«Медуза» интернетда эълон қилинган очиқ маълумотлар (томонларнинг баёнотлари, ижтимоий тармоқларда тарқалган фото ва видеолар) асосида сўнгги кунларда Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар кўламини акс эттирувчи ўзгаришларни жамлади.
- Северодонецк ва Лисичанск эгаллангач, июл ойи бошидан россияликларнинг Донбассдаги юришлари тўхтаб қолди. Украина қўшинлари Лисичанскда қуршовга тушиб қолишдан қутулиб қолди ва Северск — Соледар — Бахмут бўйлаб янги фронт чизиғи ташкил этилди. Афтидан, Россия қўмондонлиги режаларига бу линияга тўғридан тўғри ҳужум қилиш киритилмаган. Эҳтимол, юришлар суръатига Украина армиясининг фронт ортидаги ўқ-дори омборларига ракета зарбалари йўллагани таъсир кўрсатган - бундай ҳужумлар оқибатида Россия қўшинларининг таъминоти издан чиққан. Нима бўлмасин, Донбассда «оператив пауза» бир неча ҳафтадан буён давом этмоқда.
- Харкивдан шимолда ҳам россияликларнинг қарши ҳужумлари тўхтаб қолган. Бу йўналишда шунчаки оператив мақсад қўйилмаган: шаҳарни қуршовга олиш, айниқса уни штурм билан эгаллаш учун етарли куч йўқ.
- Словянск ҳудудида ҳам илгарилаш кузатилмаяпти, бу ҳудуддаги ўрмонзорларда россиялик ҳарбийлар баҳордан буён туриб қолишган. Ҳолбуки, кейинги йирик юриш шу ердан бошланиши кутилаётганди.
- Агар Украина шарқида вазият шунчаки «барқарорлашган» бўлса, Херсон ҳудудида Россия армияси учун тўлақонли оператив инқироз аломатлари юзага келмоқда. Май ва июн ойлари мобайнида очиқ дашт ҳудуди бўйлаб юришлар амалга ошириш учун уринишлар муваффақиятсизликка учрагач (бу уринишлар Россия артиллерияси томонидан тўхтатилди), украин қўмондонлиги стратегияни ўзгартирди. Россия армиясининг асосий камчилиги логистика бўлиб қолаётгани туфайли, АҚШдан узоқ масофага отувчи HIMARS баравар ўт очиш тизимларини қабул қилиб олган украин ҳарбийлари россияликларнинг коммуникация тизимларини ўққа тута бошлади.
- Бундай ҳисоб-китоб тушунарли: украин армиясининг барча муваффақиятларига ялпи ҳужумга ўтиш ҳаракатлари орқали эмас, балки россиялик ҳарбийларни таъминотдан узиб қўйиш орқали эришилган. 150 кунлик уруш тарихи шуни кўрсатадики, Россия қўмондонлиги таъминотда инқироз юзага келган тақдирда қўшинларни олиб кетишни афзал кўради (ва бу «эзгу ният қадами» деб аталади). Март ойи охирида россиялик ҳарбийлар Киев, Черниҳив ва Суми областларидан кетганида ҳам шундай бўлганди; июн ойи охирида Илон оролидаги гарнизон эвакуация қилинганда ҳам шундай бўлди.
- Россияликларнинг Днепр дарёсининг ўнг соҳилида, Херсон ва Миколйив областларидаги барча коммуникация тизимлари армия феврал ойи охири ва март ойи бошларида эгаллаб олган бир неча кўприкларга таянади. Бу кўприклар орқали қўшинларнинг йирик гуруҳлари озиқ-овқат ва ўқ-дори билан таъминланади (бир неча ўн минг киши ва юзлаб артиллерия тизимларидан иборат гуруҳлар).













