22-24 июл кунлари Ўзбекистондаги ҳарорат иқлимий меъёрлардан 5-7 даражага юқори бўлиши айтилди. Жанубда ва чўл зоналарининг баъзи жойларида 47 даража иссиқ тахмин қилинган. Бу – Ўзбекистондаги рекорд иссиқ (49,8 даража Бухородаги Оёқоғитма чўл станциясида 1983 йил қайд этилган) бўлмаса-да, юқори ҳароратли кунларнинг кўпайгани хавотирли.

Сўнгги 35 йилда Марказий Осиёдаги ҳарорат

Geophysical Research Letters журналида чоп этилган тадқиқотга кўра, сўнгги 35 йил ичида Хитой, Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг бир қисмини ўз ичига олган Марказий Осиёда ҳаво ҳарорати сезиларли кўтарилган. Дунёнинг бошқа нуқталаридан фарқли равишда исиш даражаси Марказий Осиёда қишда эмас, баҳорда юқорилагани қайд этилган. Шу даврда тоғли ҳудудлар иссиқроқ ва намроқ бўлиши кузатилган. Натижада тоғлардаги музликларни эритадиган жиддий хавф пайдо бўлган.

Марказий Осиё аҳолисининг 60 фоиздан ортиғи қуруқ иқлим минтақада яшайди. Ҳароратнинг кўтарилиши тупроқдаги сувнинг буғланишини кучайтиради ва қурғоқчилик хавфини оширади. Бу – иқлим муҳожирларини пайдо қилмоқда. Жаҳон банкининг 2021 йил сентябр ойида эълон қилган ҳисоботида 2050 йилга бориб, Марказий Осиёда ички иқлим муҳожирлари 5 миллионга яқинлашиши тахмин қилинган.

Ғарб учун аномал иссиқ

Осиё минтақаси учун 40+ даража ёзда кузатиладиган ҳолат. Бироқ Европа учун бундай ҳарорат ноодатий ва яшаш шароитларини қийинлаштириб юборади. Масалан, июлнинг ўрталарида Буюк Британияда ҳарорат қарийб 40 даражани ташкил қилган. Ўта юқори ҳарорат туфайли тарихда биринчи марта «қизил» огоҳлантириш даражаси жорий этилди