Иқтисодиёт | 08:57 / 27.07.2022
14525
3 дақиқада ўқилади

ХВЖ 2022 йилда глобал ЯИМ ўсиши прогнозини 3,2 фоизгача пасайтирди

Халқаро валюта жамғармаси Россия томонидан Украинада бошланган уруш, COVID-19 пандемияси ҳамда АҚШ ва Хитойда иқтисодий ривожланишнинг сустлиги фонида глобал иқтисодий ўсиш бўйича ўз прогнозини пасайтирди.

Фото: Reuters

Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) ҳисоб-китобларига кўра, Хитой ва АҚШ иқтисодиёти ўсишининг сезиларли даражада секинлашиши бутун дунё бўйлаб ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ўсишининг пасайишига олиб келмоқда. Халқаро валюта жамғармаси жорий йил учун глобал иқтисодий ўсиш прогнозини 3,2 фоизгача пасайтирди, бу ҳақда халқаро ташкилот 26 июль, сешанба куни Вашингтонда эълон қилди. Апрель ойида ХВЖ экспертлари жаҳон иқтисодиёти 3,6 фоизга ўсишини кутган эди. Энди эса унинг ривожланиш истиқболлари янада салбий бўлиши мумкин, деб огоҳлантирди ХВЖ.

ХВЖ Германия учун ҳам иқтисодий ўсиш прогнозини сезиларли даражада пасайтирди. Жорий йил учун у Германиянинг иқтисодий ўсиши атиги 1,2 фоизни ташкил этишини кутмоқда - апрель ойида таҳлилчилар 2,1 фоизни башорат қилган эди. Германия учун янгиланган ўсиш прогнози кейинги йил учун ҳам сезиларли даражада ёмонлашди - 1,9 фоиздан 0,8 фоизгача.

«Пандемия таъсиридан заифлашган глобал иқтисодиётга яна бир нечта зарбалар тушди», деб тушунтирди ХВЖ. Аввало, Украинадаги уруш глобал иқтисодий ўсишга таъсир қилди. Россиянинг қўшни давлатга бостириб кириши энергия ва озиқ-овқат нархларининг ошишига олиб келди, бу эса инфляциянинг кўтарилишига туртки берди, дея таъкидлайди экспертлар.

ХВЖ бош иқтисодчиси Пьер-Оливье Гуриншанинг сўзларига кўра, апрель ойида ХВЖ огоҳлантирган кўплаб хатарлар амалга ошди. Яқинда дунё «глобал таназзул ёқасига келиб қолиши мумкин - охиргисидан атиги икки йил ўтиб», дея огоҳлантирди у.

Жаҳон ЯИМ ўсиши прогнозининг ёмонлашуви учта йирик иқтисодиёт – АҚШ, Хитой ва Евроҳудуддаги секинлашувни акс эттиради. Бу жаҳон иқтисодиёти учун «жиддий оқибатларга» олиб келади, деди эксперт.

ХВЖнинг келгуси йил учун прогнози ҳам жуда ёмонлашган: ташкилот таҳлилчилари 2023 йил учун глобал ЯИМ ўсиши бўйича ўз тахминларини 0,7 пунктга 2,9 фоизга қисқартирди. Асосий сабаб юқори инфляциядир. Ташкилот Россия газини етказиб бериш бутунлай тўхтатилса, инфляция янада ошиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Инфляцияга қарши кураш «кутилганидан ҳам кўпроқ» нарсани талаб қилиши мумкин, дея огоҳлантирди ХВЖ. Рецессия хавфи кейинги йил учун айниқса юқори. Хусусан, бутун дунё бўйлаб асосий фоиз ставкаларининг кўтарилиши туфайли юқори қарзга эга бўлган мамлакатлар янада оғир вазиятга тушиб қолади.

Мавзуга оид