

Бошловчи: Диққат, Заковат сандиқчаси олиб чиқилсин!

Сандиқчадагини яқин-яқингача усталар уй таъмири пайтида уни ёндириб қоп-қора тутуни ёрдамида турли нақшлар чизишган. Сандиқчадагини айримлар кўзмунчоқ мақсадида қорамоллар бўйнига осиб қўйишган. Ўзбек тилининг изоҳли луғатида унинг номи бизга француз тилидан кириб келгани айтилади.

Диққат савол: Сандиқчада нима бор?

Жавобни Жобир Аҳмедов беради: Калиш.

Тўғри жавоб: Калиш.

Ҳисоб: 6 - 5

Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

Энг яхши савол муаллифи - Комилжон Исмадиёров.

"Қўқон шамоли" ҳақидаги саволи учун 5 млн сўм пул мукофотига эга бўлди.

Ўйиннинг энг фаол билимдони - Рушана Ражабова.

Рушана Ражабова 5 млн сўм пул мукофотини қўлга киритди.

Мавзуга оид