Профессорга кўра, дунёда фақат Собиқ Совет давлатларининг айримларидагина сақланиб қолаётган орган – Олий аттестация комиссияси бугун таълим ривожига эмас, унинг ортга кетишига хизмат қилмоқда.
“Жанубий Корея ёки ён қўшнимиз Қозоғистонда ўрта махсус, тест маркази, олий таълим ва таълим инспекцияларини бирлаштирган ягона вазирлик бор.
Таълим тизимида ягона вазирлик мисолини Финландия, Франция ёки Америка Қўшма Штатларида ҳам кўришимиз мумкин.
Ўйлашимча, Олий аттестация комиссиясини Олий таълим вазирлиги билан интеграция қилиш керак. Умуман, вазирлик атрофидаги барча ташкилот ва инспекцияларни вазирлик билан интеграция қилиш керак.
Бу ташкилотларнинг алоҳида-алоҳида бўлиши қўшимча энергия, ресурс сарфланиши ва ташкилотлар ўртасидаги келишмовчиликлар ёки бюрократияга сабаб бўлади.
Ҳозир рақамли дунёда яшаяпмиз. Лекин бизда айрим масалалар бўйича қарор олиш учун баъзан ойлаб кутиш керак. Шундай экан, мен айтган ташкилотларнинг барчаси Олий таълим вазирлиги қошидаги департаментга айланиши керак.
Масалан, мен бундан уч йиллар аввал Олий аттестация комиссиясининг Болония жараёни ҳақидаги тушунчалари ҳақида мақола ёзгандим.
Болония жараёни — Европа мамлакатлари орасида олий таълимни уйғунлаштириш жараёнидир. Бу тушуниш осон бўлган ва ўхшаш даражалар (малакалар) тизимини яратишни, таълимнинг кредит тизимига ўтишни, таълимнинг сифатини таъминлашда эркин академик ҳаракатланишни ва Европадаги таълим ҳамкорлигини ўз ичига олади. Қисқа қилиб айтганда, бу Европа мамлакатларининг олий таълим тизимларини уйғунлаштириш, ҳар бир киши учун тенг равишда таълимни таъминлаш, интеллектуал, маданий, ижтимоий, илмий ва технологик салоҳиятни шакллантириш ва мустаҳкамлаш, таълим сифатини такомиллаштириш жараёнидир. – Таҳр.
Тасаввур қилинг, Болония жараёни тизимига Марказий Осиёда Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва ҳатто қўшнимиз Афғонистон ҳам кирган.
Бу жараён ягона Европа таълим ҳудудини англатади. Уни илк бор 1999 йилда 22та давлат имзолаган бўлса, ҳозир тизимга дунёнинг 47 давлати аъзо ҳисобланади”, – деди Акбаров.
Профессор интервью давомида дунёда моқобили йўқ ва фақат МДҲнинг саноқли давлатларидагина сақланиб қолаётган фан доктори илмий даражаси (doctor of science)ни тугатиш таклифини ҳам билдирди.
















