ССВ: Андижондаги соғломлаштириш акцияси давом этмоқда
Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ҳудудларда ўтказилаётган соғломлаштириш акциялари доирасида вазирлик марказий аппарати жамоаси, республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари раҳбарлари ва шифокорлари, тиббиёт олий ўқув юртлари олимлари, жами 150 нафардан иборат махсус гуруҳ Андижон вилоятига келди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, Хонобод шаҳрида соғломлаштириш акцияси доирасида ташкил этилган сайёр тиббий қабулда нафақат шу ҳудуд, балки қўшни Қўрғонтепа, Жалақудуқ туманлари ва Қорасув шаҳри аҳолиси ҳам иштирок этди.
Шаҳар марказидаги маданият ва истироҳат боғида йиғилган кекса ёшдаги нуроний отахон ва онахонлар, ёш оналар, болажонлар, қўйингки, юзлаб аҳоли пойтахтдан келган малакали шифокорлар томонидан тиббий кўрикдан ўтказилди.
Сайёр қабул иштирокчилари дастлаб рўйхатга олиниб, электрон тарзда тор соҳа мутахассислари кўригига йўналтирилди. Шундан сўнг беморлик даражасига кўра таснифланиб, кўрсатиладиган тиббий хизмат ҳажми туман, вилоят ва республика миқёсида белгилаб олинди.
Муаммоли масалалар билан келган фуқароларни Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари қабул қилиб, мурожаатларига тезкор ечим топиш чоралари кўрилди.
Мураккаб жарроҳлик амалиётлари талаб этиладиган, бироқ даволанишга имкони йўқ аҳоли вакилларига шу жойнинг ўзида давлат ҳисобидан даволаниш учун йўлланмалар расмийлаштирилди.
Сайёр тиббий қабулга онаси ҳамроҳлигида келган 41 ёшли оғир бемор Баҳром Аблазов Хонобод шаҳрида яшайди. 3 нафар фарзанди бор. Ушбу фуқаро 10 йилдирки, оғир касаллик – тос-сон бўғими емирилиши хасталигининг азобини тортади, бир неча йил аввал тос-сон бўғимининг бир томони жарроҳлик йўли билан даволанади. Аммо иккинчи томонига келганда оила бироз қийналиб қолган. Қабулда вазирлик мутасаддилари унинг мурожаатига қулоқ тутди. Беморга давлат ҳисобидан бепул протез қўйилиб, даволанадиган бўлди.
Акбарали Бердалиев — Қўрғонтепа тумани Қорасадоқ маҳалласидан. 53 ёшли ушбу беморни коксартроз хасталиги қийнайди. Касаллик туфайли зўрға оёқ босади. Керакли муолажаларни олишга моддий имконияти йўқ. Ўтказилган сайёр тиббий қабулдан у ҳам ноумид қайтмади. Беморга шу ерда операция қилиш учун бепул йўлланма берилди. Жарроҳлик амалиёти пойтахтдан келган энг моҳир жарроҳлар томонидан бажариладиган бўлди.
Яна бир бемор — Жамила Отабоева 55 ёшда. Ота-онасидан болалигидаёқ ёлғиз қолган бу аёлни бугун саратон, юқори қон босими, қандли диабет каби оғир хасталиклар қийнамоқда, яқинда инфарктни бошдан кечирган. Акция давомида унинг ҳам муаммоси ижобий ҳал этилиб, давлат ҳисобидан бепул операция қилинадиган бўлди.
Нилуфар Тошматова — 44 ёшда. 3 нафар фарзанди бор. Икки йиллик оғир дард — бачадон бўйни саратони ахири уни тўшакка михлади. Шу вақт ичида яқинларнинг шифо излаб бормаган жойи қолмади. Аммо натижа йўқ. Шу сабабли бугун сайёр тиббий қабулга Нилуфарнинг волидаси ёрдам илинжида келди. Онанинг фарзанди учун қилган мурожаати жавобсиз қолмади. Бемор пойтахтдан келган малакали шифокорлар томонидан текширувдан ўтказилиб, унга зарур тиббий ёрдам кўрсатилди. Нилуфарга вазирлик томонидан бепул ногиронлик аравачаси ҳам топширилди.
46 ёшли Илтифот Юсупова Хонобод шаҳридан. Уни неча йилдан бери ўт қопи хасталиги қийнайди. Сўнгги пайтларда касаллик янада зўрайиб, бемор умумий ҳолатида салбий ўзгаришлар кузатила бошлади. Кучли бош оғриғи, оёқ увишиши, кўнгил айниши каби асоратлар туфайли оддий рўзғор юмушларини бажаришга ҳам қийналиб қолганди. Сайёр тиббий қабул ушбу беморнинг қалбида ҳам соғайишга умид уйғотди. Унинг мурожаати ўрганилиб, эртагаёқ вилоятда давлат ҳисобидан лапароскопик усулда бепул операция қилинадиган бўлди.
Яна бир бемор Мадина Абдураҳимова — 8 ёшда. Бемор тез-тез судорога бериши сабабли, шифохонада доимий муолажа олишга мажбур. Сайёр тиббий қабулда Мадинанинг даволаниши учун Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникасига бепул йўлланма берилди.
Шунингдек, пойтахтдан келган мутахассислар иштирокидаги чуқурлаштирилган тиббий кўриклар турли хавфли хасталиклар туфайли тўшакка михланиб қолган фуқароларни ҳам четлаб ўтгани йўқ.
86 ёшли Содиқжон Умаров юрак касаллиги туфайли бир неча бор операция қилинган. Қарийб уч йилдирки, юролмайди. Соғломлаштириш акцияси доирасида пойтахтдан келган шифокорлар ушбу бемор хонадонига бориб, уни тиббий текширувдан ўтказгач, вилоятнинг ўзида бепул даволашга қарор қилди. Шунингдек, унга бепул ногиронлик аравачаси ҳам топширилди.
Андижонлик яна бир бемор Марҳабо Умаралиева 33 йилдан бери полиартрит, қандли диабет хасталигидан азоб чекади. 2014 йил беморда жарроҳлик амалиёти ўтказилган. Бироқ сўнгги вақтларда касаллик қайта зўрайиб, унинг ҳолати анча оғирлашди. Мутахассислар онахон хонадонида бўлиб, уни тиббий кўрикдан ўтказгач, беморга вилоят марказида даволаниш учун бепул йўлланма берилди.
Бундан ташқари, тадбир доирасида шу кунларда вилоятдаги қатор тиббиёт муассасаларида пойтахтдан келган малакали шифокорлар бошчилигида кўплаб юқори технологияли жарроҳлик амалиётлари ҳам бажарилмоқда. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиали ҳамда вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида бир қанча оғир беморларда мураккаб операциялар ўтказиляпти.
Балиқчи туманида яшовчи 33 ёшли Гулмира Бобомирзаева шундай беморлардан. Кучли бош оғриғи, бош айланиши, юқори қон босими туфайли унинг кейинги пайтлардаги ҳаётига сира ҳавас қилиб бўлмасди. Шу боис беморнинг отаси, 60 ёшли Насим Маҳмудов ўз жигарбандига бир буйрагини беришга қарор қилди. Бироқ ушбу амалиёт жуда қиммат эканлигидан хабар топгач, ота чорасизликдан нима қилишни, қаердан нажот кутишни билолмай қолди. Ана шундай пайтда Андижонда бошланган соғломлаштириш акцияси Гулмира ва унинг яқинлари жонига ора кирди. Пойтахтдан келган етакчи шифокорлар ва маҳаллий мутахассислар иштирокида отанинг бир буйраги қизига олиб ўтказилди. Тўрт соат давом этган операция муваффақиятли якунланиб, бемор яна ҳаётга қайтди. Ҳозир у ва донор ўзини анча яхши ҳис қилмоқда. Шифокорларнинг айтишича, бемор яқин кунларда яна соғлом ҳаётга қайтади.
Асакалик 39 ёшли Акмал Зокиров учун бу йил анча оғир келди. Жисмоний тарбия ўқитувчиси бўлган фуқаро жорий йил февраль ойида спорт машғулотлари пайтида ҳушидан кетган. Тиббий текширувлардан сўнг эса унда ҳам ўткир буйрак етишмовчилиги аниқланган. Шу кунгача дори-дармон билан даволанган беморда соғломлаштириш акцияси доирасида буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти бажарилди. Донор унинг турмуш ўртоғи бўлиб, 37 ёшли Шоҳида Зокирова бир буйрагини берди.
Бир сўз билан айтганда, Андижонда бўлиб ўтаётган соғломлаштириш акцияси қанчадан қанча беморлар ҳаётига ёруғлик, умидвор қалбларга эса ишонч олиб киряпти.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати
Мавзуга оид
18:53 / 30.07.2024
Мактаб ўқувчилари ва боғча тарбияланувчиларининг тўртдан бир қисмида турли касалликлар аниқланди
11:28 / 22.07.2024
Никоҳланувчилар қандай тиббий кўриклардан ўтиши керак?
17:25 / 20.07.2024
Дунё бўйлаб вабо тарқалиш хавфи жуда юқори баҳоланмоқда
19:59 / 09.07.2024