Урганч тумани, Қипчоқ маҳалласида 4 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Унинг чекка ҳудудида яшовчи одамлар кўп йиллардан буён томорқаларини суғоришда қийналмоқда. Гап сув танқислигида эмас, балки маҳаллага сув келтирувчи ягона ариқ билан боғлиқ муаммода бўлиб турибди.
Бу ҳақда маҳаллада истиқомат қилувчи 58 ёшли Ўктам Мавлонов шундай деди:
«Маҳалламизга Дўстлик каналининг 12-пикетидан сув берилиши керак. Каналдан маҳалламизга келувчи ягона ариққа бошқа маҳалла аҳолиси, баъзи фермерлар насос билан уланиб, сувни тортиб олмоқда. Оқибатда, 700 метрлик ариқнинг охиригача сув етиб бормаяпти. Ваҳоланки, Қипчоқ маҳалласи аҳолисининг 3/4 қисми шу ариқдан фойдаланиши, томорқасини суғориб, деҳқончилик қилиши керак. Насос ўрнатган фермерларда бошқа ариқ қазиш орқали каналга уланиш имконияти бор. Аммо улар маҳалламиз ариғига насос ўрнатиб олган. Оқибатда, ариққа сув келган пайтда томорқаларимизни суғориш имконсиз. 2-3 фермернинг боғи туфайли минглаб одамларнинг томорқасига қирон етяпти. Ерлар қақраб, экинлар қуриб ётибди. Боғларимизда мевалар тўкилиб қоляпти».

Сўнгги йилларда сув танқислиги боис, ҳар бир туманга лимит асосида сув берилмоқда. Аммо ўша лимит доирасида ариқларга сув келганида ҳам, Қипчоқ маҳалласи аҳолиси томорқаларини суғора олмаяпти. Бошқа маҳалла аҳолиси, фермерлар ўрнатган насослар туфайли бу имконсиз.
Бундан ташқари, маҳаллага сув келтирувчи ариқ билан боғлиқ бошқа муаммолар ҳам бор. Улар ҳақида 80 ёшли Ражаббой Сапаров шундай деди:
«15 йилдан буён ариқдан сув мунтазам келмай қолди. Томорқаларимизни сифатсиз ер ости сувлари билан суғоряпмиз. Бундай сув шўр бўлади. Хоразм вилояти шароитида ерларнинг шўрланиш даражаси юқори. Ҳар йили баҳорда далалар, томорқалар камида 2-3 марта бостириб суғорилмаса, шўри ювилмайди. Ер ости сувлари билан буни амалга ошириш имконсиз. Ариқ суви билан суғоришимиз керак, аммо бунинг иложи бўлмаяпти».

Ҳар қандай қишлоқ аҳолиси каби қипчоқликларнинг турмуш тарзи деҳқончилик билан боғлиқ. Одамлар томорқасига экилган сабзавотлар, полиз экинлари, мевали дарахтлар ҳосилидан фойдаланишади, қўшимча даромад олишади. Томорқадаги ўт-ўланлар билан қорамол, қўй, эчки боқишади. Бироқ, сувсизлик билан боғлиқ муаммо туфайли, бунинг имконияти камайиб боряпти.
Маҳалла оқсоқоллари сўзларига кўра, олдин деярли ҳар бир уйда чорва моллари боқилган бўлса, ҳозирда уларнинг сони бармоқ билан санарли даражада оз қолган. Сувсизлик туфайли молларни ем билан таъминлаш имкони бўлмаяпти.

















